24 октябрь, якшанба куни Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтади. Сайлов компанияси эса бундан уч ой аввал — 23 июль куни старт олганди. Август—сентябрь ойлари давомида мамлакатда расман рўйхатга олинган беш партия — «Адолат» социал-демократик партияси, Экологик партия, Либерал-демократик партия, «Миллий тикланиш» демократик партияси ва Халқ демократия партияси муҳокамалар ва қурултойлар ўтказди.
Ушбу муҳокамалар якунига кўра «Адолат»дан партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимов, ЎзЛиДеПдан амалдаги президент Шавкат Мирзиёев, Экопартиядан партия раиси Нарзулло Обломуродов, «Миллий тикланиш»дан партия етакчиси Алишер Қодиров ва ХДПдан Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатилди ва Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинди.
«Дарё» партияларнинг икки ой аввалги муҳокамалари вақтида сўзга чиққан нотиқлар томонидан номзодлар ҳақида билдирилган эътиборга молик фикрларни бир саҳифага жамлади; нутқ ва чиқишлар қисқартирилган ва жузъий таҳрирланган ҳолда берилмоқда.Баҳром Абдуҳалимов ҳақида
Саидаҳрор Ғуломов, Фанлар академияси аъзоси, иқтисод фанлари доктори, профессор
Мен Баҳромжон Абдуҳалимовни 30 йилдан бери яхши биламан; яхши олим, ташкилотчи. Ҳозирда Фанлар Академияси вице-президенти сифатида катта ишлар олиб боряпти, бутун ижтимоий-гуманитар фанларни юқори даражага олиб чиқди.
Қўлёзмалар — минг йиллик тарихимиз жуда хароб аҳволда эди; хорижий тилларни яхши билгани учун жуда катта грант олди, институтни қайта таъмирлаб, айниқса ўша қўлёзмалар фондини тиклади. Ўзбекистонда бир неча йирик тарихий юбилейлар ўтган бўлса, уларнинг тарихини айнан Баҳромжон Абдуҳалимов бошчилигидаги институт асослаб берди, бутун дунёдан олимлар келиб, бу юбилей тантаналарида қатнашиб кетган.
Мен нима билан фахрланаман? Физика, кимё соҳасида биз етук натижаларга эришганимиз йўқ, бу соҳаларда хорижда ҳам тан олиниб, президентларни Ўзбекистонга олиб кела оладиган тадбирлар бўлгани йўқ. Фақат бизнинг Археология ва Шарқшунослик институтлари тайёрлаган ва асослаб берган Ўзбекистон тарихини ЮНЕСКОдан бошлаб бутун дунё тан олди, халқаро конференциялар бўлиб ўтди.
Иккинчидан, Баҳромжон Абдуҳалимов кўп йил Президент давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлади, кейин нодавлат ташкилотлар куратори бўлди. Шунда мен ҳам хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш соҳаси раҳбари сифатида бир неча бор ҳамкорликда ишладим; 35 тача мамлакат билан мулоқот қилардик, Баҳромжон бошчилигида шу йўналишнинг ҳам жуда катта ривожига эришдик.
Шунинг учун — бу одам Ўзбекистон тарихини, сиёсатини, давлат ишларини яхши билгани учун — Баҳромжон Абдуҳалимов номзодини 100 фоиз маъқуллайман.
Акмалхон Бурхонов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори
Баҳромжон Абдураҳимовични Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатиш учун ҳар томонлама муносиб, деб ҳисоблайман. Биринчидан, у партия сиёсий кенгаши раиси, яъни лидери — партиянинг ғояларини, партия қаёққа қараб кетаётганини унинг раҳбаричалик ҳеч ким билмайди.
Иккинчидан, Баҳромжон Абдураҳимовични нафақат партия раҳбари сифатида, балки ўз соҳасининг етук мутахассиси, олим сифатида ҳам жамоатчилик жуда яхши билади. Энг муҳими, Баҳромжон Абдураҳимович давлат ва жамият бошқарувининг муҳим соҳаларида самарали фаолият юритган, қайси соҳада ишламасин, ўша соҳанинг ривожига катта ҳисса қўшган, ўша соҳада ўсиш бўлган.
Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан бу ерда танишиш мумкин.Шавкат Мирзиёев ҳақида
Расул Кушербоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
Бугунги кунда нафақат парламент депутатлари, балки жойлардаги маҳаллий депутатлар ҳам давлатимиз раҳбарига ўз таклифларини мустақил юборяпти, мулоҳазаларини беряпти, мурожаатлар жўнатяпти. Илгари бундай амалиёт деярли кузатилмаган. Охирги йилларда мана шундай журъат пайдо бўлди. Бу, аввало, давлат раҳбарининг ўзларидан бошлаб, бошқа идораларнинг ҳам эшикларини ҳамма учун очиб қўйганликлари сабаб.
Биз бугун фақат Марказий Осиёда эмас, балки Осиёда энг яхши давлатлар қаторига киришимиз керак, деган мақсад билан яшасак, интилсак, тўғри бўлади. Олдинга қўйилган мақсадлардан келиб чиқсак, уларни рўёбга чиқаришга энг муносиб номзодлар қаторида биз амалдаги давлат раҳбаримиз Шавкат Миромонович Мирзиёевни кўрамиз. Мен ҳам кўпчилик қатори шу фикрдаман.
Бахтиёр Умаров, Наманган вилоятидаги «Истиқлол текстил дизайн» компанияси директори
Тадбиркорларни жаҳон бозорига олиб чиқиш, жаҳон бозорида соғлом рақобатни шакллантириш учун банк сиёсатини ислоҳ қилиш, конвертация масалаларини очиб бериш Шавкат Миромонович ислоҳотларининг бошланиши бўлди ва биз тадбиркорларга жуда катта далда бўлди. Бунинг ўзи бир қаҳрамонлик, десак тўғри бўларди.
Шавкат Миромоновични инсон сифатида таърифлайдиган бўлсам, у киши бизга ватанга муҳаббатни, халққа, миллатга хизмат қилишни ўргатди. Кичкинагина мисол. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг бошланиши арафаси, соат 22:00, эрталаб жуда катта тадбир бошланадиган. Биз тадбирдаги ҳамманинг кийимига масъул эдик, вазифамиз ходимларни чиройли кийинтириш. Кечки пайт бошловчи ўзгариб қолди. Биз дарҳол кийимларга қарадик, аммо оддий бир галстук муаммо бўлиб қолди. Шунда Шавкат Миромонович бундан хабар топиб қолдилар-да, галстукларини ечиб бердилар. Бу бизга шундай қаттиқ таъсир қилдики, ватанга ҳақиқий фидойиликни биз шунда Шавкат Миромоновичда кўрдик.
Шу боис, биз, тадбиркорлар партиямиздан президентликка номзод Шавкат Миромоновични якдиллик билан қўллаб-қувватлаймиз, сайловолди тарғибот ишларида фаол иштирок этамиз.
Абдулла Арипов, Ўзбекистон бош вазири
Мамлакатимиз раҳбарининг «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган ғоялари фаолиятимиз асосига айланди. Халқимиз ўзининг дард-у ҳасратини, йиллар давомида йиғилган муаммоларини очиқ-ошкора айта бошлади. Чунки, бунга муҳит яратилди. Очиқлик сиёсати олиб борилгани туфайли халқимизнинг давлатга нисбатан ишончи янада мустаҳкамланди. Давлат ва жамият ўртасида бирдамлик вужудга келди. Оммавий ахборот воситалари халқ минбарига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Йиллар давомида яшириб келинган камбағаллик муаммоси борлигини Президентимиз очиқ гапириб, унга қарши кескин кураш бошлаб берди. Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродалари билан мамлакатда инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиб, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди. Ҳурматли Президентимиз ишлаш, пул топиш учун хорижга кетаётган фуқароларимизга муносабатни буткул ўзгартирди. Адашиб бошқа йўлга кириб қолган ватандошларимизга душман кўзи билан қараш эмас, аксинча кечиримли бўлиш, уларга инсонийликнинг энг юксак намунасини кўрсатиш давлатимиз раҳбарининг муҳим ислоҳотларидан бири бўлди.
