Марказий сайлов комиссиясининг бир мандатли сайлов округи ҳамда ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатасига партиялар рўйхати асосида сайланган депутатларни рўйхатга олиш тўғрисида қарори қабул қилинди.
Рўйхатга кўра, бешта партия раислари депутатликка сайланган. Жумладан, ЎзЛиДеП партияси раиси Актам Хаитов, “Миллий тикланиш” раиси Алишер Қодиров, Экопартия раиси Абдушукур Хамзаев, ХДП раиси Улуғбек Иноятов ҳамда “Адолат” СДП раиси Робахон Махмудова депутат этиб сайланди.
Шу билан бирга, Акмал Саидов, Наримон Умаров, Борий Алиханов, Нуриддин Исмоиловлар ҳам ягона сайлов округи бўйича депутат этиб сайланган.
Бир мандатли сайлов округлари сайланган депутатлар рўйхатида эса Ўзбекистон вазирлари йўқ.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова лавозимини тарк этиб, депутатликни танлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Душанба куни депутатлик сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинганди.
Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш жараёни 27 октябрь куни 11 минг 28 та сайлов участкаларида соат 08:00 да бошланиб, соат 20:00 гача давом этди.
Бу йилги сайловларда сайлов жараёнини бошқаришнинг автоматлашган тизимидаги сайловчиларнинг электрон рўйхатига Ўзбекистондаги 19 миллион 944 минг 859 нафар сайловчи киритилганди. Бундан ташқари, чет эллардаги сайловчилар 165 минг 631 нафарни ташкил этди. Шундан 140 388 нафари сайловда иштирок этди.
40 та хорижий давлатдаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарида 57 та сайлов участкалари ташкил этилган. Хориждаги сайлов жараёнларининг дастлабкиси Япония ва Корея Республикасидаги дипломатик ваколатхоналарида Тошкент вақти билан соат 04:00 да бошланди. Овоз бериш жараёнларининг сўнгиси АҚШдаги ваколатхоналарда Тошкент вақти билан 28 октябрь соат 05:00 да якунланди.
27 октябрь соат 13:00 ҳолатига кўра, 19 944 859 нафар сайловчидан 9 948 589 нафари ёки 47,62 фоизи овоз беришда иштирок этди ва депутатлик сайлови ўтган деб ҳисобланди.
Бу йилги сайловлар янгиланган Конституция ва миллий сайлов қонунчилигига биноан, аралаш сайлов (мажоритар-пропорсионал) тизими асосида ўтказилди.
Изоҳ (0)