Бишкекда қирғиз-тожик чегарасини делимитация қилиш тўғрисидаги ҳужжат Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов томонидан имзоланди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 970 километрдан ортиқни ташкил этади.
Бишкекдаги Ала-Арча давлат қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда бир қатор ҳужжатлар — Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома ва ҳукуматлар ўртасида энергия объектлари ва сув ресурслари бўйича келишув, шунингдек, чорраҳалардаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва янги йўлларни қуриш тўғрисидаги битим тайёрланган.
Ятимов чегараларни делимитация ва демаркация қилиш тўғрисидаги парафирланган шартнома энг муҳим тарихий ҳужжат эканлигини таъкидлади.
Жуда мураккаб иш мантиқий якунига етказилди. Келишув амалга ошса, икки қардош республика ўртасидаги чегара муаммоси бўйича юз йиллик баҳсга нуқта қўйилади. Бу тарихий ҳужжатлар халқларимиз манфаатига хизмат қилади, деди у.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров аввалроқ қўшни Тожикистон билан чегара масаласи яқин 1-2 йил ичида ҳал бўлишини айтган эди.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, чегара масаласи деярли ҳал қилинган. Ҳозирда ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича икки томонлама ишлар олиб борилмоқда.
Чегара масаласи кимнинг фойдасига ҳал қилинди?
Садир Жапаров икки мамлакат ўртасидаги чегара низоларини ҳал қилишда фақат бир томон манфаатлари инобатга олинмаслигини айтди.
“Қарор фақат иккала томон манфаатлари ҳисобга олинган тақдирдагина қабул қилинади. Чегараларимиз узунлиги минг километрга яқин. Кўпгина участкаларда баҳсли ҳудудлар мавжуд эди. Баъзи ҳолларда бу майдонлар тенг тақсимланган. Бундан ташқари, бизда шахмат тахтасидек жойлашган, аралаш уйлардан иборат чегарадош қишлоқлар бор. Бу масалани ҳам ҳал этдик. Акс ҳолда чегарани қўриқлаш ҳар икки томон учун катта ноқулайликлар келтириб чиқарган бўларди.
Агар бизнинг томонимизда Тожикистон фуқароларига тегишли уйлар бўлса, Тожикистон томони уларни кўчиради. Агар уйларимиз уларнинг томонида бўлса, фуқароларимизни кўчирамиз. Уларга бошқа жойда уйлар қуриб берамиз, бунда ер майдонларининг ўлчамлари инобатга олинади. Шундай қилиб, масалалар ҳар бир метр ерни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилинган. Демаркация ишлари бошланганидан сўнг тўлиқ маълумот тақдим этилади”, деди сиёсатчи.
Икки давлат ўртасидаги чегара масаласи
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги умумий чегарани белгилаш бўйича музокаралар 2002 йилда бошланган. 2022 йилгача улар мунтазам бўлмаган ва узоқ танаффуслар билан ўтказилган. Ўша пайтда чегаранинг 972 километр умумий узунлигидан томонлар атиги 50 фоиздан сал кўпроғини аниқлай олганди.
Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги кўплаб баҳсли ҳудудлар туфайли маҳаллий аҳоли ўртасида сув, ер, йўллар ва яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича тез-тез низолар келиб чиққан. Сўнгги йилларда бу можароларга ҳарбийлар ҳам аралаша бошлаган эди.
2021 йил апрель май ва 2022 йил сентябрь ойларида чегарада икки давлат ҳарбийлари иштирокида кенг кўламли қуролли тўқнашувлар юз берди, оқибатда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. 2021 йил май ойидан бошлаб Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара Қирғизистон томонининг қарорига кўра ёпиб қўйилди.
Сўнгги йирик можаро томонларни музокаралар жараёнини тезлаштиришга мажбур қилди. 2022 йил кузидан бугунги кунга қадар икки давлат ўртасидаги чегарани делимитация қилиш масалалари бўйича ўнлаб учрашувлар ўтказилди. Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, ишчи гуруҳларнинг йиғилишлари навбатма-навбат Тожикистон ва Қирғизистонда ўтказилди, бироқ бу учрашувларнинг тафсилотлари ошкор этилмади.
2024 йил декабрь ойида давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари ҳамраислари, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймумин Ятимов ва қирғизистонлик ҳамкасби Қамчибек Ташиев икки давлат чегарасининг қолган қисмларини тавсифлаш тўлиқ якунланганини айтди.
Изоҳ (0)