Қадимги Юнонистон нафақат илм-фан, балки ҳарбий соҳада ҳам тараққиётга эришган эди. Оғир қуролланган пиёда аскарлар, бошқача айтганда, гоплитлар жамият иерархиясида юксак ўринларда тутган. Айниқса, Спарта гоплитлари ўзининг темир интизоми, чидамлилиги билан қолганлардан алоҳида ажралиб турган.
Спарта гоплитлари
Гоплит нафақат ҳарбий хизмат, балки бутун умрлик ҳаёт тарзи эди. Боиси бундай жангчилар одатда 7 ёшидан бошлаб оиласи бағрини тарк этган. Давлат уларни қарамоғига олиб, махсус лагерларда тарбиялаган. Бўлажак гоплитларга қуролдан фойдаланишдан ташқари, югуриш, кураш тушиш, сузиш, гимнастика ва бошқалар ўргатилган. Қолаверса, оғриқ ва очликка чидамлилик, қатъий тартиб-интизом кўникмалари ҳам мустаҳкамланган. Ажабланарлиси, Спарта ёшлари ўғрилик қилишга рағбатлантирилар, бироқ жиноят устида қўлга тушганлар жазоланар эди. Бу уларнинг ҳушёрлиги, уддабуронлигини оширишга қаратилган мақсадли ҳаракат эди.
Гоплитлар болалигида бутунлай давлат қарамоғида бўлган бўлса, 30 ёшдан сўнг уларга тўлиқ фуқаролик берилиб, ҳарбий-сиёсий мажбуриятлар юкланган. Қуролланиш масаласига келганда, аскарлар 80 см диаметрли аспис (ҳоплон) қалқонлардан фойдаланган. Улар ёғоч ва бронзадан ясалган бўлиб, тананинг яримини тўсган. Қолган ярми эса чап томондаги сафдошини ҳимоя қилган. Шундай қилиб, ҳар бир жангчи ўзини ва ёнидаги шеригини бир вақтда хавфдан сақлаши мумкин эди. Шу боис қалқонни ташлаб қочиш гоплитлар учун иснод ҳисобланган.

Асосий қурол сифатида эса гоплитлар 2,1–2,7 метр узунликдаги бронза ва темир найзалардан фойдаланган. Бунга қўшимча тарзида, жангчилар ўзлари билан хипҳос (калтароқ қилич) ёки копис (эгри пичоқли қилич) олиб юрган. Улар яқин масофадан жангларда асқатган. Қолаверса, гоплитлар танасининг турли қисмлари зирҳ билан ҳимояланган.
Спарта жангчилари қон доғини кўрсатмаслик яъни ва руҳий таъсирдан сақланиш учун қизил плаш тақишган. Қолаверса, жасорат тимсоли сифатида сочларини ўстириб, тараб юришган. Жангчилар асосий тактик бирлик сифатида 8–12 қатордан иборат девор – Фалангага бирлашган. Юриш вақтида эса қатъий интизом билан мусиқага ҳамоҳанг тарзда ҳаракатланиб, мустаҳкам муштга айланган.
Шоҳ Леониднинг шахсий гвардияси ҳисобланган ҳамда тарихга 300 спарталик номи билан кирган аскарлар айни шу гоплитлар эди. Улар Фермопил ва Платея жанглари, шунингдек Пелопоннес урушида ҳал қилувчи кучлардан эди.

Тарихий манбаларга кўра, Македония шоҳи Филипп II Спартага “Агар мен шаҳрингизга бостириб кирсам, уни ер билан яксон қиламан”, деган мазмунда хат юборади. Гоплитлар эса унга қисқача қилиб, “Агар” сўзи билан жавоб қайтаришган.
Форс ўлмаслари
Аҳамонийлар империяси ўзининг қудрат чўққисида учта қитъанинг бепоён ҳудудларини назорат қилди. Салтанат, авваламбор императорнинг хавфсизлигини таъминлаш, қолаверса душманлар қалбига қўрқув солиш учун “Ўлмаслар” қўшинини тузди. Улардан бири жангларда сафдан чиқса, ўрнини бошқаси тўлдирар эди. “Ўлмаслар” номи мана шундан келиб чиқди.

