Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси лавозимида ишлаб келаётган Ойбек Шахавдинов бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Хорватиядаги элчиси бўлди. Бу ҳақда Венгриядаги Ўзбекистон элчихонаси хабар берди.
23 октябрь куни у Загребда Хорватия Ташқи ва Европа ишлари вазирлиги протокол департаменти бошлиғи Мирта Еленс Жупанга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг келажаги муҳокама қилинди.
Ойбек Шахавдинов 2024 йилнинг март ойидан буён қароргоҳи Будапештда жойлашган Венгриядаги биринчи элчи лавозимида ишлаб келаётганди. У Хорватияда ҳам Ўзбекистоннинг биринчи элчиси бўлди (қароргоҳи Будапештда).
Ойбек Шахавдинов Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат юридик университети (магистратура), Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг (МДХМИ) таржимонлар тайёрлаш курсини тамомлаган.
Дипломат 2004 йилдан буён ТИВ тизимида. Меҳнат фаолиятини Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бошлаган, сўнгра ТИВнинг Европа давлатлари билан ҳамкорлик бошқармасида референтликдан бошқарма бошлиғи сингари дипломатик хизматнинг барча босқичларини босиб ўтган. Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонасида ишлаган.
Изоҳ (0)