Ўтган кабиса йили мамлакатимиз учун оғир синовлар йили бўлди. Пандемия балоси етмаганидек Бухоро вилоятида, сўнгра «Сардоба» сув омборида кутилмаганда юз берган табиий ва техноген офатлар ҳам эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди. Ҳурматли Президентимиз ушбу ҳудудларга талафот куниёқ шахсан ташриф буюриб, хонадонма-хонадон юриб, зарар кўрган аҳоли билан биттама-битта учрашиб, дилдан суҳбатлашдилар, дард-у ташвишларига шерик бўлдилар. Давлатимиз раҳбари тўғоннинг ёрилган қисмидан чиққан сув тўхтагунига қадар тўрт сутка эрта-ю кеч мижжа қоқмасдан офатни бартараф этиш бўйича қилинган барча ишларнинг бошида турди.
Шу ўринда бир нарсани сизларга эслатмоқчиман: беш йил аввал валюта бозори қай аҳволда эди?! Учта курс мавжуд эди. Кўп-кўп қўштирноқ ичидаги «ақлли иқтисодчилар» валюта бозори эркинлаштирилишига кескин қарши бўлган. Фақатгина ҳурматли Шавкат Миромоновичнинг қатъиятлари билан валюта бозори эркинлашди, миллий валюта — сўмни эркин айрибошлаш имконияти яратилди. Ҳақиқий бозор иқтисодиётини барпо этиш мақсадида қабул қилган ушбу тарихий қарорлари туфайли макроиқтисодий барқарорлик таъминланди.
Умуман, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида жонланиш, ўсиш-ўзгариш яққол кўзга ташланмоқда. Буни эътироф этмаслик, тан олмаслик ҳақиқатан кўз юмиш бўлади. Ўзбекистонда бутунлай янгича иқтисодий-сиёсий, ижтимоий-маънавий, илмий-маърифий иқлим пайдо бўлди.
Хўш, мамлакатимиз бундай мақтанишга арзигулик натижага қандай эришди? Эришилаётган натижаларга асло қониқмаслик, муваффақиятларга маҳлиё бўлмаслик, мавжуд аҳволни ҳаққоний, ишларни мунтазам танқидий баҳолашга, ўзларининг ва жамоаларининг олдига тинимсиз бир-биридан мураккаб вазифаларни қўйиб, доим маррани баланд олишга даъват қилган ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродалари ва шахсий намуналари билан эришдик!
Биз жуда тез амалга оширилаётган ўзгаришларга кўникиб қолдик. Уларнинг моҳиятини англашга улгурмаяпмиз. Гўё, ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида қилинаётган мислсиз ислоҳотлар айнан шундай бўлиши керакдек ва шу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгандек қабул қиляпмиз. Аслида, бунинг замирида, давлатимиз олдида турган долзарб муаммоларни ақл-идрок билан еча оладиган, фидойи, мард, серғайрат ва тафаккури кучли бўлган шахснинг – ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатъиятлари мужассамдир!
Шавкат Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан бу ерда танишиш мумкин.Нарзулло Обломуродов ҳақида
Саидрасул Сангинов, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари
Нарзулло Обломуродов аҳоли муаммолари билан ишлаш, ҳудудларини обод қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, экология муҳофазаси, «Обод қишлоқ» дастури доирасидаги ишларни юқори даражада ташкил этиш ва уларнинг ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатган. Хусусан, 2018 йили Манас қишлоғини обод қилиш, ушбу тажриба асосида Мирзачўл туманидаги Гагарин қишлоғини обод қилишда алоҳида фидойилик кўрсатган. Мирзачўл туманида «Обод қишлоқ» дастурини фаоллаштириш учун тузилган штабга раҳбарлик қилган. Ўшанда катта кўламдаги ишлар қилинганидан халқимиз хабардор.
Партиямизга раҳбар сифатида сайлангач, партия фаолиятини яхшилаш учун қисқа муддат ичида бир неча муҳим ташаббусни амалга оширди, хусусан, Партия аъзолари сони 2047 нафардан 437 минг нафаргача оширилди. «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарофонини ўтказиш ташаббускори ҳам айнан шу киши. Веломарафондан тушган маблағлар Мўйноқдаги қишлоқларни обод қилиш, суғориш-ирригация тизимини яхшилаш, тоза ичимлик сув тармоқларини тортиш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳолининг бошқа муаммоларини ечишда мадад бўлмоқда.