Мазкур қўшин ҳақида илк бор мил. авв. 522–486 йилларда яшаб ўтган Доро I даврида қайд этилган бўлиб, сони мунтазам равишда 10 минг кишини ташкил қилган. Унинг сафига аскарлар империяга бўйсунувчи турли халқлардан махсус саралаб олинган. Манбаларга кўра, жангчилар асосан форс, мадай ва элам миллатларига мансуб бўлган.
Антик давр тарихчиларининг ёзиб қолдиришича, “Ўлмаслар” асосан қисқа найза ва камонлар билан қуролланган. Қолаверса, уларнинг ихтиёрида темирдан ясалган калта қиличлар (акинак) ҳам бўлган. Тўқилган саватча шаклидаги енгил қалқонлар ва бронза безакли зирҳ эса аскарларни зарбалардан ҳимоя қилган. Улар доимо ҳашаматли либослари, олтин ва кумуш билан безатилган жиҳозлари билан ажралиб турган. Шу боис ҳам юнонлар уларни “сарой аскарлари” дея аташган.
Форс “Ўлмаслари” жанг майдонида нафақат ҳарбий куч, балки империянинг қудрат рамзи ҳам эди. Улар юнон гоплитларига қараганда енгилроқ қуролланган, асосан найза, камон ва қиличлардан фойдаланар эди. Бундан ташқари, ўлмаслар марказий сафга жойлашиб, асосий зарбдор қўшин вазифасини бажарган.

Империянинг элита аскарлари мил. авв. 480 йили Ксеркс бошқаруви остида 300 спарталик ва юнон иттифоқчиларига қарши жанг қилган. Геродотнинг ёзишича, жанг тор дарада бўлиб ўтгани боис форслар ўз сон устунлигидан фойдалана олмаган. Бироқ юнонлардан чиққан хоин Эфиалт форсларга тоғ сўқмоғи ҳақида маълумот бергач, “Ўлмаслар” бўлинмаси бу йўлдан ўтиб, юнонларни қуршаб олган ва маҳв этган.
Милоддан аввалги 479 йили “Ўлмаслар” форс қўшинлари сафида яна жангда қатнашган. Бироқ бу гал юнонлар ғалаба қозониб, душманни ортга чекинишга мажбур қилган.
Темир интизомли ва қўрқмас жангчилардан иборат қўшин империя билан биргаликда қулади. “Ўлмаслар” милоддан аввалги 331 йили Александр Македонскийга қарши ҳал қилувчи Гаугамела жангида қатнашди. Улар Аҳамонийлар армиясининг марказида туриб кураш олиб борди. Бироқ империянинг сараланган аскарлари юнон-македон фалангаси ва ғарбдан келган саркарданинг маҳоратидан устун кела олмади. Натижада қўшин империя билан бирга тарих қарига кўмилди.
Яничарлар
Усмонли салтанати ўзининг бир неча асрлик ҳукмронлиги давомида сарой қоидалари, давлатчилик анъанаси ва ижтимоий соҳаларда ўз қадриятларига асос солди. Бироқ шундай қудратли империя ҳарбий соҳада ҳам алоҳида мактаб яратмаслиги мумкин эмасди. Яничарлар бунга мисол бўла олади.

Яничарлар (туркча:Yeniçeri) “янги аскар” маъносини англатади. Улар XIV аср ўрталаридан ХIX асрнинг биринчи чорагигача фаолият кўрсатган. Тузилма салтанатнинг энг нуфузли ва интизомли пиёда корпуси эди. Дастлаб улар марказий қўшин ядросини ташкил этиб, аксар жанглар тақдирини ҳал қилган. Қолаверса, султон ҳокимиятининг ҳарбий таянчи, пойтахт ва сарой хавфсизлигининг кафолати саналган. Бироқ вақт ўтиши билан корпус сиёсий ва иқтисодий ҳаётга аралаша бошлади. Бу эса 1826 йилга келиб уларнинг тарқатиб юборилишига сабаб бўлди.
Манбаларга кўра, мазкур корпус султон Мурод I (1362–1389) даврида тузилган. Боиси Усмонли давлати, тез билан кенгайиб бораётганига қарамай, атрофи душманлар билан тўла эди. Бу эса ҳукмдордан шахсан ўзига содиқ доимий армия тузишни тақозо қилди. “Султон қўшини” сифатида уларга пойтахт ва саройни ҳимоя қилиш, йирик жангларда олдинги сафни ушлаш, қамал ва шаҳар ҳужумларида “калит роли”ни бажариш юклатилди.
Яничарлар сафига аскарлар “Девширме” тизими орқали жалб этилган. Яъни асосан Болқонда яшовчи насроний болалар танлаб олиниб, турк тили ва сарой одоби ўргатиларди. Қолаверса, улар ислом динини ҳам қабул қилишган. Давлат тарбияси ва ҳомийлиги бўлажак яничарларни бевосита султонга боғлаган, улар эса ҳукмдорга садоқат руҳида улғаяр эди. Истеъдодли ёшларда саройнинг Эндерун мактабига ўтиб, бошқарув элитаси таркибига кириш имкони ҳам бўлган.

