Исроил Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш учун ўн минглаб захирадаги ҳарбийларини жалб қилмоқда. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.

Яҳудий давлати 4 май куни гаровга олинганларни озод қилиш ва ҲАМАС жангчиларини йўқ қилиш учун босимни кучайтиришини эълон қилди. Бу ҲАМАСнинг ер ости ва ер устидаги инфратузилмасини бутунлай йўқ қилиш мақсадида янги ҳудудларда жанговар ҳаракат олиб боришни назарда тутади.
Шу тариқа Исроил ҳарбийлари ҲАМАСга қарши ҳужумни босқичма-босқич кенгайтиради. Исроил ҳарбий раҳбарияти бу гаровдагиларни йўқотишга олиб келишини айтмоқда.
Хавфсизлик кабинети Ғазодаги ҳарбий операцияни кенгайтириш режасини бир овоздан маъқуллаган. Режага кўра, Ғазони “забт этиш” ва ҳудудни назоратда сақлаш кўзда тутилган, деди исроиллик аноним расмий.
Режани амалга ошириш АҚШ президенти Дональд Трампнинг келаси ҳафта минтақага ташрифидан кейин бошланиши кутилмоқда. Бунгача ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш ҳаракатлари давом этади.
Тўлиқ ер усти операцияси бошланса, биз гаровдагиларгача етиб боришимиз кафолатланмаган. Буни ёдда тутинглар: уларни йўқотишимиз мумкин, деган Исроил армияси бош штаби раҳбари Эел Замир.
Генерал урушнинг иккита асосий мақсади — ҲАМАСни йўқ қилиш ва гаровдагиларни қутқариш — бир-бирига зид бўлиши мумкинлигини айтган.
Хавфсизлик кабинети, шунингдек, Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришни қайта тиклашга ҳам розилик берган. Бироқ ёрдамни тақсимлаш тизими ўзгартирилади. Эндиликда халқаро ташкилотлар ва хусусий хавфсизлик компаниялари озиқ-овқат маҳсулотларини Ғазодаги оилаларга тўғридан-тўғри тарқатади, оммавий сақлаш ва бўлишдан воз кечилади.
Исроил бу ўзгаришлар ёрдамнинг ҲАМАС томонидан тортиб олиниши хавфини камайтиради, деб умид қилмоқда. Исроил армияси ёрдам тарқатишда бевосита қатнашмайди. Аммо ҳарбийлар халқаро ташкилотлар ва хусусий пудратчиларга ташқи хавфсизликни таъминлаши кутилмоқда.
Изоҳ (0)