Марғилонда Gentra кўчада ўйнаб ўтирган ёш болани босиб кетгани акс этган видео тарқалганди. Фарғона вилояти ИИБ ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, воқеа 2025 йил 10 май куни Марғилон шаҳар Зуҳро кўчасида содир бўлган. 1970 йилда туғилган фуқаро Д.А. Lacetti русумли автомобилини бошқариб кетаётиб, 2022 йилда туғилган А.А.ни уриб юборган.
Кўчада ўрнатилган кузатув камерасига муҳрланган видеода автомобиль йўлда ўйнаб ўтирган боланинг устидан босиб ўтгани, ҳайдовчи боланинг бақирганини эшитмай, ўз йўлида бамайлихотир давом этиб, ҳодиса жойидан кетиб қолгани акс этган.
Оқибатда тан жароҳати олган болакай шифохонага ётқизилган. ИИБ хабарида айтилишича, ҳозирда унинг аҳволи яҳши ҳолатда.
“Неварамнинг тос суяклари 3 жойидан синди. Бир ой тўшакка михланиб ётди. Ҳозир ҳам ўзида эмас. Ҳайдовчи аёл эса пинагини бузгани ҳам йўқ. Олти ой давомида яхши бўлади дейишди. Лекин батамом яхши бўлиб кетишига ҳеч ким кафолат бермайди”, деган боланинг бувиси “Кун.уз” билан суҳбатда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ҳамда 117-моддаси (хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, якунига кўра тегишли судловга юбориш чораси кўрилган.
Фарғона вилояти ИИБ ота-оналарга мурожаат қилиб, фарзадларини қаровсиз қолдирмасликка чақирди.
Жиноят кодексига кўра, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, башарти, айбдор бундай аҳволдаги шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлса ёхуд айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйган ва бу ҳол баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келса 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Кодекснинг 266-моддаси 1-қисмида белгиланишича, транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)