Корпусни султон номидан Яничарлар оғаси (Yeniçeri Аğасı) бошқарган. Маънавий-идеологик жиҳатдан эса қўшин асосан Бектошийлик тариқатига боғланган эди. Бу эса аскарлар орасида руҳий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилган. Яничарлар дастлабки даврда найза, камон ва қалқонлар воситасида жанг қилган. XV асрдан бошлаб эса корпус мускетлардан мунтазам фойдаланишни бошлади. Бу уларга Усмонли артиллерияси билан уйғунликда қудратли кучга айланиш имконини берди.
Усмонли империяси элита қўшини бир неча манбалар орқали даромад кўрган. Биринчи навбатда, уларга султон ғазнасидан ҳар уч ойда бир маош тўланган. Маросимда ҳукмдорнинг шахсан ўзи иштирок этган. Бундан ташқари, ҳар сафар янги султон тахтга ўтирганда, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва яничарларнинг садоқатини сотиб олиш мақсадида уларга катта миқдорда пул тарқатган. Қолаверса, муваффақиятли ҳарбий юришлардан сўнг яничарлар ҳам қолган аскарлар қатори ўлжаларга эга бўлишган.
Бироқ яничарларга оила қуриш ва бошқа ишларга рухсат берилган кейинги XVII-XVIII асрларда жангчиларнинг интизоми пасайиб, сиёсий ва иқтисодий ҳаётга ҳам фаол аралаша бошлади. Баъзи манбаларга кўра, яничарлар ўз қудратидан фойдаланиб, савдогар ва ҳунармандларга “соябон” хизматини таклиф қилиб, шу орқали даромад топишга ҳам киришиб кетди. Натижада ҳарбий мажбурият улар учун кейинги даражали вазифага айланиб қолди.
Яничарлар сиёсий кучга айлангач, саройга босим ўтказа бошлади. 1622 йили уларнинг таъсирини камайтириш учун янги қўшин тузмоқчи бўлган султон Усмон Ғозий яничарлар қўзғолонида қатл этилди. 1790 йилларда эса корпус салтанатда ислоҳотлар ўтказиш ташаббусига фаол қаршилик кўрсатди. Натижада 1826 йилга келиб давлат даражасидаги махсус амалиёт билан яничарлар казармалари тозаланди. Корпуснинг ўзи эса тугатилиб, Бектошийлик таккалари ёпилди.
Самурайлар
Уларнинг номи ор-номус, шаън ва садоқат каби сўзлар билан бирга келади. Самурайлар шунчаки жангчи эмас. Улар Япониянинг ўрта аср ва янги давр бошида давлат бошқаруви, ер-солиқ тизими, маданият ва уруш қоидаларини белгилаб берган ижтимоий қатлам эди.

