Исроилда 18 киши Қуддус атрофидаги ўрмонларга ўт қўйишда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда бош вазир Биньямин Нетаньяхуга таяниб The Times of Israel хабар берди.

Нетаньяхунинг сўзларига кўра, гумонланувчилардан бири жиноят устида қўлга олинган. Сиёсатчи ёнғин оддий ҳодиса эмаслиги, у табиат ва одамларга зарар етказишини таъкидлаган. Исроил бош вазири унинг мамлакати “бу вазифани ҳам уддалашига” ишонч билдирган.
Биз ёнғинни ўчириш ва вайрон бўлган нарсаларни тиклаш учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз, деган у.
Кучли ёнғин 30 апрель куни эрталаб Қуддус тоғларидаги Мезилат Сион аҳоли пункти яқинидаги Эштаол ўрмонида бошланган. Исроил ёнғинни ўчириш учун Озарбайжон, Аргентина, Буюк Британия, Греция, Испания, Италия, Кипр, Португалия, Шимолий Македония, Франция, Хорватия, Чехия ва Швециядан ёрдам сўраган. Ўт ўчириш самолётлари ва қутқарувчиларни Греция, Италия ва Хорватия юборган.
Фаластин ҳам ўз ёрдамини таклиф қилгани айтилмоқда. Ёнғинни ўчиришга 12 та самолёт, юздан ортиқ ўт ўчириш бригадалари, ҳарбий хизматчилар ва кўнгиллилар жалб қилинган. Эвакуация ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)