“Тақдирлар”, “Ҳазон”, “Акажон хизматингиздамиз” ва “Учар қиз” каби фильмлардаги ранг-баранг роллари билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Наргиза Салмонова бу йил 35 ёшни қаршилади. Гарчи у ҳозир оилавий шароити сабаб, ижоддан чекинган бўлса-да, мухлис эътиборидан четда эмас. Уни Instagram тармоғида ярим миллиондан кўп обуначилар кузатади.
“Онам ҳақида ўйлар”
Наргиза Салмонова 1989 йилнинг 1 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўқитувчилар оиласида дунёга келган. У оилада тўнғич фарзанд бўлиб, синглиси ва укаси бор.
— Оиламизда санъаткорлар йўқ, аммо онам бир жойга борса, шунчалик чиройли қилиб гапириб берадики, ўзимни худди ўша ерга боргандек ҳис қиламан. Онам гапларни ҳам шунчалик ролга киришиб айтиб берадики, “Эссиз, актриса бўлганингизда, камида халқ артисти бўлардингиз”, деб куламан.
Кўпчилик мени тожик ёки озарбайжон миллатига мансуб деб биларкан. Аммо оддийгина ўзбекона оилада туғилганман. Менинг санъаткор бўлишим ҳам шунчаки тасодиф бўлган, — дейди актриса Наргиза Салмонова.
“Фақат эпизод рол беришарди”
Наргиза Салмонова Тошкент давлат маданият коллежини тамомлаб, кинодаги фаолиятини бошлайди. Аммо санъатда ўз ўрнини топиши осон кечмайди. Анча вақтгача унга асосий роллар берилмайди. “Учар қиз”, “Омадли йигитлар” ва “Ёзсиз йил” каби фильмларда кичик эпизод ролларни ижро этади.
— Бош ролни Абдувоҳид Ғаниевнинг “Тақдирлар” (“Боғча ака”) фильмида ижро этганман. Ролнинг катта-кичиги бўлмайди, дейишади-ю, аммо асосий рол актрисага икки ҳисса масъулият юклайди. Суратга олиш майдончасида Адиз Ражабов кўп марта қўллаган. Тасвирга олиш ишлари бошланмасидан аввал илк катта ролим эканлигини айтиб қўйганман. Унинг саҳналари суратга олинганидан кейин ҳам ёнимда турарди. Партнёримнинг ёнимда эканлигини ҳис қилиб, ролни ишонарли ижро этишга ҳаракат қилардим. Жуда кўп партнёрлар билан ишлаганман. Аммо “Тақдирлар”даги Озода роли учун Адиз Ражабовдан миннатдорман, — дейди актриса Наргиза Салмонова.
“Гап-сўзлардан қўрқаман”
Наргиза Салмонованинг ижодидан кўра, унинг турк йигитига турмушга чиққани билан боғлиқ гаплар кўпроқ муҳокамаларга сабаб бўлган. Ундан аввалроқ эса унинг хонанда Шоҳруххон билан муносабатлари ҳам муҳокамаларга сабаб бўлганди.
— Санъаткорлар билан яхши муносабатдаман. Нима учундир ижтимоий тармоққа таниқли йигит ва қиз бирга тушган суратини жойласа, кузатувчилар уларни севишганга чиқаради.
Мен гап-сўзлардан қўрқаман. Турмушга чиқмаган қизнинг атрофида турли миш-мишлар болалаши яхшимас-да. Шоҳруххон билан дўстмиз. Уни ҳурмат қиламан. Самимиятни йўқотмаган инсон, — дейди актриса.
“Рол учун семирганман”
Актриса “Артист” ситкомида суратга тушиш учун бир неча килограмм вазн тўплаган, аммо суратга олиш ишлари якунланганидан кейин қоматидан уялиб, омма эътиборидан четда юришга ҳаракат қилган.
— “Артист” сериалида суратга тушиш учун нақт 7 килограмм вазн тўпладим. Бу режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг талаби эди. Қоматим аввалдан ўзгарувчан бўлган. Мактаб вақтида қанча есам ҳам тўлишмасдим. Ҳозир эса аксинча, стрессга учрасам, тезда вазн тўплайман. Аммо семирган вақтимда ўзимга ёқмасдим. Ҳар куни спорт залига бориб, тинимсиз машғулотлардан кейин 7 килограммга оздим. Аммо вазн ташлагунга қадар омма эътиборидан четда юришга ҳаракат қилдим. Ҳатто интервьюлар ҳам берганим йўқ, — дейди актриса Наргиза Салмонова.
“Бир оилани буздинг, дейишган”
2017 йили актриса билан боғлиқ кўнгилсиз хабар тарқади. Яъни актриса сабаб бир эркак оиласи билан ажрашган. Аёл эса бунда Наргиза Салмоновани айблади. Актриса интервьюларининг бирида бундай гап-сўзлар руҳиятига оғир таъсир қилгани ҳақида гапириб ўтган.
