21 апрелда куни “Халқлар дўстлиги” саройида “Мавсум хитлари” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Йил давомида қайси хонандаларнинг қўшиқлари хит даражасига етди? Кимлар махсус соврин билан мукофотланди? “Дарё” мухбири 15 га яқин хонанда жам бўлган концертдан репортаж тайёрлади.
Уч эркак хонанда энг яхши хитлар учун тақдирланди

Концертда илк тақдирланувчилар Отабек Муҳаммадзоҳид, Ғайбулла Турсунов ва Жамбул Муҳаммедов бўлди. Ғолибларга исмлари ёзилган махсус статуэтка ва совғаларни шоир Бобур Бобомурод топширди. Ҳар бир ижодкор тақдирланишдан сўнг ўзларининг энг хит тароналари билан мухлисларни хушнуд қилди.
“Ёр” воқеалари Ғайбулла Турсуновнинг ҳаётими?

— “Жанона” қўшиғимнинг кўришлари сони бошқа клипларимга қараганда кўпроқ бўлгани учун мукофот айнан шу таронам учун берилса керак, деб ўйлаяпман. Аммо ўзим “Ёр” учун олишни хоҳлардим. Сабаби қўшиқ сўзлари менга яқин, ўзимнинг ҳаётимдан олинган десам ҳам бўлади. Уйланмасимдан аввал ёр қидирган пайтларимга кўпроқ мос келади, деганди Ғайбулла Турсунов мукофот олмасидан аввал.
Отабек Муҳаммадзоҳид мукофотни олгандан кейинги ҳис-туйғулари билан бўлишди. У ҳозир трендга айланган бир қўшиқ эътиборини тортганини таъкидлади.

— Мен учун фақат “Сендақаси йўқ” эмас, ҳар бир қўшиғим қадрли, фарзандимдек гап. Аллоҳнинг хоҳиши билан мухлисларга шу қўшиқ ёқибди, бу ҳам бир инъом, шукр. Қалбимизда, ақлимизда тайёр бўлган бир қанча қўшиқлар бор. Фақат энди уларни рўёбга чиқариб, мусиқасини басталаб, тақдим этсак, шунда амалга ошган бўлади.
Ҳисоб бўйича 11 йил аввал — 2014 йилда шу саҳнада концерт қўйгандим. Шу йилнинг 3-4 июнь кунлари яккахон концертим режалаштирилган. Мен шов-шувларга унча қизиқмайман. Чиптани кассага чиқардик, рекламани бердик. Мухлисларим агар келса, бош устига. Битта мухлис келса, зал тўлса ҳам биз учун келган бўлади.
Шов-шув, ялтироқ декорациялар, қизиқчилар, ҳатто бошловчи ҳам йўқ. Мақсад — қўшиқ куйлаш. Раққосаларни ўйлаб кўрамиз. Мен ўзимни синамоқчиман, икки соат тинмай куйлашга овозим ярайдими-йўқми, синамоқчиман.
Мен учун мавсум хити Машҳур Муҳаммаднинг “Сиқилма” қўшиғи бўлди, дейди хонанда.
Ижодий ҳамкорликдан саҳнадаги соврингача

Ижоддаги ҳамкорлик ва дуэтлар хоразмлик ёш хонанда Севинч Исмоилова ва қорақалпоғистонлик Алишер Байниязовни бирлаштиради. Икки ижодкор илк совринларини ҳам биргаликда қўлга киритишди — улар саҳнага бир вақтнинг ўзида чақириб, совғалар билан сийланди. Улар Маҳмуд Намозовнинг қўлидан мукофотни қабул қилиб олди.
Севинч учинчи концертини қачон беради?

— Биз Алишер билан бундай тақдирлаш маросимида илк бор мукофот оляпмиз. Жуда ҳаяжондаман. Яқинда премералар ва янги дуэтлар бўлади. Келаси йилги концертим учун ҳам тайёргарликни бошлаб юборганмиз. Дуэтдошларимдан бири Алишер Байниязов, дейди Севинч Исмоилова.
Жалолиддин Аҳмадалиев қайси қўшиқ учун мукофот олди?