Самурай сўзининг илдизи “сабурау” феълидан келиб чиққан бўлиб, “хизмат қилиш” маъносини англатади. Улар аввалига зодагонлар ер-мулкларини ҳимоя қилувчи жангчилар эди. Бироқ вақт ўтиши билан ерга эгалик, солиқ йиғиш, маҳаллий бошқарув ва ҳарбий юришларда қатнашиш каби ваколатларга эга бўлишди.
XII аср охирида Минамото но Ёритомо ғалабаси билан Камакура сёгунати пайдо бўлди. Шу даврдан бошлаб самурайлар нафақат жанг майдонида, балки давлат бошқарувида ҳам ҳукмрон синф мақомини олди. Марказий ҳокимият заифлашган кейинги асрларда феодаллар урушлари авж олди. XV–XVI асрларни қамраб олган бу даврда юзлаб кичик давлатчалар ўзаро рақобатлашар, самурайлар эса ёлланма пиёда деҳқонлар билан бирга улар манфаатларига хизмат қилар эди.
Самурайлар учун бушидо (жангчи йўли) марказий аҳамиятга эга эди. У қатъий кодекс сифатида ёзиб қолдирилмаган, бироқ асрлар давомида шаклланган ахлоқий меъёрлар мажмуаси эди. Бушидо хўжайинга ва жамиятга садоқат, адолат ва виждон амри, сабр, вафо ҳамда шаън кабиларни устувор қўяр эди. Унинг таъсирида самурайлар нафақат жангчи, балки бошқаларга ўрнак зиёли сифатида ҳам шаклланган.
Кундалик машғулотлар рўйхатида жисмоний машқлар ва ҳарб ишидан ташқари, хаттотлик, шеърият, чой маросими, боғбонлик эстетикаси ва Зен медитацияси ҳам бўлган. Айниқса, санаб ўтилганларнинг охиргиси самурайнинг ҳушёрлиги ҳамда вазиятни баҳолаш қобилиятларини кучайтиришига ишонилган.
Самурайлар тарбияси эрта даврдан бошланган. Зодагон оилалар фарзандлари болаликдан от миниш, камондан ўқ узиш, қиличбозлик ва найзабозлик кўникмаларини ўзлаштирган. Бунда уларга устоз-шогирд анъаналари ҳамда рю деб аталадиган мактаблар асқатган.
Қуролланиш масаласига келсак, бу бутун бошли эволюция бўлиб, самурайлар тарихини тушунишга ёрдам беради. Улар дастлабки даврларда тачи қиличини белдан пастга осилтириб юрар эди. Кейинроқ катана қиличининг аҳамияти ортиб кетди. Бироқ 1543 йилга келиб, Япония тарихида кескин бурилиш ясаган воқеа содир бўлди. Ўша йили Хитойга кетаётган португал савдогарлари бўрон сабаб кунчиқар мамлакат жанубидаги Танегасима оролига келиб қолди. Европаликлар ўзлари билан олиб келган аркебуза милтиқларини орол ҳокимига намойиш этишди. Унинг имкониятларида ҳайратга тушган ҳоким иккита аркебуза сотиб олиб, ўз муҳандисларига ҳам худди шундай милтиқлар ясашни буюрди.

Япон қуролсозлари Португалия маҳсулотини қисқа вақтда ўзлаштириш билан бир қаторда, “танегасима” номли ўз моделларини ҳам ишлаб чиқишди. Натижада XVI аср охирига келиб, Япония дунёдаги энг кўп ўқотар қурол ишлаб чиқарувчи давлатлардан бирига айланди. Бироқ самурайлар билан жараён бу қадар тез кечмади. Уларнинг юқори мартабали вакиллари қилич ва камонни “самурайнинг руҳи” деб билиб, янги қуролга нисбатан ишончсизлик билан қарашди. Натижада мускетлар асосан қуйи табақадаги пиёда аскарларга берилди. Аммо 1575 йилги Нагасино жанги бу нақадар катта хато бўлганини кўрсатиб қўйди.
Ўшанда саркарда Ода Нобунага ўзининг мускетлар билан қуролланган 3000 пиёда аскарини Taкeдa кланининг отлиқ самурайларига қарши жангга ташлади. Натижада душман кучлари бутунлай тор-мор этилди. Япониянинг элита жангчилари замонавий қуролларга эга пиёдаларга қарши жанг қилиш тугул, уларнинг яқинига ҳам кела олмади. Шундай қилиб, мазкур воқеа анъанавий самурай отлиқларининг ўқотар қуроллар олдида ожиз эканлигини исботлаб қўйди.