— “Севгини чиқарганга минг лаънат, бир оилани буздинг”, деб жуда хунук гапларни ёзишди. У эркакни танимасам, оиланинг ажрашишида нима айбим бор? Ижтимоий тармоқларда ёзилган гаплар руҳиятимга қаттиқ таъсир этган. Балки ҳаётда бундай бўлмагандир, чунки ижтимоий тармоқ ёлғонга тўла. Шундай бўлса-да, бу гаплар менга қаттиқ таъсир этган, — дейди Наргиза Салмонова.
“Турк йигити билан оила қуришни ният қилмагандим”
Наргиза Салмонова кинодаги фаолиятидан ташқари, театрда ҳам фаолият юритган. У бир муддат “Турон” театрида тажрибали устозлар билан бирга ишлаган. У театрда “Чархпалак” сериалидаги лўли Марям роли билан томошабинларга маъқул бўлган Элмира Раҳимжонова сабаб ҳаёти ўзгариб кетганини ҳам айтиб ўтган.
— Бир куни театрда гаплашиб ўтирсак, Элмира Раҳимжонова “Ёзги таътилда барчангиз Туркияга борасиз, меҳмон қиламан”, деди. Қувониб кетиб, таътил вақти илк марта Туркияга йўл олдик. Аммо ҳаётим бунчалик ўзгариб кетишини ва у ерда турмуш ўртоғим билан танишишимни хаёлимга ҳам келтирмагандим. Instagramъга расм ва видеолар жойласам, ижтимоий тармоқларда дугона бўлиб қолган қиз хабар юборди. Ва кечки пайт учрашишга келишиб олдик. Уни бўлажак турмуш ўртоғим танир экан. Хуллас, дугоналарнинг учрашуви ижтимоий тармоқларга жойланган, турмуш ўртоғим мен билан қизиқиб қолган. Бир марта учрашганмиз ва у инсон менда илиқ таассурот қолдирган. Ижтимоий тармоқларда гаплашиб, бир-биримизни синаганмиз, — дейди актриса.
“Аввал турк тилини билмасдим”
Актриса турк тилини унчалик яхши билмагани ва ўрганишида турмуш ўртоғининг ёрдами катта бўлгани ҳақида сўзлаб берди.
— Турк тили ўзбек тилига ўхшаса-да, мулоқотда уни тушуниш қийинчилик туғдиради. Турк тилини унча яхши билмасдим, “Секинроқ гапиринг, англаёлмаяпман”, деб кўп гапирардим. У тилни ўрганишим учун қайси фильмларни кўришим кераклигини ҳам айтарди. Тўйдан кейин ҳам жуда қизиқ бўлган. Қайнона ва қайнотам билан бирга яшардик. Тўғриси, баъзи сўзларни билмаганимдан, уларни хатти-ҳаракатларим билан кўрсатиб берардим. Бир куни қайнотам бозорлик қилгани кетаётганида “Сабзи олиб келинг”, деёлмаганман. Нима деб тушунтиришни билмай, “Қуёнлар ейдиган сабзавот”, деганман. Тухум сўзини билмай “Товуқ босади-ку”, деган гапим ҳам анча кулгига сабаб бўлган, дейди актриса.
“Ватан хоинисан, дейишган”
Актрисанинг турк йигитига турмушга чиққани билан боғлиқ хабар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
— Бахт тилаган инсонлар орасида дилимни оғритганлари ҳам бўлган. “Ватан хоинисан” дейишгани жуда оғир ботган. Мен Туркияга оила қуриш ниятида бормагандим, кичик сабаб мени олис манзилга етаклаб борди. Ҳаттоки оила қуриш таклифини бергани ҳам кутилмаган воқеа бўлган. Оддий кийимда борганим учун уни койиганман. “Шунча тайёргарлик кўрибсиз, бир оғиз айтганингизда чиройлироқ кийим кийиб келардим”, деганман, — дейди актриса.
“Тўйим кемада бўлишини орзу қилардим”
Наргиза ва Эмраҳнинг мусулмонча тўйлари бир оз аввал бўлиб ўтганди. Уларнинг замонавий никоҳ оқшоми Истанбул шаҳрида, виллада бўлиб ўтди. Тўйда жуфтликнинг яқинлари ва оила аъзолари иштирок этди.
— Тўйим кемада бўлишини орзу қилардим, орзум ушалди. Бу орзумни тақдиримга битгани учун Аллоҳимга ҳамд-у санолар бўлсин!” — деб ёзганди актриса Instagram саҳифасида.
“Турмуш ўртоғим ъБравўда чиқишимга қарши бўлмаган”
Оила қургач актриса ижоддан узилди. Тўйидан роппа-роса 4 йил ўтиб Ўзбекистонга келди ва “Браво” кулги жамоаси билан бирга концерт дастурида иштирок этди.
