Тошкент шаҳар Янги Тошкент ҳудудидан тўқимачилик маҳсулотлари фаолияти билан шуғулланиш учун 2,7 гектар сотувга қўйилган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Аукцион савдосида ернинг бошланғич нархи 13,5 миллиард сўм деб белгиланган. Ўсиб бориш тартибидаги савдода “Ўзгувен Мимарлик Иншаат” хусусий корхонаси 25,7 миллиард сўм билан ғолиб бўлган.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқ тури ижара, маҳаллий иштирокчиларга 49 йил муддатга, чет эллик иштирокчиларга 24 йил муддатга берилади. Ундан фойдаланиш мумкин бўлган фаолият турлари — 80 фоиз турар жой, 20 фоиз нотурар. Лойиҳа бўйича дирексия билан келишилади.
Қурилиши режалаштирилган объектга 43 миллион доллар инвестиция киритиш кўзда тутилган. Рухсат этилган объектлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
Аввалроқ Янги Тошкент шаҳри қурилиши учун Тошкент вилоятидан яна ер ажратилгани маълум қилинган эди.
Маълумот учун, 2023 йилнинг март ойида Янги Тошкент шаҳрининг қурилишига тамал тоши қўйилган эди. 2024 йил апрелида бу ерда илк иншоотлар қурилишини бошлаш маросими бўлди.
2023 йилнинг июлида “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинган. 500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Тошкент шаҳри Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. Янги Тошкент лойиҳасини амалга ошириш учун танлаб олинган ҳудуд — денгиз сатҳидан 500 метр баланд бўлиб, шаҳарга яқинлиги, ўз иқлими, баҳаволиги ва икки дарё ўртасида жойлашгани билан ноёб ҳисобланади.
Давлат раҳбари 2023 йил сентябрида Янги Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишганида Янги Тошкент “ақлли” ва “боғ шаҳар” бўлишини айтганди. Давлат идоралари босқичма-босқич Янги Тошкентга кўчиб боради.
Изоҳ (0)