Бутун дунё учун жуда қийин ўтган 2020 йил ҳам тарихга айланмоқда. Келинг, йил давомида жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларни эсга олайлик.
Австралия тарихидаги энг катта ёнғин
Аслида, 2020 йилнинг «сценарий»си 2019 йилдаёқ ёзила бошлади. 2019 йилдан 2020 йилга мерос бўлиб ўтган Австралиядаги ўрмон ёнғинлари йилнинг энг муҳим ҳодисаларидан бири бўлди, десак янглишмаймиз. Австралия тарихидаги энг йирик ёнғин сифатида тарихга кирди ва мамлакат жанубида кучли бўлди.Йил бошидаги статистикага кўра, ёнғин натижасида 18,6 миллион гектар майдон ёниб кул бўлди. 5 900 та бино, жумладан, 2 800 та турар жой бинолари бузилди. 34 киши бевосита ёнғинлар натижасида вафот этган бўлса, 450 га яқин киши тутундан заҳарланиб вафот этди. Тўрт мингга яқин киши эса шифохонага ётқизилди.
Ёнғиннинг фауна ва флорага кўрсатган зарари анча жиддий бўлди. Баъзи маълумотларга кўра, ўрмон ёнғинлари натижасида бир миллиарддан ортиқ ҳайвон нобуд бўлди. Бир қанча турдаги ҳайвонлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолди. Натижада био хилма-хиллик бузилиш хавфи ёқасига келиб қолди.
Ҳавонинг ифлосланиш даражаси эса энг хавфли даражага етди. Тутунлар 11 минг км узоқликдаги масофадан ҳам кўринди. Ҳатто Чили ва аргентиналиклар ҳам бу воқеанинг гувоҳи бўлди. NASA ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидаги ҳавога чиққан зарарли CO2 миқдори 306 миллион тоннани ташкил қилди.
Мазкур ёнғинлардан кўрилган зарар, олов миқдори, узоқ давом этгани, экосистемага зарари жиҳатидан энг йириги бўлди. Оловни ўчириш учун нафақат бутун Австралиядан, ҳатто АҚШ, Янги Зеландия, Сингапур, Канада каби давлатлардан ҳам кучлар жалб этилди. Ёнғинлар январь ойи охирларига келиб пасайди.
Моддий зарар 4,4 миллиард доллар дея баҳоланди. Туризм соҳасига келтирган зарари эса бир миллиард доллардан ошди.
Хитойдан бутун дунёга – аср пандемияси COVID-19
Бутун дунё Австралиядаги ўрмон ёнғинларини хавотир билан кузатар экан, Хитойда 2019 йил охирида янги бир бало ниш урмоқда эди. Ўша пайтда ҳеч ким бу балонинг 2020 йилда инсониятни не кўйга солишини тасаввур ҳам қила олмас эди. Бу Хитойнинг Ҳубей провинцияси Вухан шаҳрида тарқалган SARS-Cov-2 вируси оқибатида келиб чиққан номаълум касаллик эди. Кейинчалик, бу касалликка COVID-19 дея ном берилди.Дастлаб 2019 йилнинг март ойида Испанияда Барселона университети вирусологлари канализация сувларида SARS-Cоv-2 вируси ҳужайраларини аниқлади. Сентябрь ойида Италияда ўтказилган тадқиқотларда маълум бўлдики, тўрт нафар беморда антитаналар аниқланди. Бу пайтга келиб, Италиянинг беш ҳудудида вирус тарқалгани ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. 2019 йилнинг 1 декабрь куни Вухан шаҳрида биринчи ҳолат аниқланди. Шундан кейин хитойлик шифокорлар мамлакатда қандайдир номаълум касаллик тарқалгани ҳақида огоҳлантириш билан чиқа бошлади. Бу касалликка дастлаб улар 2019н-CoV деб ном берди.
Икки ой давомида вирус бутун мамлакат ҳудудига тарқалди. 30 январь куни Тибет энг сўнгги касаллик аниқланган Хитой ҳудуди бўлди. 2019 йилнинг 31 декабрь куни Тайваннинг бир қатор эпидемиология марказлари e-mail орқали ЖССТ ташкилотини 2003 йилги SARS вирусига ўхшаш касаллик тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирди ва ташкилотнинг тинчланиш ҳақидаги чақириқларига қарамай, биринчилардан бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб эҳтиёт чораларини кўрди.
