Матбуотда хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақидаги хабарларга бот-бот дуч келамиз. Бу каби ҳолатлар, аввало, жиноят содир этган инсоннинг ўзига, қолаверса, унинг оиласи, ота-онаси, фарзандлари тақдирига ҳам таъсир қилиши мумкин. Табиийки, бунинг мамлакат имижига ҳам таъсири бўлади. Хўш, хорижда меҳнат қилаётган муҳожирлар нима сабабдан жиноятга қўл урмоқда?
Журналист Жаҳонгир Остонов қаламига мансуб қуйидаги мақолада шулар ҳақида ҳикоя қилинади. Мақолада асосий эътибор Россияда меҳнат қилаётган мигрантлар ўртасидаги жиноятчиликка қаратилган. Зеро, энг кўп ўзбекистонлик айнан шу давлатда меҳнат қилади.
Озроқ статистика
Айнан ўзбекистонликлар иштирокидаги статистикани топишнинг иложи бўлмагани боис диққатимизни МДҲ давлатларидан борган мигрантлар иштирокидаги умумий статистикага қаратдик. Россия ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда мигрантлар иштирокидаги жиноятлар охирги беш йилда рекорд даражага етган. 2021 йилга нисбатан ўтган йил 10 фоизга юқори бўлган. 2022 йил январь ноябрь оралиғида мигрантлар иштирокида 37 мингта турли даражадаги жиноят содир этилгани маълум қилинган. Шундан 30 мингдан ошиқ ҳолат МДҲ давлатлари фуқаролари ҳиссасига тўғри келишини кўриш мумкин. Бу эса ушбу давлат фуқароларининг Россияда кўплиги билан изоҳланади. Яна қизиқ жиҳат шуки, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 15,2 фоизга ошган. Фақат пандемия даврида пасайиш ҳоллари ҳам кузатилганини кўриш мумкин. Буни эса мигрантларнинг ишсиз қолгани ва карантин тадбирлари билан боғлаш мумкин.
Охирги беш йилдаги статистикадан маълум бўладики, Россияда мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2021 йилгача пасайган. Айнан 2021- йилдан бошлаб ўсиш бошланган.
2018 йилдан олдинги йиллардаги статистикага қарасак, ОАВда эълон қилинган материаллардан англашиладики, Россияда Марказий Осиёнинг уч давлати – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан борган меҳнат мигрантлари ўртасидаги жиноятчилик юқори бўлган. Масалан, 2015 йили Москва шаҳрида содир этилган қонунбузарликларда ўзбекистонликлар етакчилик қилган. Ўша йили 2522та ҳолатда ўзбекистонликлар, 1745та ҳолатда тожикистонликлар ва 1269та ҳолатда қирғизистонликлар жиноятга қўл урган.
Россия жазони ўташ федерал хизматининг Fergana.ru нашрига берган маълумотларига кўра, 2019 йилда 14 минг нафар марказий осиёлик мигрант жазони ўташ муассасаларида жазони ўтаётган бўлган. Ўша пайтда бутун Россиядаги жазо муассасаларида 540 657 нафар маҳбус жазони ўтаётган бўлган ва марказий осиёликларнинг ҳиссаси 2,6 фоизни ташкил қилган.
Статистикага муносабат
Матбуотда мигрантлар ўртасида жиноятчилик ва қонунбузарлик ҳолатлари ортаётгани ҳақида кўп ёзилганига қарамасдан, бунга қўшилмайдиганлар ҳам бор. Жумладан, Россия мигрантлар федерасияси президенти Вадим Коженов ҳамда Россия ИИВ жамоатчилик кенгаши аъзоси, миграсия масалалари бўйича эксперт Владимир Волохнинг фикрича, мигрантлар ўртасидаги жиноятчилик ортаётгани йўқ. Тартибсизликлар ва жиноятлар ҳам тез-тез содир бўлмайди. Шунчаки, ОАВ Марказий Осиёдан келганларга кўпроқ эътибор қаратишни хоҳлайди. Буни Коженев қуйидагича асослайди:
"Жамиятда ҳаёт қанчалик қийинлашиб бораверса, "ташқи душман" шунчалик кўпайиб бораверади. ОАВда мигрантларни мўлжалга олиш тенденцияси кучайган".
