Бухоро вилоятидаги Мурувват болалар учун интернат уйи болаларни иссиқ овқат билан таъминлаш хизматини кўрсатиш бўйича бошланғич нархи 300 миллион сўм бўлган тендер ўтказди. “Дарё” мухбири лот маълумотларини кўздан кечириш жараёнида шубҳали ҳолатларга дуч келди.
Рақобатчилар бегона эмас
Танловда икки МЧЖ — “Ошхоналар трести” ҳамда “Ислам ибош мега строй” иштирок этган. Ўрганишлар давомида ушбу корхоналар бевосита алоқадор экани маълум бўлди.
Танловда ғолиб чиққан корхона — “Ошхоналар трести” МЧЖнинг асосий улушдори ва раҳбари Баймурадов Шерзод Якубович. У бир вақтнинг ўзида “Ислам ибош мега строй” МЧЖнинг ҳам 50 фоизига эгалик қилади. Ушбу корхонанинг ҳамтаъсисчиси ва раҳбари — Боқиев Беҳруз Шуҳратович.
Танловнинг яна бир иштирокчиси “Ислам ибош мега строй” МЧЖ (ўз номини бир неча йил олдин “Bukhara голден груп инвест” МЧЖга ўзгартирган). Корхона овқат билан таъминлашга эмас, яшаш учун мўлжалланмаган биноларни қуришга ихтисослашган. Корхона таъсисчиси ва раҳбари — Боқиев Лазизбек Шуҳратович.
Яъни, тендерда ғалаба қозонган корхона раҳбари Шерзод Боймуродов унга рақобат қилган корхона раҳбари Беҳруз Боқиевнинг ё акаси, ёки укаси Лазизбек Боқиевга тегишли корхона акциядори.
5 балл ўрнига 20 балл
Шубҳали ҳолатлардан яна бири — харид комиссияси иштирокчиларни баҳолашда техник топшириқ мезонларига амал қилмаган. Мисол учун, корхонанинг солиқлардан қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлар 5 баллдан баҳоланиши лозим бўлса-да, иштирокчиларга 20 баллдан берилган.
Шунингдек, иштирокчилар бошланғич нарх билан тенг миқдорда таклиф беришган бўлса-да, харид комиссияси аъзолари уларни юқори баҳолаган.
Раис бехабар
“Дарё” мухбири харид комиссияси раиси Дилмурод Ходжиев билан боғланди. У ўтказилган ушбу тендердан хабари йўқлиги ва ҳужжатни ўзи имзоламаганини билдирди. Агар бу рост бўлса, раиснинг хабари бўлмаган, ушбу харидни ким ўтказган, овоз берган ва имзолаган?
Масъуллар ушбу масалага ҳам эътибор қаратади, деб умид қиламиз.
“Дарё” шубҳали тендерларни кузатишда давом этади.
Изоҳ (0)