Қўшма Штатлар Исроилни Эрон баллистик ракета ҳужумларидан ҳимоя қилишда ишлатилган зенит ракеталар ўрнини қоплаши учун 2 миллиард долларгача маблағ сарфлайди. Янги ракеталарни ишлаб чиқариш бир йилдан ортиқ вақт олиши мумкин. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри АҚШ расмийларига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, Пентагон “12 кунлик уруш” давомида Эрон томонидан Исроилга учирилган ракеталарни тутиб олиш учун бир жуфт ТHААД батареясини сафарбар этган. Улар орқали 150 дан зиёд зенит ракета учирилган. Бу АҚШ қуролли кучларида мавжуд бу турдаги ракеталарнинг қарийб чорак қисмини ташкил этади. Аммо бу ҳаммаси эмас. Америкаликлар ҳарбий кемалар орқали 80 та СМ-3 ракеталарини ҳам учирган.
Экспертлар ҳар бир зенит ракета нархини қуйидагича баҳолайди:
▪️ SМ-2 — 2,1 млн доллар;
▪️ SМ-6 — 3,9 млн доллар;
▪️ SМ-3 Block IB — 9,7 млн доллар;
▪️ SМ-3 Block IIA — 28 млн доллар.
Исроилнинг ўз мудофаа тизимлари
Яҳудий давлати Эрон ҳужумларини қайтаришда ўз мудофаа тизимларидан ҳам фаол фойдаланди. Жумладан, Arrow-2 ва Arrow-3, шунингдек, қисқа масофали ракеталарга мўлжалланган “Темир гумбаз” ва “Довуд палахмони” каби тизимлар ҳам қўлланди. Расмийларнинг айтишича, агар Эрон ҳужумларни давом эттирганида, Исроилнинг тутиб олувчи ракеталари тезда тугаган бўлар эди.

АҚШ нафақат ҳимоя, балки ҳужум мақсадлари учун ҳам катта маблағ сарфлади. Эрон ядровий объектларига жами 14 та ГБУ-57 бункер-тешувчи бомбалари ташланган. Шунингдек, сувости кемасидан 20 дан ортиқ Tomahawk ракеталари учирилган.
Изоҳ (0)