Январь ойида Хитойда касалликдан илк ўлим ҳолати аниқланди. 13 январь куни Хитой ташқарисида илк бемор Таиландда аниқланди. У Вухандан келган киши эди. Бир қатор халқаро ташкилотлар Хитойда аниқланган ҳолатлар сони камайтириб кўрсатилгани ҳақида баёнотлар бера бошлади. Январь ойи давомида бир қатор давлатларда касаллик ҳолатлари аниқланди. Таиланд, Тайван, Жанубий Корея, Сингапур, Вьетнам, Франция, Непал, Канада, Канада, Австралия, БАА, Камбожа, Шри-Ланка, Германия, Финляндия, Ҳиндистон, Филиппин, Италия, Россия, Буюк Британия, Швеция, Испания каби давлатлар ўз ҳудудида илк беморларни рўйхатга олди. Уларнинг аксарияти хитойлик ёки Хитойдан қайтган кишилар эди.
Январь ойининг охири ва февралнинг бошларида анча сокинлашган вазият февралнинг иккинчи ярмига келиб жиддий тус ола бошлади. Касаллик Хитойда чекина бошлар экан, янги ўчоқ Европага кўчди. Италия касалликнинг янги марказига айланди. Мамлакатда кескин чоралар кўрила бошланди. Ана шундан кейин касалликнинг бутун дунё бўйлаб тарқалиши ҳолатлари кескин кўпая бошлади.
Касаллик бошланишида эътиборсизлик қилган ва ҳаммани тинчланишга чақириб келган ЖССТ январь ойи охирига келиб халқаро фавқулодда ҳолат эълон қилди. Вазият жиддий тус ола бошлади. Март ойига келиб бутун дунёда касаллик кириб бормаган жой жуда кам қолди. Шундай қилиб, 11 март куни ЖССТ COVID-19 эпидемиясини пандемия деб эълон қилди. Март ойида бутун дунёда касалланганлар сони 200 минг кишидан ошди.
Шундан сўнг бутун дунёда кескин чоралар кўриш бошланди. Март ойида Европа касалликнинг янги ўчоғи бўлган бўлса, апрель ойига келиб, бу жараён АҚШга кўчди. Апрель ойида касалликка чалинганлар сони бўйича мамлакат бутун дунёда етакчига айланди ва ҳамон етакчиликни қўлдан бермаяпти.
Март ойида бутун дунёда 200 минг ҳолат аниқланган бўлса, бир ойдан кейин бу кўрсатгич рекорд даражада ўсди. 21 апрель куни дунё бўйича касалликка чалинганлар сони 2,5 миллион кишидан ошди. 11 май куни 4 миллион, 21 май куни 5 миллиондан ошгани эълон қилинди.
Ёз ойларига келиб, вазият изига тушди. Кўплаб давлатлар чегараларини очди. Европа барқарор ҳаётга қайта бошлади. Аммо АҚШ, Лотин Америкаси мамлакатлари, Ҳиндистон каби мамлакатларда касаллик ҳолати кучаяверди.
Кузда эса вазият яна жиддий тус ола бошлади. Касаллик ҳолатлари муттасил ўсишда давом этди. Дунёда коронавирусга чалинганлар сони 5 октябрь куни 35 миллиондан, 11 октябрь куни 37 миллион, 14 октябрь куни 38 миллион, 19 октябрь куни 40 миллион, 22 октябрь куни 41 миллион, 5 ноябрь куни 48 миллион, 9 ноябрь куни 50 миллион, 14 ноябрь куни 53 миллион, 26 ноябрь куни 60 миллион, 28 ноябрь куни 61 миллион, 29 ноябрь куни 62 миллион , 4 декабрь куни 65 миллион, 5 декабрь куни 66 миллион, 7 декабрь куни 67 миллион, 9 декабрь куни 68 миллион, 12 декабрь куни 70 миллион, 17 декабрь куни 74 миллион, 23 декабрь куни 78 миллион кишидан ошди. Касаллик, ҳатто, Антарктидада ҳам аниқланди. Шу тариқа ер юзида касаллик кириб бормаган қитъа қолмади.
Бутун дунё вакцина яратилишини интизорлик билан кута бошлади. Вакцина борасидаги дастлабки янгиликлар август ойларида пайдо бўлди. Россия дунёда биринчи бўлиб коронавирусга қарши вакцинасини рўйхатга олди. Куз ойлари давомида синовлар олиб борилди ва декабрь ойига келиб вакцинация жараёнлари бошлаб юборилди.
Маълум қилинишича, 1,1 миллиондан ортиқ одам коронавирусга қарши вакцина билан эмланди — булар Буюк Британия, АҚШ, Хитой ва Россия аҳолиси. Энг кўп одам Хитойда эмланган — 28 ноябрь ҳолатига кўра, 650 минг киши эмлаш олди. Буюк Британияда 15 декабрь ҳолатига кўра, коронавирусга қарши 137,8 минг киши вакцинация қилинди, Россияда эса эмланганлар сони 320 минг кишини ташкил этди. Эмлаш 14 декабрда бошланган АҚШда 17 декабрь ҳолатига кўра, қарийб 50 минг киши вакцинанинг биринчи дозасини қабул қилди.
