Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева президентлик сайловида ўзи ёқлаган номзодга овоз берди.
Танзила Норбоева 576-сайлов участкасида президентлик сайловида набираси билан иштирок этди. Сенат раиси “Дарё” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда сайлов тизими такомиллашиб бораётганини айтди.
“Барча сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакилларининг жараённи бемалол кузатаётгани мамлакатимизда сайлов тизимининг тобора такомиллашиб бораётганидан далолат беряпти. Тизимнинг жаҳон стандартига хос такомиллаштирилиши аввало қонун чиқарувчиларнинг, Марказий сайлов комиссиясининг, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, қолаверса, ОАВнинг ҳамкорликдаги кўп йиллик фаолиятимиз натижалари деб биламиз. Ўйлайманки, кейинги ўтказиладиган сайловлар ҳам такомиллашиб бораверади. Сайловда 16 та халқаро ташкилотлар, 50 га яқин давлатлар вакиллари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқулари бюросининг 244 нафар кузатувчилари қатнашаётгани жуда ҳам аҳамиятли”, — деди Сенат раиси
Эслатиб ўтамиз, бугун (9 июль) Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлиб ўтмоқда. Тўрт нафар номзод президентлик учун курашмоқда. Улар — Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, ЎзЛиДеПдан Шавкат Мирзиёев, “Адолат” партиясидан Робахон Маҳмудова ҳамда Экопартиядан Абдушукур Ҳамзаев.
Сайловда ғолиб бўлган номзод президентликка 7 йилга сайланади. Бу ҳақда янгиланган Конституцияда белгилаб қўйилган.
Изоҳ (0)