ХIX асрнинг иккинчи ярмига келиб, Меижи ислоҳотлари даврида самурайлик институтига муносабат бутунлай ўзгарди. Марказлашган қуролли кучлар ва умуммиллий ҳарбий мажбурият жорий этилди. Аввалига самурай синфи ўз молиявий манбаларидан маҳрум бўлди. 1876 йилдан бошлаб эса уларга жамоат жойида қилич кўтариб юриш ҳам тақиқланди. Бундан норози самурайлар 1877 йили исёнга турди. Аммо муваффақиятсизликка учраб, сиёсий ва ҳарбий куч сифатида тарих саҳнасидан тушди.
Бироқ уларнинг мероси китоблар, фильмлар ва қадриятлар шаклида ҳануз яшаб келмоқда. Айниқса “сеппуку” турли баҳс-мунозаралар марказида туради. Унга кўра, самурай шаънини асраш учун ўз жонига намойишкорона тарзда қасд қилиши керак эди. Аммо бундай амалиётлар тарихий-маданий контекстга хос бўлиб, ҳар доим ҳам қўлланмаган.
Козаклар
XV–XVI асрларда пайдо бўлган бу қатлам ўзининг чидамлилиги, моҳир жангчи экани, айниқса, чавандозлиги билан машҳур. Козаклар Украина, Жанубий Россия ва Дон-Днепр бўйларида шаклланган эркин жамоалардир. Уларнинг номи туркийча “қозак” сўзидан келиб, “эркин одам, саргузаштчи” маъносини билдиради. Козаклар дастлаб беқарор ҳудудларда яшаб, қисман талон-тарож ва ўлжалар ҳисобига ҳаёт кечирган.

Днепр бўйида истиқомат қилган Запорожье козаклари ҳамда Дон дарёсини ўзига маскан тутган Дон козаклари мазкур тоифанинг энг машҳурлари эди. Улар Польша-Литва Ҳамдўстлиги, Московия князлиги, Усмонли империяси ва Қрим хонлиги билан доимий равишда жанг қилган, ўрни келганда эса иттифоқлар тузишган.
Козакларнинг ўзига хос ҳаёт тарзи бор эди. Улар жамоавий бошқарув асосида яшаган. Муҳим қарорлар ҳарбий-демократик йиғинлар, аниқроқ айтганда, рада ёки кругларда қабул қилинган. Дон козакларида энг юқори лавозим атаман, Запорожье козакларида эса ҳетман ҳисобланган. Ҳукмдорлар сайлов орқали иқтидорга келар ва шу боис жамоа олдида жавобгар ҳисобланар эди.
Козаклар учун эркинлик ва тенгликдан муҳимроқ қадрият бўлган. Табиатан моҳир жангчи ва чавандоз ҳисобланган бу кишилар вазият тақозо қилганда, ижтимоий статусидан қатъий назар биргаликда саф тортиб, жангга киришган.

Козаклар ўзларининг ҳарбий маҳорати билан шуҳрат қозонган. От устида ёйдан ўқ отиш, найза улоқтириш кабиларни улар ортиқча қийинчиликларсиз бажаришган. Запорожье козаклари асосан Усмонли империяси ва Қрим хонлигига қарши жанглари билан машҳурликка эришган. Дон козаклари эса Московия билан муносабатлар ўрнатиб, салтанатнинг жанубий чегараларни ҳимоя1қилган, лекин баъзида марказий ҳокимиятга қарши қўзғолонлар ҳам бўлиб турган.
1648 йилда Богдан Хмелницкий бошчилигида Запорожье козаклари Польша-Литва ҳукмронлигига қарши йирик қўзғолон кўтарди ва Украина ҳудудида мустақил ҳетманлик давлатига асос солди. Бу давлат кейинчалик Россия билан иттифоқ тузди. Хмелницкийнинг мазкур қарори ҳанузгача мунозаралар учун мавзу ҳисобланади. Бироқ Дон козаклари бошқа йўлдан кетди. Улар рус бошқарувига қарши исён кўтаришди.

