Россия ҳарбий денгиз кучлари ихтиёридаги ягона авиаташувчи Адмирал Кузнецовнинг тақдири борасидаги баҳс-мунозаралар яна кун тартибига чиқди. 1985 йили сувга туширилган кема 2017 йилга қадар хизмат қилди. Шундан буён уни яна жанговар сафга қайтаришга бўлган уринишлар фойда бермади. Авиаташувчи эндиликда сотилиши ёхуд утилизация қилиниши мумкин.

Маҳаллий манбаларга кўра, мазкур таклифни “ВТБ Банк” раиси, шу билан бир вақтда Бирлашган кемасозлик корпорациясини назорат қилаётган Андрей Костин илгари сурган.
“Бу кема бизнинг балансда, уни таъмирлашнинг маъноси йўқ. Менимча, масала Кузнецовни бутунлай утилизация қилиш ёки сотиш билан ҳал этилади”, деган у.
Костин мазкур фикрларни Борей-А синфидаги К-555 “Княз Пожарский” ядровий сувости кемасига байроқ кўтариш бўйича президент Путин қатнашган маросимида айтган. Шунинг ўзи ҳам рус ҳарбий флотининг фахри ҳисобланган кема тақдири ҳақида хулоса энг юқори давраларда қабул қилинганидан далолат беради. Бошқача айтганда, Россия ҳарбий-сиёсий раҳбарияти бу масалани жиддий кўриб чиқмоқда.

Ким сотиб олиши мумкин?
Defense Express нашрининг ёзишича, Адмирал Кузнецовни сотиб олиш Москва билан қалин муносабатлардаги давлатлар учун ҳам жозибали эмас. Ҳиндистон маҳаллий авиаташувчиларни қуришга улкан сармоя киритмоқда. Бразилия эса Буюк Британиядан HMS Albion ҳамда HMS Bulwark десант-амфибия кемаларини сотиб олишни режалаштирган. Нашр кема бирор давлат ташкилотига “сотилиб”, музей экспонатига айлантирилиши мумкинлигини тахмин қилган.
Изоҳ (0)