АҚШ президенти Дональд Трамп сўнгги ҳафталарда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан телефонда суҳбатлашишга тўрт марта уринган, аммо Моди мулоқотдан бош тортган. Бу ҳақда Frankfurter Allgemeine Zeitung (FAZ) газетаси ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Бундан олдин Трамп Ҳиндистонни 25 фоизлик экспорт божлари билан ларзага солган ва уни “ўлик иқтисодиёт” деб атаган эди.
“Моди ўзини ҳақоратлангандай ҳис қилганининг белгилари бор”, деб таъкидлайди муаллифлар.
Уларнинг фикрича, Трамп билан телефонда гаплашишни хоҳламаслиги Ҳиндистон бош вазирининг Оқ уй раҳбари ҳаракатларидан қанчалик норози эканлигини кўрсатади.
Мақолада таъкидланишича, Ҳиндистонда Трампга нисбатан унинг Покистон билан муносабатларни ривожлантириш истаги ҳақидаги баёнотлари сабабли муносабат сезиларли даражада ўзгарган.
Ҳиндистон ва АҚШ февраль ойида Модининг Вашингтонга ташрифидан сўнг кенг қамровли савдо келишуви бўйича музокараларни бошлаган эди. Икки давлат 2030 йилга келиб ўзаро савдо ҳажмини икки баробарга ошириб, 500 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Ҳужжатнинг кузда имзоланиши кутилаётган эди. Ҳиндистон делегацияси ушбу ҳужжат бўйича музокаралар ўтказиш учун Вашингтонга бир неча бор ташриф буюрган. Америка делегациясининг музокараларнинг олтинчи босқичини ўтказиш учун 25 августга режалаштирилган Ҳиндистонга ташрифи бекор қилинди.
6 август куни Трамп фармон имзолади. Унга кўра, Ҳиндистондан Россия нефтини сотиб олганлик учун товарларга 25 фоиз миқдорида қўшимча божлар жорий этилди. Кейинчалик АҚШ раҳбари уларни икки баробар кўпайтириб, 50 фоизга етказиш билан таҳдид солди.
Изоҳ (0)