“Етмасмиди”, “Жаноним”, “Кетаверинг, ялинмайман” қўшиқлари билан танилган фарғоналик хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев ҳам “Мавсум хитлари” совринига сазовор бўлди. Хонанда саҳнада рақсбоп қўшиқлари билан зални “оёққа турғазди”.
Хонанда нега тўйбоп қўшиқларга ўтди?

— “Куйдирги” қўшиғимга халқ баҳо берди — шу таронам хит бўлди. Очиғини айтишим керак, сўнгги пайтларда сокин тароналардан шўхроқ қўшиқларга ўтаётганим сабаби — тўйлар. Оғир қўшиқларим кўпроқ эди, энди янаям кайфиятли ижод маҳсулларим одамлар маъқул келяпти.
Озода опа, Ҳамдам Собиров, Дилноз, Севинч Исмоилова ва Алишернинг қўшиқлари яхши. Мен ҳаммасини эшитаман, дейди Жалолиддин Аҳмадалиев.
Шоҳруҳхоннинг галдаги мукофоти

Ижодда-ю имижда ноодатий йўналиши билан ҳамкасбларидан ажралиб турувчи Шоҳруҳхоннинг қўшиқлари доим хит бўлиб келган. У бу сафарги тақдирлашдан ҳам қуруқ қайтмайдиган бўлди. Устоз санъаткор Маҳмуд Намозов унга галдаги статуэткани топширди.
Хўш, хонанда Шоҳруҳхон мукофотларини санайдими?

— Мукофотларимни санамаганман, ҳар йили турли совринлар билан хурсанд қилиб, кичик ижодимни катта баҳолашади. Менимча, яқинда клипи билан премера бўлган “Безори” таронамга берилди деб ўйлайман. Бу клип билан биз наркоманияга, ёмонликка, зўравонликка қаршимиз деган фикрни бердик.
Муҳаммадзоҳид дуэт куйлаш таклифини бериб қолди, насиб бўлса меҳр-муҳаббат ҳақида янги дуэт чиқарамиз, деди Шоҳруҳхон.
Дилноз илк мукофоти қўлга киритди

Хит қўшиқлар кетини узмаётган хонандалардан яна бири гўзал Дилноз Ҳакимова. У бир неча йиллик ижоди давомида илк бор мукофотга лойиқ кўрилди. Дилноз мукофот хонанданинг ҳаётида қанчалик ўрин эгаллаши ҳақида ўз фикрлари билан бўлишди.
Хонанданинг ижод қилишдан мақсади ижодми ёки мукофот?

— Менинг барча қўшиғим ўзимга яқин. Мухлисларим ҳам ҳар бир таронамни хит қилиб юборишади. “Шу қўшиғим учун мукофот берилсин” деган хаёл ҳеч қачон келмаган. Фақат бир нарса — хит бўлсин, бир сўзини айтсам одамлар қўшилиб куйласин” деган мақсад бўлган.
Менга ёққан хит қўшиқ Отабек Муҳаммадзоҳиднинг “Сендақаси йўқ” қўшиғи бўлди. Шахсан ўзим учун мукофот биринчи ўринда эмас, дейди шўх-шаддод Дилноз Ҳакимова.
Яна учта хитмейкер хонанда галдаги совринларини қабул қилиб олди

Маросимида Озода Нурсаидова, Ҳамдам Собиров, Жасмин ҳам тақдирланди. Аммо хонандалар ютуқни олгандан кейинги ҳиссиётлари бўлишишни истамади.

Озода Нурсаидовага устоз санъаткор Мансур Тошматов махсус мукофот ва совғаларни топширди.

Тақдирланувчилар орасида Муниса Ризаева ва Райҳон ҳам бор эди. Бироқ икки ёрқин ижодкор ҳам тақдирлаш маросимига ташриф буюрмади. Статуэткалар эса ўз эгаларига юборилишига ишонамиз.
Тўлиқ репортажни Дарё Lifestyle YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)