Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан тунги иқтисодиёт бўйича Буюк Британия, Таиланд, АҚШ, БАА ва Австралия тажрибаси ва ушбу йўналишни Ўзбекистонда янада ривожлантириш истиқболлари ўрганилди.
2023 йилги маълумотларга кўра, Лондонда тунги иқтисодиётдан йиллик тушумлар миқдори — 44 млрд доллар, Бангкокда — 10 млрд доллар, Нью Йоркда — 35 млрд доллар, Дубайда — 29 млрд доллар ҳамда Сиднейда — 3,8 млрд долларни ташкил этган.
Мазкур шаҳарларда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилган. Хусусан:
- кўнгилочар масканлари ва ресторанлар 24 соат фаолият юритиш ҳуқуқини берадиган лицензияга эга, қонунчиликка уларнинг иш вақтини узайтириш имконини берувчи нормалар киритилган;
- тунда фаолият олиб борувчи ташкилотлар ва аҳоли манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш ҳамда тунги иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида тунги мер (тунги ҳоким) лавозими жорий этилган;
- тунги ҳаёт фаол ҳудудларда аҳоли ва туристлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида полиция патруллари сони кўпайтирилган ҳамда 24 соат давомида хизмат кўрсатадиган жамоат транспортлари йўналишлари яратилган;
- тунда фаолият олиб борувчи тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кенг амалга оширилиб келинади.
“Тошкент шаҳрида тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун биринчи қадам сифатида амалга оширилиши лозим бўлган имкониятлар четда қолиб, бир нечта кўчаларни гастрономик кўчаларга айлантириш чора-тадбирлари билан чекланиб қолинмоқда”, – дейилади хабарда.
Бунга мисол қилиб қуйидагилар келтирилган:
- тунги вақтларда пойтахтда транспорт хизматига талаб мавжуд бўлиб, бу фақатгина шахсий йўналишсиз такси хизматларининг фаолияти эвазига қондирилмоқда, бироқ тунги режимда хизмат кўрсатувчи жамоат транспорти ҳаракати йўлга қўйилмаган;
Тошкент шаҳрида автобуслар ҳаракати 05:00 дан 23:00 гача, метро ҳаракати эса 05:00 дан 00:00 га қадар хизмат кўрсатиши белгиланган.
- тунги вақтларда маданият ва санъат муассасалари ҳамда спорт ва кўнгилочар дам олиш масканлари фаолиятини йўлга қўйиш имконияти мавжуд;
Мисол учун, маданият ва санъатга қизиқувчи аҳоли ва туристларга галереялар, музейлар ва кинотеатрларни 24/7 режимида ишлаш ҳуқуқини бериш ҳамда спорт ҳаваскорлари учун спорт майдончалари, киберспорт ва фитнес клублар иш вақтини узайтириш имкониятлари мавжуд.
- тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида хавфсиз ва жозибадор жамоат жойларини лойиҳалаш, шовқин ва чиқинди билан боғлиқ масалалар билан ишлаш учун масъул орган бириктирилмаган;
Бутун дунё бўйича 60 дан ортиқ шаҳарларда “тунги ҳоким” лавозимлари жорий этилган бўлиб, улар шаҳарларнинг экотизимини бошқаради ва инновацион таклифларни ишлаб чиқади.
- тунда фаолият олиб борадиган мажмуалар (кафе, тунги клуб, музей, спорт мажмуалари ва бошқалар) ҳақида маҳаллий ва хорижий туристлар маълумот олишлари учун электрон платформа яратилмаган.
Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:
- 2025 йил 1 февралдан бошлаб тунги иқтисодиёт ва туризмни ривожлантиришга қаратилган ишчи гуруҳ ташкил этиш;
- Тунги иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар жума ва шанба кунларида дам олиш масканларни 24/7 режимида узлуксиз равишда ишлашини таъминлаш ва тунда фаолият олиб борувчи масканларнинг иш вақти билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш;
- Тошкент шаҳрида туристик салоҳиятга эга ҳудудларни белгилаб ушбу ҳудудларда тунги фаолият зоналарини ташкил қилиш;
- Тунги иқтисодиёт ривожлантирилиши режалаштирилган шаҳарларнинг ҳар бирида жамоат транспортини (автобус, трамвай, метро) 24 соатлик режимга ўтказиш;
- “Тунги Тошкент” электрон платформасини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу платформада тунда фаолият олиб борадиган масканлар, тунги жамоат транспорти йўналишлари ҳамда махсус арзонлаштирилган таклифлар ҳақида маълумот олиш имконини яратиш;
- Тунги иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида белгиланган муайян ҳудудларни модернизация қилиш, кўчаларда ёритиш тизимини кучайтириш ҳамда аҳоли ва туристлар учун қўшимча қулайликлар яратиш.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси ҳамда тунги иқтисодиётни ривожлантириш ва лицензиялар бериш тартибини ислоҳ қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)