Шунингдек, Коженев Россияда қамоқда ўтирган ҳар битта мигрантга 19 нафар россиялик тўғри келишини қўшимча қилади.
Владимир Волохнинг таъкидлашича, 2021 йилда Россияда 2,5 миллиондан ортиқ жиноятчилик ҳолати кузатилган. Булардан 60-65 фоизи фош этилган бўлса, шулар ичида 30-35мингта жиноят мигрантлар ҳисобига тўғри келган. Демак, Россиядаги жиноятчилик улушининг атиги 2 фоизи хорижликлар ҳиссасига тўғри келади.
Қандай жиноятлар?
2018 йилги статистикага қарайдиган бўлсак, ўша йили 28 мингга яқин хорижлик жазо ўтаган бўлса, уларнинг аксарияти Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон давлатлари фуқаролари бўлган. Жазони ўтаганларнинг 90 фоизи асосан оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган. Уларнинг 39 фоизини ноқонуний наркотик олди-бердиси, 12 фоизини қотиллик, 11 фоизини талончилик, 8 фоизини қасддан танага оғир шикаст етказиш, 6 фоизини зўрлаш, 5 фоизини ўғрилик жинояти ташкил этади.
Мигрантларга бепул хизмат кўрсатувчи юрист Валентина Чупикнинг Fergana.ru нашрига берган маълумотига кўра, унинг идорасига келиб тушадиган ишлар асосан наркотик савдоси ва ўғрилик билан боғлиқ. Оғир турдаги жиноятларни содир этганлар орасида марказий осиёликлар жуда камчиликни ташкил қилади.
Россия мигрантлар федерасияси президенти Коженев ҳам жиноятлар орасида наркотик савдоси билан ноқонуний шуғулланиш юқори эканини таъкидлайди. Унинг айтишича, бундай жиноят билан кўпроқ ўзбекистонлик мигрантлар шуғулланади. Коженев яна жиноятларнинг асосий қисми юқори интеллект талаб қилмайдиган маиший безорилик, талончилик, ўғрилик кабилар кўплигини ҳам таъкидлайди. Қандайдир тизимли, уюшган фирибгарлик ҳолатлари ёки молиявий пирамидалар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Sputnik-Ўзбекистон нашрининг 2022 йилги маълумотлари ҳам жиноятларнинг 80 фоизи ноқонуний наркотик савдоси билан боғлиқ эканини кўрсатиб турибди.
Аммо бу фикрга қўшилмайдиган экспертлар ҳам бор. Эксперт Алексей Живов ўзининг “Россия и мигрант” мақоласида, жиноятларнинг фақат маиший эканига қўшилмаслигини ёзади. Унинг фикрича, марказий осиёлик мигрантлар орасида маиший жиноятлар билан бир қаторда диний ва этник тусдаги жиноятлар ҳам юқори. Шунингдек, эксперт мигрантлар содир этган жиноятларни Россия фуқаролари билан солиштиришни хато деб ҳисоблайди.
Россияда жиноят содир этган мигрантларнинг жазони қаерда ўташи борасида тўхталадиган бўлсак, тўрт йилдан ортиқ жазо бериладиган жиноятларда мигрантлар ўз юртига қайтариб юборилмайди. Яъни, улар жазони Россияда ўтайди. Ундан кам ёки енгил турдаги жиноятларда экстрадисия қилинади. Жазони ўтаб чиққач эса, агарда Россияда оиласи бўлмаса, юртига депортация қилинади.
Сабаблар
Мигрантлар ўртасидаги қонунбузарлик ва жиноятлар турли сабабларга кўра юз бермоқда. Бунда мотивлар жиноят ва қонунбузарлик турига қараб ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, наркотрафик билан боғлиқ жиноятларда пул мотиви асосий ўринни эгалласа, жинсий зўравонликда мигрантларнинг жинсий шаҳватини қондиришга бўлган талаб сабаб бўлиши мумкин. Бу борада батафсил маълумот учун мутахассислар фикрини тинглаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Жумладан, Россияда фаолият олиб борадиган мигрантлар муаммолари билан шуғулланадиган юрист Баҳром Исмоилов Sputnik нашрига берган интервьюсида мигрантлар билан боғлиқ жиноятчиликнинг олдини олиш учун биринчи навбатда россияликларнинг ўзини ҳуқуқий жавобгарликка тортиш керак бўлади, деган фикрни билдирди.
