Ўзбекистонда 1 сентябрь соат 23:30 дан 2 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 304 та ҳолат қайд этилди. Бу 3 июлдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Кетма-кет тўққизинчи кун касалланганлар сони 400 нафарга етмаяпти. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 42540 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 329, «Дарё» ҳисоби бўйича 340 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 304 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасидан аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 189 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 105 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 8 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 2 нафар.

Кун давомида 4 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. Охирги марта 5 июль куни тўрт ҳудудда янги касалланиш ҳолатлари аниқланганди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқлангани, карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда ушбу рақам назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрида 189 кишида коронавирус аниқланди. Сентябрнинг биринчи кунида Тошкентда 218 кишида COVID-19 қайд этилганди. Ҳозирда пойтахтда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 25 959 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 61 фоизи Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда.

Тошкент вилоятида 105 кишида COVID-19 аниқланди. 26 августдан буён биринчи марта вилоятда кунлик касалланганлар сони 100 нафардан ошди. Бунгача Тошкент вилоятида 26 июлдан 25 августгача фақатгина бир марта (23 август куни) касалланиш ҳолатлари 100 тага етмаганди. Ҳозирда Тошкент вилоятида касаллик аниқланганлар сони 7401 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 17,4 фоизи Тошкент вилояти ҳисобига тўғри келмоқда.

Бухоро вилоятида 8 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 3 кунлик танаффусдан сўнг яна янги ҳолатлар рўйхатга олинди. Бухорода коронавирусга чалинганлар сони 1054 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалиниш ҳолатларининг қарийб 2,5 фоизи Бухорода аниқланган.

Фарғона вилоятида 2 кишида COVID-19 аниқланди. Бир кун олдин вилоятда 3 кишида касаллик қайд этилганди. 10 августдан бошлаб Фарғонада янги беморлар аниқланганида касалланиш ҳолатлари 5 тадан ошмаяпти.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 2 нафар, Тошкент вилоятида 2 нафар, Хоразм вилоятида 1 нафар, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди.

Биринчи ўлим. Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани прокурори Хўжаев Ойбек Отаназарович 1 сентябрь куни 44 ёшида вафот этди. ЎзАнинг хабар беришича, Хўжаевда коронавирус инфекцияси аниқланган. Бемор маълум вақтдан буён касалликдан даволанаётган бўлган.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Ойбек Хўжаев 1976 йил Хоразмда туғилган ва 2018 йил ноябрь ойидан буён Каттақўрғон тумани прокурори вазифасида ишлаб келаётганди. ССВнинг маълум қилишича, Ойбек Хўжаев Хоразмда вафот этган. Бу Хоразм вилоятида коронавирус оқибатидаги 2-ўлим ҳолатидир. Вилоятдаги биринчи ўлим ҳақида 11 июль куни маълумот берилганди. Ўшанда Шовот туманида яшовчи 56 ёшли эркак вафот этганди.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Сергели туманида яшаган 65 ёшли М.А. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида яшаган 64 ёшли А.У. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 77 ёшли Н.А. исмли аёл вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшаган 63 ёшли Н.Х. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 329 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 340 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2328 нафар бемордан 365 нафари оғир, 176 нафари эса ўта оғир аҳволдаИкки кун аввал аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 422 нафарни, бир кун олдин 509 нафарни ташкил этаётганди, энди эса 541 нафарга етди. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 23,2 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди. Бу охирги 17 кун ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Касалликдан даволаниш

2 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудида 219 нафар бемор коронавирусдан соғайди. 21 августдан биринчи марта соғайганлар сони кунлик касалланиш кўрсаткичидан паст бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 103 нафари Тошкент вилоятида;
  • 98 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 11 нафари Бухоро вилоятида;
  • 5 нафари Фарғона вилоятида;
  • 2 нафари Қашқадарё вилоятида касалликдан фориғ бўлган.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 42 540 нафар бемордан 39 883 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда. Беш кундан буён даволаниш кўрсаткичи 93 фоиз бўлганди. Бу коронавирус Ўзбекистонга кириб келганидан сўнг энг юқори натижа ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 2328 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Коронавирусдан даволанишни давом эттираётган беморлар сони чўққига чиққан — 29 июль куни беморлар сони 9517 нафар эди. Бир ойдан бироз кўпроқ вақти ичида уларнинг сони 4 баробарга камайди. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 69 кун ичида минимум кўрсаткичга тушди — 26 июнь куни 2369 нафар бемор коронавирусдан даволанаётганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 1701 нафар. Фарғонада 3, Жиззахда 7, Навоийда 10, Қорақалпоғистонда 12, Хоразмда 14, Сурхондарёда 21, Андижонда 21, Бухорода 33, Наманганда 38, Қашқадарёда 43, Сирдарёда 48, Самарқандда 101 ва Тошкент вилоятида 276 нафар бемор қолди.