“Яшил макон” — минглаб, миллионлаб дарахт экилиши ваъда қилинган, экологик барқарорликни тиклашга қаратилган йирик лойиҳа. Аммо бу ташаббус ортида ҳақиқий натижа борми ёки шунчаки расмий рақамларгагина хизмат қиляптими? “Дарё” журналисти бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини аниқлаш мақсадида ҳолатни ўрганди.

“Яшил макон” лойиҳаси учун миллионлаб маблағ сарфланади, катта сонлар айтилади. Ҳар бир ҳудудда минглаб кўчатлар экилгани эълон қилинади. Аммо айрим жойларда ҳолат мутлақо бошқа — кўчатлар қаровсиз, суғорилмаган, парвариш қилинмаган. Бунинг оқибатида улар қуриб қолган ёки бутунлай нобуд бўлган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бош мутахассиси айнан шундай ҳолатлар ҳақиқатда кузатилганини тасдиқлади.
Ўтган ой давомида айрим ҳудудларда экилган кўчатларнинг қуриб қолганлиги ёки умуман парвариш қилинмаган ҳолатлари аниқланди. Бу бўйича масъул мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Давлат экология инспекторлари “Яшил макон” электрон платформаси орқали назорат ишларини олиб бормоқда. Яъни кўчат экиш жараёнида инспекторлар платформага жойнинг суратини ва координаталарини юклаб, ҳар бир дарахтга алоҳида ID рақам бириктиради.
Кейинчалик шу ID рақам орқали жойига чиқиб, дарахтнинг ҳолати, тури ва сони ўрганилади. Агар уларнинг бир қисми нобуд бўлган ёки парвариш, суғориш ишлари олиб борилмаган бўлса, масъуллар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 4-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаридан 20 баробаригача жаримага тортилади, дейди Валижон Иброҳимов.

Ижтимоий тармоқларда эса бу ҳолатни тасдиқловчи видеолар кўпаймоқда — юзлаб қуриган, сарғайган, ўлиб ётган дарахтлар кўз ўнгимизда. Афсуски, бу ҳолат экологик ташаббус номи остида маблағларнинг шамолга учаётгани ҳақида ўйлантиради.
Кўчат экиш худди кўзбўямачилик учун амалга оширилаётгандек, суратга тушиш учун, расмий ҳисоботларда рақам сифатида кўриниши учун. Аммо, шундан кейинги энг муҳим босқич — парваришлаш ва асраш кўпинча эътибордан четда қолади. Бу ҳолат бугунги экологиянинг ёмонлашувида жуда аянчли.
2024 йилда Ўзбекистонда 541 та ҳолатда амалда экилмаган бир миллионтадан зиёд кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилгани айтилган эди.

Кўчат экиш бу фақат бошланиши. Уларнинг сувланиши, тупроқ ҳолати, қуёш нурига бўлган эҳтиёжи, ҳимояси ҳақида тизимли ишлар қилинмаса, бу ҳаракатлар ўз самарасини бермайди.
“Яшил макон” узоқ муддатли барқарор экологик ривожланишга хизмат қилиши учун, ҳар бир фуқародан тортиб, маҳаллий ҳокимият органларигача бўлган барча масъуллар бу ишга жиддий ёндашиши керак.
Марказий штаб томонидан шакллантирилган ҳисоботлар аввал давлат экологик инспекторларига юборилади. Кейин эса туман даражасидаги инспектор ушбу ҳисобот асосида ўз ҳудудида жойлашган “Яшил макон” доирасидаги экилган кўчатларни бевосита жойига чиқиб ўрганади. Кўчатларни кўздан кечириш давомида инспектор томонидан тегишли ҳужжатлар, яъни далолатномалар расмийлаштирилади. Бу жараёнда экилган ҳудуднинг майдони, қанча ва қандай турдаги кўчатлар экилгани, уларнинг ёши ҳамда мазкур иқлим шароитига мос ёки мос эмаслиги тўлиқ ўрганилади.
Шунингдек, суғориш тизими ҳам назорат қилинади. Дастлаб айрим ҳудудларда бу борада жиддий муаммолар мавжуд эди. Ҳозирда эса, суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларда ҳам назорат кучайтирилди. Инспектор жойига чиққанида, сув манбаи, суғориш усуллари ва техник имкониятлар орқали амалга оширилаётган суғориш амалиётлари ҳам баҳоланади. Иложи бўлмаган ҳудудларда техник воситалар ёрдамида суғориш ишлари йўлга қўйилган, маълум қилди мутахассис.
Валижон Иброҳимовнинг айтишича, ҳар бир майдонга масъул шахс бириктирилади. Ушбу масъул шахс экилган кўчатларга уч йил давомида парвариш ишларини олиб боришга жавобгар ҳисобланади.

Маълумот учун юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2025 йилнинг баҳорги мавсумида республикада 136 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилган.
Изоҳ (0)