ХIX асрга келиб улар махсус имтиёзли ҳарбий табақа сифатида Россия империясига хизмат қила бошлади. Ер берилиши, солиқдан озод қилиш ва бошқа имтиёзлар эвазига чегараларни қўриқлаш ва урушларда қатнашиш каби мажбуриятларни олишди. Наполеон босқини, Қрим муҳофазаси, ҳатто Биринчи жаҳон урушида ҳам козак отлиқлари Россия армиясининг энг жанговар кучи бўлиб хизмат қилди. Бироқ ХХ аср бошида болшевикларнинг ҳокимият тепасига келиши ортидан козаклар эркин тузилма сифатида тугатилди. Шундай қилиб, улар жасорат, эркинликка ташналик, садоқат ва саргузашцеварлик тимсоли сифатида тарихда қолди.
Гурҳалар
Ҳимолай этакларидан чиққан непаллик жангчилар икки асрдан бери Британия қироллик тожига, 1947 йилдан буён эса Ҳиндистон манфаатларига хизмат қилиб келади. Инглизлар уларнинг жанговар маҳоратига илк бор Англо-Непал уруши (1814-1816) пайтида гувоҳ бўлиб, ҳайратга тушди. Шундан сўнг Ост-Индия компанияси гурҳаларни ўз хизматига ёллай бошлади. Улар дастлаб компания қўшинлари сафида хизмат қилган бўлса, кейинчалик бевосита инглиз қўмондонлиги назоратига ўтди ва қироллик армияси таркибида алоҳида гуруҳ бўлиб шаклланди.

Тоғ фарзандлари ўзларининг жисмоний имкониятлари, темир интизоми, жасорати ва ўзига хос жанговар руҳи билан шуҳрат қозонган. Гурҳаларни Британия армиясига саралаш жараёни энг қийин ва талабчан синовлардан бири ҳисобланади. “Доко пойгаси” бунга яққол мисол. Унга кўра, номзодлар 25 кг оғирликдаги тош билан тўлдирилган саватни (доко) пешонасига боғлаб, тик тоғ ёнбағри бўйлаб 5 км масофага югуриб чиқиши керак. Бунинг учун уларга 40 дақиқа берилади.
Бундан ташқари, номзодлар Британия армияси ҳарбий шифокорлари томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказилади. Энг кичик муаммо, масалан, тишдаги кичик кариес, ясси оёқлилик ёки эшитишдаги арзимас нуқсон ҳам аризанинг рад этилишига сабаб бўлади.
Аммо бўлажак гурҳалар фақат жисмоний синовлар билангина чекланмайди. Номзодлардан математика ва инглиз тили бўйича тестлар олинади. Қолаверса, офицерлар ҳар бир талабгор билан алоҳида суҳбат ўтказиб, дунёқараши ва умумий билим даражасини текширади. Талаблар ниҳоятда юқори бўлгани боис 10 минглаб непаллик йигитларнинг атиги 200-300 таси Британия армиясининг элита қўшини сафида хизмат қилишга муваффақ бўлади.

Гурҳа қисмлари икки асрдан бери Британия манфаатларига хизмат қилиб келади. Шу кунга қадар улар қиролликнинг энг олий унвони ҳисобланган Виктория Хочи билан 26 маротаба тақдирланган. Гуркҳа жангчиси жасорат кўрсатган ҳолатлар бисёр. Масалан, Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Бирма фронтида жанг қилаётган Лачхиман Гурунг хандақда ёлғиз қолиб кетади. Шунда унинг позициясига 200 дан ортиқ япониялик ҳужум қилади. Гурунг ўзига ташланган иккита гранатани улоқтириб юборишга улгуради.
Бироқ учинчиси унинг ўнг қўлида портлаб, жангчини майиб қилган. Шунга қарамай, гурҳа аскари қуролни чап қўлига олиб, курашни тўрт соат давом эттиради. У ҳар ўқ узганида “Кел, гурҳа билан жанг қилиб кўр!” деб қичқирган. Тонг отгач эса унинг позицияси атрофида 31 нафар япон аскарининг жасади топилади.
Бирма фронтида юз берган яна бир ҳолатда унинг қуролдоши Бҳанбҳагта Гурунг снайпер ўқи остида қолган бўлинмасини қутқариш учун ҳаётини хавф остига қўяди ва япониялик мерганни отиб ташлайди. Шундан сўнг у бир ўзи бешта душман аскари жойлашган хандаққа ҳужум қилиб, биринчисини найзаси билан, кейинги иккитасини эса граната билан ўлдиради. Ўқ-дориси тугаб қолгани боис тўртинчи японияликни тош билан “тинчитади”. Бешинчиси эса гурҳаларнинг рамзи ҳисобланган “кукри” пичоғидан вафот топади.