Коронавирус пандемияси декабрь ойида янги фазага чиқди ва Буюк Британияда вируснинг янги мутант штамми аниқланди. Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэтт Хэнкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Ҳозирда ташкилот бу штаммни ўрганмоқда.
Дастлаб Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штамми Япония ва Францияда ҳам қайд этилди. Шунингдек, «британча штамм» Германия ва Швейцарияда аниқланди, Нигерияда эса бутунлай бошқача штамм аниқланди.
Шу тариқа бир йилдан ортиқ вақт давомида бутун дунё иқтисодиётини, соғлик тизимини ларзага солган COVID-19 пандемияси ҳамон давом этмоқда.
Олов ичида қолган Калифорния
Йил давомида АҚШ ғарбидаги ҳудудлар 2003 йилдан бери содир бўлган энг даҳшатли ёнғинларни бошдан кечирди. Ушбу ёнғин ҳосил қилган тутун ҳатто Европанинг шимолий қисмигача етиб борди. Ёнғинлар асосан Калифорния, Орегон, Вашингтон ва Аризона штатларида кузатилди. Август—сентябрь ойларида кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлди.Анормал иссиқлик ва чақмоқ ёнғинларни келтириб чиқарди. Калифорниядаги «Ўлим водийси» миллий боғида 17 август куни Ердаги энг юқори ҳарорат – 54,4 даража қайд этилди. АҚШнинг Калифорния штатида ўрмон ёнғинлари сабабли фавқулодда ҳолат режими жорий қилинди. Олов 39 та участкада тарқалди, улар орасидаги энг каттасининг майдони 14 минг гектарни ташкил қилди.
CNN ва Associated Press аввалроқ АҚШда август ойининг ўрталаридан бери ўрмон ёнғинлари камида 28 кишининг ҳаётига зомин бўлгани ҳақида хабар берди. Энг кўп қурбонлар Калифорния штатида бўлиб, у ерда ёнғинларда 19 киши ҳалок бўлди.
Сентябрь ойида Калифорниянинг Сан-Франциско шаҳрида олинган даҳшатли суратлар ёнғинларнинг кўламини ёритиб бера олади.
Black Lives Matter
25 май куни АҚШда бутун дунёни ларзага солган қотиллик юз берди. Гап шундаки, шу куни АҚШнинг Миннесота штатида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойд исмли кишини полиция гумон қилиши натижасида тўхтатади ва уни ҳибсга олиш жараёнида бир полициячи бир неча дақиқа давомида ерга ётқизиб, тиззаси билан бўйнидан босиб туради. Қурбоннинг бир неча марта «нафас ололмаяпман», дея огоҳлантиришига қарамасдан, полиция уни қўйиб юбормайди. Натижада Флойд вафот этди. Ўткинчилар томонидан олинган видеолар интернетда тарқалгач, бутун дунё мазкур воқеани гапира бошлади ва ирқчилик натижасида юз берган, дея баҳоланди.Видеолар тарқалганининг эртаси куни Миннеаполис шаҳрида бир неча минг кишилик намойиш бўлиб ўтди. Намойишчилар адолат қарор топишини талаб қилиб, Black Lives Matter шиорларини кўтариб чиқди. «Қоратанлиларнинг ҳаётлари қадрлидир» деб таржима қилинадиган мазкур ҳаракат қора танлиларнинг камситилишига қарши 2013 йилда пайдо бўлган эди.
Намойишлар Американинг 50 та штатида тарқалди. 2 500 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқларни қамраб олган намойишлар 31 майдан бошлаб бутун дунёга тарқалди. Намойишлар давомида бир қатор ёнғинлар, тартибсизликлар, куч тизимлари билан тўқнашувлар бўлиб ўтди. 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
Европа, Шимолий Америка, Жанубий ва Марказий Америка, Осиё, Африка ва Океания минтақаларида ҳам ушбу ҳаракатлар бўлиб ўтди.