Моҳира Хўжаева, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати
Нарзулло Обломуродов қисқа муддатда нафақат Оролбўйи, балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида экологик муаммоларни ҳал қилишда ўзининг жонбозлигини кўрсатди. У ўзининг етакчилик қобилияти, ташаббускорлиги, сиёсий жараёнларни тўлиқ англаб ета олгани, давлатимиз ва жамиятимизнинг ривожига муносиб қисса қўшаётганини эътироф этишимиз керак.
Низомиддин Бакиров, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси
Нарзулло Наимовичнинг Манас, Мирзачўлдан Орол денгизигача бўлган ҳудудларда олиб борган ишлари ҳақида гапириб ўтишди. Мен бу кишини Президент администрациясида пайтларидан бери танийман. Жонкуяр, ёшларга намуна, айниқса — ташаббускор; ҳар бир ишда ташаббус кўрсатиб, ватанпарварлигини намоён қилиб келади.
У бошлаган жараёнлар ҳозирда Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятларида давом эттириляпти. Тоғ ва тоғолди ҳудудларимизда ҳам жуда катта майдонларда экологик муҳитни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар амалга ошириляпди. Ўрмончиликни ривожлантириш бўйича 2030 йилгача қабул қилинган концепцияни ишлаб чиқишда ҳам номзодимизнинг ҳиссаси бор.
Нарзулло Обломуродовнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан бу ерда танишиш мумкин.Алишер Қодиров ҳақида
Хуршид Дўстмуҳаммад, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
МТДПнинг оддий аъзоси сифатида айтаманки, (партиядан кўрсатилаётган номзодимиз) жуда катта тажрибага эга. Илгари партиямиз ёш, имкониятимиз, маблағимиз оз, деган гапларни айтардик. Энди бундай гапларга ўрин қолмади. Ҳеч бир аъзомиз «биз фалон соҳада ожизмиз», деган гапни айта олмайди. Маънавиятни маҳкам ушлаган инсон ҳам, партия ҳам «ожизман!», деган гапни айтишга ҳаққи йўқ.
Дунёни, жамиятни маънавият қутқаради. Ҳозирги ислоҳотларнинг натижаси ҳам маънавият орқали бўлади, маънавият кўчалари олиб боради ўша ёққа. МТДП ана шу маънавият кўчасини ўзининг чорраҳаси, деб билади. Бугун ҳеч қандай майда-чуйда гаплар, важ-карсонларга ўрин қолгани йўқ. МТДП(нинг президентликка номзоди) тарихий ва сиёсий нуқтаи назардан ҳам, маънавий нуқтаи назардан ҳам сиёсий майдонга тушишга тайёр.
Феруза Муҳамеджанова, МТДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари
Биз 2019 йилги парламент сайловларидан кейин президентлик сайловларида қандай иштирок этамиз, деб ўйлай бошладик. Энг асосий ишимиз «президентликка номзод ким бўлади?», деган саволга жавоб қидиришдан бошланди. Жуда кўп муҳокама бўлди. Партия ичида юрган, анчадан буён сиёсий жараёнларни кузатган инсон сифатида айтишим лозимки, президентликка бўлажак номзод масаласи бу қадар чуқур, бу қадар кенг муҳокама этилмаган... Бутун партия тизимимизда, барча фаоллардан кенгашган узоқ маслаҳатлашувлар асосида биз бир хулосага келдик...
Алишер Қодиров «Жиззах» иқтисодий зонасини ташкил этишда фаол иштирок этган. 18 ёшгача болалар тарбиясини ташкил этиш бўйича уч китобдан иборат қўлланма муаллифи. 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган даврда тарбия ва таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш бўйича узлуксиз тарбия концепциясини ишлаб чиқишда иштирокчи бўлган. «Давлат тили тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги, «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги, ОАВда ҳақорат ва ёлғонларни тарқатишнинг олдини олиш билан боғлиқ қонун лойиҳаларини қабул қилишда фаол иштирок этган.