— “Браво” жамоасини олдиндан яхши кўриб, томоша қилардим. “Браво” жамоасига таклиф қилишгани мен учун ҳам кутилмаган таклиф бўлди. Жавлон Шодмонов ҳамда Отабек Мирзахолов телефон қилиб, “Шунақа таклиф бор, биргаликда ишласак нима дейсиз?” дейишганида мен рози бўлдим. Албатта, бу масалада турмуш ўртоғимнинг фикрини олган ҳолда, улар рози бўлганларидан сўнг, мен ҳам розилик билдирдим. Бу йил “Браво”нинг янги концертида илк маротаба чиқиш қилдим.
Биз томошабиннинг қарсаги, қўллаб-қувватлашидан катта энергия олмиз. Улар бизни олқишлагани сайин биз хурсанд бўламиз. Театрда ишлаб юрган вақтларимда томошабин бизни тушунмаса, эснаб ўтирса, меҳр билан томоша қилмаса, кайфиятимизга таъсир қиларди. Буни саҳнада билдирмасак ҳам, уйга қайтгандан сўнг ўйлаб юрардик. “Браво” жамоасини эса мухлислар жуда зўр кутиб олишди, дейди актриса.
“Мардикор аёл”да чиққанимдан афсусланганман
Актриса “Мардикор аёл” сериалида суратга тушганидан афсуслангани ва бошқа режиссёрларнинг ҳам таклифидан чўчиётгани ҳақида айтиб ўтган.
— Ўзбекистонга келганимда бир сериалга таклиф қилишди. Актёрлар орасида халқимиз ардоғидаги санъаткорларнинг борлигини билиб, сценарийнинг маълум бир қисмини ўқиб, сериалга тушишга рози бўлгандим. Очиғини айтадиган бўлсам, ўша сериалга тушганимдан афсусландим. Чунки монтаж ва дубляж ишларидан умуман қониқмадим. “Танаффус қилган бўлсам ҳам, ҳеч нима йўқотмабман”, дедим. Бу гапларимдан хафа бўлишмасин. Ўша қилган хатойим менга тажриба бўлди. Энди янада яхшилаб ўйлаб, кейин таклифларни қабул қиламан.
Туркия кино оламидан менга бир қанча таклифлар келди. Сценарийни ўқиганимда, тўғриси, ҳайратландим. Ўн йилдан буён санъат соҳасида юрган бўлсам, сценарийнинг бунақа пухта ёзилганини кўрмагандим. Сценарийда қаҳрамонингизнинг кўз ранги, қараши, болалиги, болаликдаги лақаби, болаликда қандайдир касал орттирган бўлса, ўша касаллик тарихи, ҳамма-ҳаммаси тўлиқ ёзилган. Режиссёр келиб актёр ёки актрисага тушунтириб беришга ўрин қолдирилмаган. Актёр сценарийни ўқийди, “бўлди, тайёрман”, деб суратга тушади. Актёр ёки актриса сочини, костюмини, режиссёрдан бориб, қаҳрамонининг характерини сўрамайди, у ерда актёр ёки актриса фақат ва фақат ўзининг ишини қилади, — деганди актриса.
“Ажрашганим йўқ”
Актрисанинг Ўзбекистонга қайтишини кўпчилик оилавий низолар, хусусан, турмуш ўртоғи билан ажрашгани билан боғлади. Аммо актриса мухлисларнинг ҳеч бир саволига жавоб беришни истамади. “Браво” жамоаси билан якунланган концертдан сўнг у Instagram профилига Туркияга кетаётгани билан боғлиқ сурат жойлади, холос. Шу йилнинг 18 апрель куни актриса фарзандли бўлганини маълум қилди. Наргиза қизалоғига Заира деб исм қўйган.
— Яқин жойга турмушга чиққан аёл бир ойда бир ёки икки марта уйига келиши, узоққа турмушга чиққанларни йилда бир оиласини кўргани келиши нормал ҳолат. Бу “ажрашди” дегани эмас. Иккала шаҳарда ҳам Аллоҳ умр берганича яшайман ва Аллоҳ насиб этганича санъатни давом эттираман”, — дейди актриса.
“Шаҳзода Муҳаммедова мендан ранжиган”
Наргиза Салмонова тақлид санъатига уста. У ҳамкасбларининг овозини шу қадар ўхшатадики, мухлислар ажратолмай қолишади.
— Овозларни тақлид қилиш энг севимли ҳоббиларимдан бири. Менимча, бу ҳам онамдан ўтган бўлса керак. Аммо тақлид ҳаммага ҳам ёқавермайди. Масалан, яқин дугоналаримдан бири Шаҳзода Муҳаммедова овозини тақлид қилганим учун ранжиган. Ҳозир ҳам илтимос қилиб сўрашмаса, тақлид қилмайман, дейди актриса Наргиза Салмонова.
Актриса сўнгги интервьюларининг бирида турмуш ўртоғи билан Ўзбекистонда тадбиркорлик қилишни режалаштираётгани ва Тошкентда оиласи билан яшаш нияти борлигини маълум қилган.
Изоҳ (0)