Тошкент шаҳрида трамвай линиясини қуриш лойиҳаси бўйича техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилади. Бу ҳақда 2025 йил учун давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.
Янги автобуслар
Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 та электробуслар ҳамда улар учун қувватлаш ускуналари олиб келинади.
Нукус, Самарқанд ва Наманган шаҳарлари жамоат транспорти учун жами 350 та электробуслар ва ҳамда улар учун қувватлаш ускуналари харид қилиш лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади.
“Урганч-Хива” йўналишига янги 10 та троллейбуслар харид қилинади. Ҳудудларда жамоат транспорти учун янги жами 700 та автобус харид қилинади.
Темирйўл тизими
“Ўзбекистон темир йўллари” таркибидаги юк вагонлар паркини янгилаш мақсадида 1200 та янги юк вагонлари ишлаб чиқарилади.
“Ўзбекистон темир йўллари” тизимида темир йўл чипталарини мобил илова ва электрон тўлов тизимлари орқали сотиш ривожлантирилиб, онлайн электрон тизим орқали сотиш ҳажми 85 фоизга етказилади.
Жамоат транспорти
Жамоат транспортининг 50 та янги йўналишлар тармоғи ташкил этилади. Жамоат транспортида электрон тўловлар жозибадорлиги оширилади ва электрон тўловлар улуши ўртача 30 фоизга етказилади. 743 та оралиқ бекатлари қурилади ва реконструкция қилиш ишлари ташкиллаштирилади.
Автобуслар ҳаракатига устуворлик бериш мақсадида ҳудудларда жамоат транспорти учун алоҳида автобус йўлаклари 150 км га етказилади. Тошкент шаҳридаги автобус йўналишларидаги мавжуд бекатлар рўйхати шакллантирилади.
Тошкент шаҳри автобус йўналишларининг бекатлари нақд пулларни қабул қилувчи бир марталик электрон чипта сотишнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган инфокиосклар билан жиҳозланади.
Брутто-шартнома асосида ташкил этилган йўналишлардаги барча автобуслар QR чипталарни қабул қилувчи QR reader қурилмалари билан жиҳозланади.
Ҳудудларда 16 та автовокзал ва автостанциялар қурилади ва реконструкция қилинади. Бундан ташқари, халқаро автобус йўналишлар сони 36 тадан 40 тага етказилади.
Ўзбекистонда автобусларда нақд пулдан воз кечиб, электрон тўлов тизимига ўтиш
Ўзбекистонда автобусларда йўл ҳақи учун нақд пулдан воз кечиб, тўлиқ электрон тўлов тизимига ўтилиши ҳақида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов октябрь ойида журналистлар билан суҳбатда маълум қилганди.
“Бекатларга нақд пулга билет ёки QR код сотиб олиш имконияти яратилади. Аксарият бекатларга инфокиосклар ўрнатилади. Ҳозир бу тажриба Тошкент шаҳрида синовдан ўтказиляпти. Барча автобусларга шу QR кодларни ўқий оладиган девайслар ўрнатилади. Улар ўрнатилгач, табиийки кондукторлар ишламайди. Сабаби нақд пулни йиғиш эҳтиёжи қолмайди”, деган эди вазир.
2025 йил 1 январдан пойтахт жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф — 3 000 сўм этиб белгиланди. Бунда тўлов электрон тўлов тизими (транспорт ёки банк картаси) орқали амалга оширилганда ҳозиргидек ўзгаришсиз қолади — 1 700 сўм.
Нақд пул орқали автобусларда ҳаракатланиш учун Тошкент шаҳридаги бекатларда ва улар яқинида ўрнатилган барча тўлов қурилмалари, яъни Paynet, МултиПай ва Осон инфокиоскалари орқали бир марталик чипта харид қилиш керак бўлади.
Тошкентга қайтиши кутилаётган трамвай
2016 йилнинг 2 май куни Тошкентда ҳаракатланаётган сўнгги трамвай йўналиши — “Бешқайрағоч” даҳаси ва Ипподром ўртасида қатновчи 17-йўналиш ёпилган ва шу тариқа Тошкент трамвайининг 115 йиллик тарихига нуқта қўйилганди.
Шавкат Мирзиёев 2022 йил 19 январь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишганди. “Менимча” кўрсатувида транспорт вазирининг тақдимоти президентга маъқул бўлмагани ҳақида сўз борган. Айнан ушбу кўрсатувда тележурналист Хайрулла Нуриддинов Тошкентга трамвай қатновини қайтариш тарафдори эканини айтиб ўтган эди.
Шунингдек, президент 10 февраль куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида фуқаролар мурожаати сабаб трамвайни Тошкентга қайтаришни айтиб ўтди. “Трамвайни Тошкентга ҳам қайтармоқчимиз. Фуқаролардан бу борада кўплаб хатлар ва мурожаатлар келяпти”, — деган эди президент.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов 16 февраль куни пойтахт ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Навоий кўчасида трамвай бўлмаслигини айтган эди. Транспорт бошқарма бошлиғи Анвар Жўраев эса трамвай бўйича таклифлар борлигини билдирганди.
Изоҳ (0)