Гурҳаларнинг жанговар маҳоратига яқин тарихдан ҳам мисоллар бор. 2010 йили НАТО контингенти доирасида Афғонистонга юборилган сержант Диппрасад Пуннинг назорат пунктига “Толибон” кучлари ҳужум қилади. Уларнинг сони 15 нафардан, 30 кишигача борар эди. Гурҳа сержанти саросимага тушмасдан, бир ўзи жангни қилди. Диппрасад Пун тахминан 17 дақиқа давом этган курашда ўз пулемётидан 400 дан ортиқ ўқ узиб, 17 та граната ва битта “Cлайморе” пиёдаларга қарши минасидан фойдаланди. Шундан сўнг сержант Британиянинг энг олий мукофотларидан бири “Жасорат Хочи”га лойиқ кўрилди.
Ҳозирги кунда қироллик армиясида тахминан 4000 нафар гурҳа хизмат қилади. Уларнинг асосий қисми Англиянинг Фолкестон шаҳарчасида жойлашган. Бундан ташқари, Ҳиндистон ҳам умумий сони 30-40 минг атрофидаги 7 та гуркҳа полкини тасарруф қилади. Деҳли уларни Жамму ва Кашмир, Сикким, Аруначал-Прадеш каби стратегик ҳудудларга жойлаштирган. Аммо бу ҳаммаси эмас. Гурҳаларнинг жанговар имкониятларини юқори баҳолаган Сингапур ҳам улардан иборат тахминан 2000 кишилик контингент тузган.
Француз Хорижий легиони
Одатда исталган давлат қуролли кучларига фақат ўз фуқароларини олади. Бироқ 1831 йили Франция қироли Луи-Филип томонидан тузилган француз элита бўлинмаси сизнинг қаерда дунёга келганингиз, умуман олганда, ўтмишингиз билан қизиқмайди. Унинг таркибида ҳозир 140 дан ортиқ миллатга мансуб қарийб 10 минг аскар хизмат қилса-да, жангчиларнинг бари Францияга садоқат билдириб, қасамёд қилган.

Легион ёлланма қўшин сифатида тузилгани билан, қатъий интизом ва француз армиясининг расмий қоидалари асосида ҳаракат қилади. Легионерлар кўпинча мазкур тузилмага янги ҳаёт бошлаш, муаммоли ўтмишдан қочиш, ҳарбий саргузаштларни бошдан кечириш ёхуд Франция фуқаролиги учун қўшилади.
Легион хизматчилари Франция манфаатлари муҳофазаси учун сўзсиз жавобгардир. Хизмат даври якунлангач, легионерлар француз фуқаролигини олиш имконига эга бўлади. Аммо унинг сафларига қўшилиш осон эмас. Қолаверса, тузилма ўзининг оғир шароитдаги машғулотлари билан машҳур. Шу боис талабгорлар жисмоний синовлар, руҳий ва тиббий текширувлардан ўтиши керак. Буни муваффақиятли бажарганлар Кастелнаударидаги марказий ўқув лагерида машаққатли тайёргарликдан ўтади. Легионерлар бу ерда “янги ҳаёт” бошлайди. Кўпинча уларга янги исм ва шахсий ҳужжатлар берилади.

Хорижий легион ташкил этилганидан буён Франциянинг деярли барча урушларида қатнашган. Жазоир, Марокаш ва бошқа Африка давлатларига мустамлакачилик юришлари, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари ва бошқалар шулар жумласидан. XXI асрда эса легион Афғонистон, Мали, Чад, Кот-дъИвуар, Ливия ва бошқа кўплаб мамлакатлардаги турли амалиётларда иштирок этди.
Легион бугунги кунда ҳам Франция армиясининг энг элита корпуси бўлиб қолмоқда. Унинг таркибида пиёда, муҳандислик, артиллерия, десант ва зирҳли бўлинмалар ҳам мавжуд.
Легионерлар юксак жасорат кўрсатган ҳолатлар бисёр. Мисол учун, 1942 йили Легионнинг 3700 нафар аскари Ливиянинг Бир Ҳакеим воҳасини генерал Роммелнинг немис-италян қўшма кучларидан ҳимоя қилган. Улар ўзларидан ўн баробар устун бўлган душман кучларини 16 кун давомида тўхтатиб турган. Бу иттифоқчи инглизларнинг 8-армиясига чекиниш ва қайта гуруҳланиш учун имкон берган.
Изоҳ (0)