Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида жойлашган дўконда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилган.
ФВВнинг маълум қилишича, 28 июнь куни соат 14:15 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Оҳангарон шаҳри «Гулистон» МФЙда жойлашган кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги дўконда ёнғин келиб чиққани тўғрисида хабар келиб тушган.
Ушбу ҳудуднинг 190 метр квадрат майдони, яъни дўконнинг шифти ва ички жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотларига зарар етган.
Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳи воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни ўз вақтида бартараф этган. Қутқарувчиларнинг ҳаракатлари натижасида 90 метр квадрат майдон сақлаб қолинган.
Бирламчи маълумотларга кўра, ҳодисанинг келиб чиқишига Damas ҳамда «Зил-130» машиналарининг тўқнашуви сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
«Келиб чиққан ёнғинда ҳалок бўлган ва жабрланган фуқаролар бўйича маълумот келиб тушмаган», — дейилган хабарда.
Аввал Янгийўлдаги қоғоз заводида йирик ёнғин юз бергани, уни бартараф қилишга 36 та ўт ўчириш бригадаси жалб қилингани, Сирдарёда нодавлат таълим муассасасидаги ёнғин вақтида 111 нафар ўқувчи ва ўқитувчи эвакуация қилингани, Андижондаги тикув цехида, шунингдек, Сергелидаги пахта корхонаси омборхонасида ёнғин чиққани тўғрисида хабарлар берилган.
Изоҳ (0)