2024 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Россияда Марказий Осиё давлатларининг 3,985 миллион фуқароси бор. Бу ҳақда “Коммерсант” нашри Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига таяниб хабар берди.
Россияга келаётган хорижликлар сони бўйича Ўзбекистон етакчи (1,792 миллион кишидан ортиқ). Иккинчи ўринда Тожикистон (1,231 миллиондан ортиқ), учинчи ўринда Қозоғистон (606,9 минг), кейинги ўринларда эса Қирғизистон (262,8 минг) ва Туркманистон (92 минг киши) туради.
"Айни пайтда мамлакатимизда 6 миллион 174 минг нафар чет эл фуқаролари бор. Россиядаги фуқаролар сони бўйича биринчи ўнталикка Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой ва Туркманистон киради. Жами олганда, мазкур давлатларнинг 5,5 миллион фуқароси Россияда бўлиб турибди”, деди Ички ишлар вазирлигида миграция сиёсатини назорат қилувчи вазирнинг биринчи ўринбосари, полиция генерал-полковниги Александр Горовой “Коммерсант”га берган интервьюсида.
2023 йилда Россия омбудсмани Татьяна Москалкова маълумотларига кўра, МДҲга аъзо давлатлардан 9 миллион 973 минг 338 нафар фуқаро Россияга кирган, улардан 8 миллион 507 минг 906 нафари миграция рўйхатидан ўтган.
Горовойнинг таъкидлашича, мамлакатдаги хорижликлар сони ҳар куни Россия ФСБ Чегара хизматидан Ички ишлар вазирлигига келиб тушадиган маълумотлар асосида ҳисобланади.
2024 йил бошидан буён Россияга 7,5 миллионга яқин чет эл фуқаролари кирган, шунингдек, 6,8 миллиони чиқиб кетган.
Изоҳ (0)