Ўзбекистонда 30 август соат 23:00 дан 31 август соат 23:00 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 365 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет еттинчи кун касалланганлар сони 400 нафарга етмаяпти. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 41 893 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 320, «Дарё» ҳисоби бўйича 329 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 365 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 248 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 91 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 14 нафар;
  • Андижон вилоятида — 8 нафар;
  • Наманган вилоятида — 2 нафар;
  • Навоий вилоятида — 2 нафар.

Кун давомида 6 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 22 августдан сўнг касаллик қайд этилган ҳудудлар 10 тага етмаётганди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқлангани, карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда ушбу рақам назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрида 248 кишида коронавирус аниқланди. Август ойида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (25 август) 61 кишида, энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилди. Август ойида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатлар билан бирга) 11 137 та янги ҳолат аниқланди. Касалликка чалинганларнинг умумий сони 25 552 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 61 фоизи Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда.

Тошкент вилоятида 91 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда 26 июлдан 25 августгача фақатгина бир марта (23 август куни) касалланиш ҳолатлари 100 тага етмаганди. 26 августдан бошлаб эса Тошкент вилоятида ҳар куни 91 тадан 98 тагача янги ҳолатлар рўйхатга олинмоқда. Август ойи давомида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 4379 кишига кўпайди ва 7205 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича касалланиш ҳолатларининг 17,2 фоизи Тошкент вилоятига тўғри келмоқда.

Қашқадарё вилоятида 14 кишида касаллик қайд этилди. Охирги 13 кун ичида вилоятда 11 кунда янги беморлар рўйхатга олинди. Умуман олганда август ойида Қашқадарёда 258 кишида коронавирус қайд этилди, бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 27 фоизига тенгдир.

Андижон вилоятида 8 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда охирги 46 кун ичида (17 июлдан бери) фақат 4 марта — 25 июль8 август, 15 август ва 28 август кунлари янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаган. Август ойида вилоятда 215 кишида коронавирус қайд этилди. Касалликка чалинганларнинг умумий сони 1210 нафарга етди. Бу водийнинг қолган икки вилояти — Наманган (909 та ҳолат) ва Фарғона (323) вилоятларидаги умумий касалланганлар сонига (1232) деярли тенг деганидир.

Наманган вилоятида 2 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда кетма-кет учинчи кун 2 тадан янги ҳолат рўйхатга олинди. Август ойининг 19 кунида Наманганда янги касалланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, бу кунларда 164 кишида COVID-19 тасдиқланган. Бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 18 фоизига тенгдир.

Навоий вилоятида 2 кишида касаллик қайд этилди. Вилоятда 27 августдан бери энди янги ҳолатлар рўйхатга олинди. Август ойида Навоийда 75 кишида коронавирус аниқланди. Ушбу ойда Навоийда COVID-19 аниқланган кунларда фақат бир марта — 4 август куни кунлик касалланишлар сони 10 тадан кўп (14 та) бўлган. Вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 14,8 фоизи август ойига тўғри келди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 4 нафар, Қашқадарё вилоятида 1 нафар, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини маълум қилди. Ушбу ўлим ҳолатлари ҳақидаги ахборотларда 30 август куни вафот этган актёр Фатҳулла Масъудов ҳақида ҳам маълумот берилди. Вазирлик Фатҳулла Масъудовнинг ўлимига коронавирус сабаб бўлганини расман тасдиқлади. «Дарё» ҳисоби бўйича 31 августда 4 та янги ўлим ҳолати ҳақида хабар берилди. Бунақаси август ойида кузатилмаганди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 60 ёшли Х.А. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 53 ёшли С.Д. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 58 ёшли С.Н. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Тўлқин Ашуров 31 август куни 51 ёшида вафот этди. Тўлқин Ашуров вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусдан даволаниб келаётганини унинг ўринбосари «Дарё»га маълум қилди.

Тўлқин Ашуров.

Фото: Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси

2017 йилдан буён Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Тўлқин Ашуров коронавирус қурбони бўлганини ССВ тасдиқлади.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 320 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 329 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Август ойи энг кўп бемор вафот этган ой бўлди. Март—июль ойлари оралиғида жами 148 кишининг вафоти ҳақида хабар берилган бўлса, август ойида вафоти эълон қилинганлар сони 181 нафарни ташкил этди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2298 нафар бемордан 275 нафари оғир, 147 нафари эса ўта оғир аҳволдаБир кун аввал аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 414 нафардан 387 нафарга тушганди, энди эса 422 нафарга кўтарилди. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 18,3 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди. Бу охирги 14 кун ичидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Касалликдан даволаниш

31 август куни Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудида 456 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Август ойида 28 марта соғайганлар сони кунлик касалланиш кўрсаткичидан юқори бўлмоқда.

Янги тузалганларнинг

  • 326 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 109 нафари Тошкент вилоятида;
  • 11 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 5 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 5 нафари Наманган вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 41 893 нафар бемордан 39 275 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда. Уч кундан буён даволаниш кўрсаткичи 93 фоиз бўлганди. Бу энг юқори натижа ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 2298 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 29 июль куни даволанишни давом эттираётган беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. Бир ой ичида уларнинг сони 4 баробарга камайди. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 67 кун ичидаги минимумга тушди — 26 июнь куни 2369 нафар бемор коронавирусдан даволанаётганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 1632 нафар. Фарғонада 3, Жиззахда 7, Навоийда 10, Қорақалпоғистонда 12, Хоразмда 17, Сурхондарёда 21, Андижонда 36, Бухорода 36, Наманганда 38, Қашқадарёда 46, Сирдарёда 48, Самарқандда 110 ва Тошкент вилоятида 282 нафар бемор қолди.