Бола шахсининг шаклланишидаги энг муҳим давр — илк болалик. Японлар айнан шу даврга алоҳида эътибор беришади. Sony компаниясининг асосчиларидан бири бўлган Масару Ибука ўз китобида эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш тамойиллари ҳақида ёзган. Муаллиф болалар билан мулоқотда қизиқарли методикани кашф қилиб, ҳақиқий ютуққа эришган.
Биринчи тамойил: боғчага борганда кеч бўлади
Масару Ибука ота-оналарга етказмоқчи бўлган асосий ғоя шундан иборатки, боланинг характери ва ақлий қобилиятлари ҳаётнинг дастлабки уч йили давомида шаклланади. “Ақлли” ёки “нодон” болалар йўқ; фарқ фақат уларнинг интеллектуал фаоллигини қанчалик рағбатлантиришга боғлиқ.
Ота-оналар эса кўпинча хатога йўл қўйиб, болага боғчага боришидан олдин ҳамма нарсага рухсат беришади, кейин эса бирданига қаттиққўл бўлишади. Бундай ўзгариш бола учун ички зиддиятга олиб келади. Агар бола аста-секин ривожлантирилса ва унга бир хил даражада қаттиққўллик билан ёндашилса, у анча бахтли бўлиб улғаяди.
Иккинчи тамойил: “Қийинчилик нима?”
Масару Ибука инсон қобилияти ва характери ҳаётнинг дастлабки йилларида шаклланишини таъкидлайди ва бу фазилатлар генетик жиҳатдан белгиланган эмаслигини айтади.
Унинг методикасининг асосий тамойили: бола учун ҳамма нарса янги ва қизиқарли. У дунёни “оддий” ва “мураккаб” деб ажратмайди. Ибука чақалоқ миясини тоза қоғоз варағига қиёслайди, унда ота-оналар илк билимларни “босиб чиқаришади.”
Болангизга фақат оддий суратлар эмас, балки санъат асарлари ва машҳур расмларни ҳам кўрсатиш муҳим. Бу унинг эстетик эҳтиёжларини шакллантириб, келажакда гўзаллик ва санъатни англашнинг асосини яратади.
Учинчи тамойил: “Салом, янги дунё!”
Масару Ибука Мария Монтессори каби боланинг ривожланиши учун бутун кунни тўшак ёки аравачада ўтказиш зарарли деб ҳисоблайди. Чақалоқнинг сенсор сезгиларига бўлган эҳтиёжини шунчаки чайқалувчи ўйинчоқлар қондира олмайди ва у атрофдаги дунё билан секин танишади.
Шу сабабли японлар одатда болани атрофни кузатиши учун енгил қийшайган ҳолда ётқизишни тавсия қилишади. Бунинг учун беланчак ёки кокос шаклидаги тўшаклар мос келади.
Бола вақтини ўтказадиган хона ёрқин ва қизиқарли бўлиши керак. Статистикага кўра, ҳаётининг дастлабки ойлари зерикарли, ёрқин элементлар ва товушларсиз хонада ўтган болалар тенгдошларига қараганда секинроқ ривожланади.
Тўртинчи тамойил: “Ўзинг қила оласан”
Япон мутафаккири Масару Ибука болалар ўзлари йиғадиган ўйинчоқларга кўпроқ боғланишини таъкидлайди. Бу йиғиладиган қўғирчоқ, пазл, енгил конструктор ёки машина модели бўлиши мумкин. Бундай ўйинчоқлар ижодкорликдан завқ ва муваффақият ҳиссини беради, шунингдек, боланинг ривожланишига ёрдам беради.
Бешинчи тамойил: “Сен истеъдодлисан”
Японлар Ибуканинг таълимига таянган ҳолда лойнинг майда моторика ҳаракатларини ривожлантириш учун ажойиб восита эканлигини ҳисобга олишади. Агар бола ўз қўллари билан бирор нарса ярата олса, у ўз талантини англайди ва ниманидир бажара олишини сезади. Бу ўз-ўзини баҳолашни оширади ва келажакдаги ривожланиш учун рағбат беради.
Шунингдек, ролли ўйинлар (масалан, қўғирчоқлар ёки хола-хола ўйинлари), жисмоний фаолият ва шеър ёд олишни унутманг. Болалар дастлабки ёшда такрорлашни зерикарли ва қийин деб ҳисобламайди. Интеллект ва болалар қобилиятини ривожлантириш учун бундай машғулотлар жуда фойдали.
Олтинчи тамойил: Боланинг иродасини синдирманг
Ота-оналар кўпинча эрта ривожланишни таъминлашда ҳаддан ташқари қаттиққўл бўлишади. Бироқ ота-оналар билан мулоқот ҳам ўқитишнинг бир тури эканлигини унутмаслик муҳим. Бола учун намунали бўлинг, уни муҳаббат ва ишонч билан қамраб олинг.
Еттинчи тамойил: “Баракалла”
Маън қилиш ҳар доим рағбатлантиришдан осонроқдир, аммо жазолаш ҳис-туйғуларни, куч ишлатиш билан боғлиқ ҳиссиётларни келтириб чиқаради. Яхшиси, болага муқобил таклиф қилишдир. Масалан, агар бола деворга чизишни жуда хоҳлаётган бўлса, унга катта қоғоз беринг. Маън этиш сабаблари ҳақида тинч оҳангда тушунтиринг ва муқобил вариантни, унинг қандай яхшироқ эканлигини айтиб беринг.
Саккизинчи тамойил: Болангиз билан яқин алоқада бўлинг
Ота-оналар кўпинча болани қанчалик тез-тез қўлларга олиш кераклиги ҳақида қарама-қарши маслаҳатларни эшитишади. Ибука боланинг йиғлаши — бу унинг ёрдамга муҳтожлигини билдиришнинг ягона усули деб ҳисоблайди. Онаси билан тактил алоқаси ақлий ривожланиш ва эмпатия шаклланишига бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли япон тарбиячилари фикрига кўра, болани йиғлаши билан қўлга олиш керак.
Изоҳ (0)