Лукашенкони қулатолмаган намойишлар
2020 йилнинг энг эсда қоларли ҳодисаларидан бири Беларусда юз берди. Август ойидан бутун бутун дунё сиёсат оламининг диққати Беларусга қаратилди, десак хато бўлмайди. Сабаби 9 август куни мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижасидан норози бўлган беларусликлар амалдаги тузумга қарши норозилик намойишларини ўтказиб келмоқда.Сайловларда амалдаги президент Александр Лукашенко 80 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, навбатдаги муддатга сайланди. Бундан норози бўлган мухолифатдаги номзод Светлана Тихановская сайлов натижаларини тан олмаслигини маълум қилди ва ўз тарафдорларини намойишлар ва иш ташлашларда қатнашишга даъват этди. Натижада бутун мамлакат бўйлаб намойишлар ва иш ташлаш акциялари ўтказилди. Ушбу ҳаракатлар август ойи давомида ҳар куни ўтказилган бўлса, сентябрь ойидан ҳафтанинг дам олиш кунлари давом этди.
Сайлов натижалари эълон қилинган биринчи ҳафта намойишлар анча жиддий тус олди. Энг муҳим намойишлар 15, 16, 17, 18, 22 ва 23 август кунлари бўлиб ўтди. Турли завод ва фабрика ишчиларининг иш ташлари билан ўтган ҳаракат ой охирларига бориб, кучли тазйиқлар натижасида анча сокинлашди.
17 сентябрь куни Беларусь ўзининг Польша ва Литва билан чегараларини ёпди, Украина билан эса чегарадаги назоратни кучайтирди. Халқаро ташкилотлар, давлат раҳбарлари ҳам Беларусдаги вазиятга ўз муносабатини билдирди. Европа Иттифоқи сайловларни эркин ўтмаганини иддао қилди. 19 август куни Европа кенгаши видеоконференция ташкил қилди ва сайловлар ноқонуний ўтган деб қарор чиқарди. Европа комиссияси президенти Урсула вон дер Лайен «сиёсий тазйиққа учраганлар»га ёрдам бериш мақсадида икки миллион евро маблағ ажратилишини маълум қилди.
Франция президенти Эммануэль Макрон Беларусь намойишчилари билан бирдам эканини маълум қилди.
Латвия, Литва ва Эстония давлатлари Александр Лукашенкони persona non grata деб эълон қилди. Бир қатор давлатлар Беларусдаги юқори мартабали шахсларга ва президент Лукашенкога қарши санкциялар жорий қилди.
Беларусь президентини ҳукуматдан ағдаришни мақсад қилган намойишчилар ўз мақсадларига ета олмади ва Лукашенко ҳамон ўз ўрнида.
АҚШдаги шов-шувли президентлик сайловлари
АҚШдаги навбатдаги президентлик сайловлари 2020 йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтди. Бу мамлакат тарихидаги эллик тўққизинчи президентлик сайлови эди. 14 декабрь куни мамлакатнинг навбатдаги президенти маълум бўлди.Номзодлар республикачилардан амалдаги президент Дональд Трамп, демократлардан эса Жо Байденлар эди. Улар мамлакат тарихидаги энг қари номзодлар сифатида тарихга кирди.
Сайловнинг дастлабки натижалари 7 ноябрда маълум бўла бошлади. Бир қатор медиалар Жо Байденнинг ғалабасини маълум қилди. Ҳисобланган дастлабки натижаларга кўра, 306 та катта сайловчи Байденга, 232 таси эса Трампга овоз берди. Трамп 2016 йилда устунликни қўлга киритган тўртта асосий штатда мағлуб бўлди. Булар Пенсильвания, Мичиган, Висконсин ва Жоржия штатларидир. Шунга қарамай, Трамп бир неча бор мағлубиятни тан олишдан бош тортди ва сайловларда қаллобликлар юз берганини иддао қилди.
Бироқ 23 ноябрга келиб, Трамп администрацияси ҳукуматни топширишни бошлаганини маълум қилди. 8 декабрь куни 538 та катта сайловчининг овозлари рўйхатга олингани аниқ бўлди. 14 декабрь куни катта сайловчилардан ташкил топган сайлов комиссияси Жо Байденни АҚШнинг 46-президенти деб эълон қилди.
Бу йилги сайловларда иштирок этиш кўрсатгичи 66,9 фоизга етди ва бу 1900 йилдан буён илк бора кузатилди. Пандемия шароити бўлишига қарамай, бу ҳайратланарли кўрсатгичдир. Ҳатто энг тинч даврларда ҳам бундай фаоллик кузатилмаган эди. Якуний натижаларга кўра, Жо Байден учун 81 268 867 сайловчи (51,31 фоиз) овоз берган бўлса, Дональд Трамп 74,216,747 (46,86 фоиз) та овоз тўплашга муваффақ бўлди. 2008 йилги сайловларда ғалаба қозонган Барак Обама 69,5 миллион овоз йиға олган холос.
Шу тариқа 2020 йилни ҳам якунладик. Умид қиламизки, 2021 йил бутун дунё учун яхши келади.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)