Вьетнамда “миллий мерос” деб эълон қилинган қадимий тахтнинг бир қисмини синдириб қўйган эркак ҳибсга олинди. Бу ҳақда “”Правила жизни” хабар берди.

Ҳодиса Ҳьюэ шаҳридаги энг муҳим иншоотлардан бири саналган Тҳай Ҳоа саройида содир бўлган. Бу ерда илгари расмий маросимлар ўтказилган император саройи жойлашган. Ҳозирда у музей сифатида фаолият юритмоқда.
24 май куни “кучли мастлик аломатлари бўлган” эркак саройга ташриф буюриб, экспонат атрофидаги тўсиқдан ўтиб кетган. У тахтга ўтириб, “тутуриқсиз гаплар гапирган ва қичқира бошлаган”. Сўнг маросимлар ўтказиладиган тарихий тахтнинг чап тирсак суянчиғини синдириб қўйган.

Полиция эркакни қўлга олиб, психиатрия экспертизасига йўллади. Воқеа содир бўлган ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Маълумотларга кўра, бу синдирилган тахт Вьетнамда 1802 йилдан 1945 йилгача ҳукмронлик қилган сўнгги император — Нгуен сулоласи вакиллари учун ишлаб чиқилган. Улар Ҳьюэ шаҳрига асос солган ва уни пойтахтга айлантирган. Бу шаҳардаги қироллик саройлари, маросим ўтказиладиган жойлар, мақбаралар ва бошқа обидалар ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Аввалроқ Италияда бир аёл музейда йиқилиб, XVI асрга оид расмга зарар етказган эди. Рассом Алессандро Бонвичинога (Моретто да Брешия номи билан танилган) тегишли икки томонлама полотно зарар кўрган. Расмнинг бир томонида икки авлиё, иккинчи томонида эса Муқаддас Марям тасвирланган эди.
Изоҳ (0)