Хусусан, яшаш жойини ижарага бериш ва мигрантларни ишга жойлаштириш масаласида. Унинг қўшимча қилишича, бундай ҳолатлар ҳар қандай жамиятда юз бериши мумкин ва бу ирқ ёки миллат танламайди.
Ташқи меҳнат миграсияси агентлиги мутахассиси Ортиқхўжа Норовнинг фикрича, мигрантлар ишлаб турган жойларида бир қатор муаммоларга дуч келмоқда ва бу уларни қонунбузарлик қилишга ундамоқда.
“Мурожаатлардан маълум бўлмоқдаки, норасмий курерлик хизматларида наркотик ёки тақиқланган моддалар солинган буюртмаларни етказиб бериш (закладка) таклиф қилинмоқда ва бунинг оқибатида полиция ходимлари томонидан улар ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда", - дейди эксперт.
Шунингдек, у ўзбекистонлик мигрантларнинг Ўзбекистон қонунлари бўйича жиноят ҳисобланган бошқа давлат ҳудудида уруш ҳаракатларига жалб қилинаётганига ҳам эътибор қаратди. Қуйида экспертнинг фикрларини овозли шаклда тинглашингиз мумкин.
Яна бир эксперт, узоқ йиллар Россияда мигрантларга юридик хизматлар кўрсатиб келган юрист Ботиржон Шермуҳаммад эса мигрантларнинг жинсий жиноятларда айбланаётганига эътибор қаратди. Унинг фикрларини қуйида тинглашингиз мумкин:
Катта резонансли ҳолатлар
Юқорида тилга олганларимиз асосан медиада бир-икки марта чиқадиган ёки умуман чиқмайдиган ҳолатлар бўлиши мумкин. Умуман, унчалик ката резонансли ҳолатлар эмас. Лекин айнан ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида юз берган ва катта резонанс келтириб чиқарган бир нечта ҳолатни санаб ўтишни ҳам мақсадга мувофиқ деб билдик. Булар Москвада ўзи қараб келаётган боланинг бошини узиб, уни қопда солиб юрган аёл, Швецияда террористик ҳаракатни содир этган Раҳмат Оқилов, АҚШда террористик ҳаракатини содир этган Сайфулло Соипов ҳамда Туркиянинг Истанбул шаҳридаги тунги клубда террористик ҳаракат содир этган Абдуқодир Машариповлар.
Айтиш мумкинки, бу ҳолатлар ўз вақтида жамоатчилик ва бутун дунё бўйлаб резонанслар келтириб чиқарди. Ҳозирда уч нафар террорист ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва улар жазо муддатини ўтамоқда. Энага аёл эса тиббий текширувлардан кейин руҳий носоғлом деб топилган.
Хулоса ўрнида
Умуман, бундай ҳолатлар қаерда содир этилишидан қатъи назар, мамлакат имижига салбий таъсир қилади. Ўзбекистонни хорижда террорист етказиб берувчи давлат сифатида кўришларига ҳам сабаб бўлган айрим ҳолатларда.
Бундай жиноят ва қонунбузарликларнинг олдини олиш учун ҳукумат даражасида чоралар кўрилиши керак. Энг аввало, мамлакат ичида аҳолини иш ва етарли маош билан таъминлашни йўлга қўйиш лозим. Хорижга ишга кетаётганларга етарли ҳуқуқий ва касбий кўникмаларни берадиган марказларни кўпайтириш зарур.
Учинчидан, Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик ва элчихоналари хорижда ишлаётган фуқаролар ҳақида маълумотларга эга бўлиши ва турли муаммоли вазиятлар юзага келганда, уларга ёрдам бериш чораларини кўриши керак.
Жаҳонгир Остонов
Изоҳ (0)