Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида чорва моллари орасида маймунчечак тарқалгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан “Замон” информацион дастурида маълумот берилди.
Қайд этилишича, ушбу касаллик ортидан вилоятда чорва, асосан йирик шохли моллар нобуд бўлиб, уларнинг эгалари бундан иқтисодий зарар кўрганини билдиришган.

“Маймунчечакми дейишди-да, бошида лўнда-лўнда без бўлар экан. 76 ёшга кириб, бундай касалликни кўрганим йўқ эди”, деган фуқаролардан бири.
Халқ тилида маймунчечак номини олган ушбу касаллик билан курашишга уринаётган қорамол эгалари даво топа олмаётганларини, уринишлар доим ҳам ижобий натижа бермаётгани ҳамда мутахассислардан шу пайтгача зарур тавсиялар берилмаётганини билдиришган.
Шаҳрисабз тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мутахассислари эса туманда вазият барқарор экани ва чорванинг мазкур касаллик билан касалланганлик даражаси хусусидаги маълумотлар қайд этилмаганини таъкидлаган.
“Халқ тилида маймунчечак деб аталадиган касаллик аслида нодулар дерматит касаллиги ҳисобланади. Ҳозирги кунда халқимизга шуни айтишимиз керак-ки, ҳеч қандай ваҳима қиладиган ҳолати йўқ. Вакциналаримиз мавжуд, вилоятимиз бўйича вакцинация қилиш ишларини 90 фоизга эришганмиз. Вилоятимиздаги мавжуд 1 млн 700 мингдан ортиқ моллар учун захирамиз яратиб қўйилган”, деган вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бўлим бошлиғи Содиқжон Мамадиёров.
Мутахассис асосан тоғли ҳудудларда кузатилган мазкур касаллик зарарли ҳашаротларнинг чақиши ва ташувчанлиги ортидан кўпайганини ҳамда уни узоғи билан 7 кунда даволаш мумкинлигини, одамларга юқиш ҳолати эса мавжуд эмаслигини айтган.
Изоҳ (0)