Ўзбекистонда 27 июнь соат 23:30 дан 28 июнь соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 266 та ҳолат қайд этилди. Олти кундан буён янги касалланганлар сони 200 нафардан ошмоқда. Бир кун ичида 266 кишида касаллик аниқланиши 25 июнда ўрнатилган рекорддан кейинги иккинчи натижа ҳисобланади. Уч кун аввал 276 кишида касаллик аниқланганди. Янги қайд этилган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 7948 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 247 нафари карантин муассасаларида;
  • 16 нафари аҳоли орасида (Андижон вилоятида — 6 нафар, Самарқанд вилоятида — 4 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида — 2 нафар, Тошкент шаҳрида — 2 нафар, Тошкент вилоятида — 1 нафар, Сирдарё вилоятида — 1 нафар);
  • 3 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Қорақалпоғистонда — 2 нафар, Сирдарё вилоятида — 1 нафар) аниқланган.

Кун давомида 7 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 6 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди. Аҳоли орасида янги касалликлар аниқланиши бир кун аввалгига нисбатан 38 тага камайди.

ССВ маълумотларига кўра, касаллик аниқланганлардан 138 нафари хориждан келганидан сўнг карантинга олинган бўлган.

Қашқадарё вилоятида кун давомида қайд этилган 14 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланган. 5 июнда вилоятга коронавирус қайтганидан сўнг асосан карантиндагилар орасида касаллик қайд этилмоқда. 16 июнь куни Қашқадарёда карантиндаги 104 кишида коронавирус аниқланганди.

Андижон вилоятида ҳам 14 та янги ҳолат қайд этилган бўлиб, 8 таси карантиндагилар орасида, 6 таси аҳоли орасида аниқланди. Июнь ойида Андижонда бир кунда янги касалланиш ҳолатлари сони 10 тага ҳам етмаётганди. Энди вилоятда касалланганларнинг умумий сони 200 нафардан ҳам ошди. 20 июнь ҳолатига кўра, «яшил» ҳудуд деб белгиланган Андижон вилоятида 21, 23 ва 25 июнь кунлари ҳам аҳоли орасида касаллик аниқланганди.

Тошкент шаҳрида янги касалланиш ҳолатлари кескин камайди. Бир кун аввал янги касалланиш ҳолатлари 64 тани ташкил этган бўлиб, аҳоли орасида қайд этилган ҳолатларнинг ўзи 39 та эди. 28 июнда эса пойтахтда 13 та янги ҳолат қайд этилди. Улардан 11 таси карантиндагилар орасида, 2 таси аҳоли орасида қайд этилди. Бу ҳафта давомида Тошкентда аҳоли орасида энг кам касаллик аниқланган кун бўлди. Умуман олганда Тошкент аҳоли орасида энг кўп касаллик аниқланадиган ҳудуд ҳисобланади. Пойтахтда 4 июндан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида касаллик аниқланади.

Тошкент вилоятида 11 та янги ҳолат қайд этилди, булардан 10 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида ва биттаси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда кетма-кет 12-кун аҳоли орасида касаллик қайд этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган 6 та ҳолатдан  2 таси карантиндагилар орасида, 2 таси аҳоли орасида ва яна 2 таси халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида аниқланди. Ушбу ҳудудда 23 ва 27 июнь кунлари ҳам карантиндагилар орасида касаллик аниқланган. Лекин аҳоли орасида ва халқаро юк ташувчи машиналар орасида 13 июндан бери янги ҳолат кузатилмаганди.

Самарқанд вилоятида қайд қилинган 4 та ҳолатнинг бари аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда аҳоли орасида 15 июнь куни 3 та, 16 июнь куни 2 та, 21 июнь куни 1 та ва 24 июнь куни 8 та касалланиш ҳолати қайд этилганди.

Сирдарё вилоятида аҳоли орасида битта, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида битта янги ҳолат қайд этилди. Вилоятда 212326 ва 27 июнь кунлари ҳам аҳоли орасида касаллик аниқланганди.

Касалликдан даволаниш

28 июнь давомида 89 нафар бемор соғайди. Уларнинг 75 нафари Тошкент шаҳри ва 14 нафари Қашқадарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди. Қашқадарёда янги касалланганлар сони ҳам 14 нафарни ташкил этганди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 7948 нафар бемордан 5329 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 67 фоизни ташкил этмоқда. 27 июнь куни беморларнинг даволаниб чиқиши бўйича янги рекорд ўрнатилганидан сўнг даволаниш кўрсаткичи 67 фоиздан 68 фоизга кўтарилганди. Энди эса кўрсаткич яна пастлади.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди23 июнда уларнинг сони 2000 нафардан ошди, 28 июнга келиб эса шифохонадаги беморлар сони 2500 нафардан ҳам ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 2597 нафар бемордан 2152 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 445 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Жиззахда 2, Қорақалпоғистонда 10, Наманганда 24, Андижонда 28, Бухорода 34, Самарқандда 44, Навоийда 46, Сурхондарёда 56, Хоразмда 60 ва Қашқадарёда 141 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди.

Аҳволи оғир беморлар ва ўлим ҳолатлари

28 июнь куни ССВ икки киши коронавирусдан вафот этганини маълум қилди. Бир кун ичида икки беморнинг коронавирусдан вафот этиши Ўзбекистонда илгари кузатилмаганди.

Тошкентдаги Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокори А.У. 2020 йилнинг 14 июнь кунидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказидаги фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида фаолият кўрсата бошлаган. Фаолияти давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган шифокор 23 июнь куни аҳволи оғирлашиб, дастлаб Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасига, сўнг эса Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ўткир миокард инфаркти ташхиси билан ётқизилган.

26 июнда эса юрак, нафас ва ўпка етишмовчилиги кузатилиб, аҳволи оғирлашганлиги учун реанимация бўлимига олинган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи Ўзбекистондаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг мутахассислари томонидан бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган.

«Бироқ кардиолог, пульмонолог, терапевт, вирусолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган», — дейилади ССВ ахборотида.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, 42 ёшли Д.Х. (эркак) 2020 йил 20 июнь куни инсультнинг қайталаниши билан ўта оғир ҳолатда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази реанимация бўлимига ётқизилган. Беморда 22 июнь куни коронавирус аниқланган ва унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган ҳамда аҳволи кескин ёмонлашганлиги сабабли сунъий нафас олдириш аппаратига олинган.

Бироқ соҳа мутахассисларининг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди.

Янги ўлим ҳолатларидан сўнг Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 22 нафарга етди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2597 нафар бемордан 18 нафари оғир, 6 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 40 120 нафар, стационар карантинда эса 23 432 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 447 нафарга кўпайган бўлса, стационар карантиндаги фуқаролар сони 559 нафарга камайди. Уй карантинидаги фуқаролар сони июнь ойида биринчи марта 40 мингдан ошди.