Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Испания ТИВга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг янги элчиси Фаррух Турсунов Испания Ташқи ишлар вазирлигининг Протокол департаменти бош директори Мария Себастьян де Эрисга ўзининг ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Мамлакатлар ўртасида мавжуд улкан салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш ва унга амалий тус бериш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Учрашув якунида ўзаро мулоқотларни мунтазам равишда давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.
Қайд этилишича, элчи 7 декабрь куни Тошкентдан Мадридга етиб борди. Дипломат 50 ёшда. ТИВ тизимида 1994 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги (2008–2012 йилларда) ва Япониядаги (2012–2017 йилларда) элчихоналарига раҳбарлик қилган. 2018 йилдан буён у ТИВнинг Стратегик таҳлил ва прогнозлаш бош бошқармаси, шунингдек, Йиғма ахборот-таҳлил департаментини бошқариб келаётган эди.
Изоҳ (0)