ДТМ бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган матбуот анжуманида абитуриент рухсатномасини олишга улгурмаганлар учун ҳар бир ҳудудда рухсатномани чоп этиш ускуналари ўрнатилганини маълум қилди.
Ражабовнинг айтишича, шу кунгача 3 мингга яқин абитуриент ДТМ рухсатномасини олишга улгурмаган. Уларнинг ҳар бирига такрорий хабарномалар юборилган.
Бундан ташқари, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларнинг кириш жойларида махсус ускуналар ўрнатилган ва рухсатномасини олмаганларга абитуриент рухсатномаси чоп этиб берилади.
2 сентябрдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари ҳам бошланган. Бўлиб ўтаётган тест имтиҳонларининг 1-сменасида 37 нафар абитуриент тестдан четлаштирилган.
Тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда микрокалкулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, телекоммуникация қурилмалари, шпаргалкалар ва бошқа воситаларни олиб киришга уринган абитуриентлар кириш жойининг ўзидаёқ тест синовларидан четлаштирилади.
Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев кириш имтиҳонларида турли шпаргалкалардан фойдаланганлик ҳолатлари учун қоидабузар абитуриентларни кейинги йилги имтиҳондан ҳам четлаштириш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилган.
Изоҳ (0)