У «Миллий тикланиш»да қандай ишларни амалга оширган деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин. Марказий Кенгашдан то энг қуйи тузилмамизгача ҳар биримизнинг иш хонамиз ижод хонасига айланган десам хато бўлмайди. Биз ҳар қандай муаммони биргаликда ҳал эта олишни ўргандик. Алишер Қодировнинг партия тизимида амалга оширган энг муҳим ишларидан бири ортиқча қоғозбозлик ва расмиятчиликдан ҳоли меҳнат шароити яратилишига эришилди. Жуда катта ҳужжатлар номенклатурасини ихчамлаштириш масаласи бевосита партия раҳбари ташаббуси.
Партияда ишлаётган аёлларнинг иш вақтини бир соатга қисқартириб, партия аъзоларининг 49 фоизини аёллар ташкил этишига эришдик. Менимча, тизимида бу қадар аёллар кўп бўлган партия Ўзбекистонда бармоқ билан санарли. Партия ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ОТМга контракт асосида қабул қилинган ходимларнинг шартнома пулларини тўлаб бериш ташаббусини илгари суриб, амалиётга жорий этди. Ходимларни аттестациядан ўтказиб, штатлар қисқартирди, натижада партия тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг иш ҳақлари икки бараварга ошди.
Шаҳноза Жўлдасова, Ёшлар парламенти раиси
Алишер Келдиевич бошчилигида партиямиз ёшлар билан ишлаш бўйича янги босқичга кўтарилди. Ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, айнан партиянинг қўллаб-қувватлаши, ёрдамида ўзимнинг янги қирраларимни кашф қилдим.
Аввалига Ёшлар парламенти раиси ўринбосари сифатида сайландим, биринчилардан бўлиб партиямизда Ёшлар парламенти аъзолари гуруҳини шакллантирдик. Алишер Қодиров бошчилигида 20 га яқин қонун лойиҳаларига таклиф киритганмиз, 50 дан ортиқ ҳудудларда ўрганиш тадбирлари амалга оширилган.
Бундан аввал Ўзбекистон тарихида ёшларнинг партия ҳаётида бунчалик фаол иштирок этиши кузатилмаган.
Шуҳрат Ризаев, Ўзбеккино миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, партия марказий кенгаши аъзоси
«Миллий тикланиш» дастлабки ташкил этилган пайтларидан бир мақсадга — шахсларни тарбиялашга хизмат қилиш, шахсларни етиштириш, шахсларнинг фикрини майдонга чиқиб, уни амалга ошириш учун курашишга йўналтирилган партия эди. Ана шу ҳаракатларнинг бардавомлигида бугун партия раҳбари Алишер Қодировнинг ўзига хос ўрни, мавқейи, ёндашувлари, қарашлари бор.
Қодировга 2011 йили Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқиганида сабоқ берганман. Дарсда, албатта, қайсидир йигит-қизнинг ўз ҳислатлари билан бўртиб, алоҳида кўринаётганини ҳис қиласан. Алишер Келдиевичнинг мана шундай ўзига хос жиҳатлари борлигини ўша пайтдаёқ ҳис қилгандим. Бу хусусиятлар айнан партияга раҳбарлик давомида ҳамда Маънавият ва маърифат марказини бошқарганида яққол кўринди. Ўзбекистонда маънавий муҳит мўътадил бўлса, бунда ушбу ташкилотни бошқарган Алишер Қодировнинг ҳам ўрни, ҳиссаси бор.
Алишер Қодировнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан бу ерда танишиш мумкин.Мақсуда Ворисова ҳақида
Элмира Боситхонова, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари
Президентликка номзод бўлишга муносиблик Мақсуда Азизовнанинг характерида бор, у тиббиёт ходимининг нақадар ижтимоий масъул эканлиги тўхтовсиз исботланаётган бугунги кунда ўзининг шифокорлик фаолияти билан шу муносибликни доимо кўрсатиб келган. Оддий умумий амалиёт шифокори бўлиб бирламчи тизимда — бугун бирламчи тизим нақадар муҳим экани ва у миллатни касалланишдан, баъзи ҳолларда ўлимдан сақлаб қоладиган тизим эканлигини алоҳида эътироф этмоқчиман — ана шу бирламчи тизимда ҳам муносиб ишлаб, хонадонма-хонадон юриб, инсон дардини кўриб, тажрибасини орттирган.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари бўлиб ишлаётганимда мени энг кўп безовта қиладиган ҳам Мақсуда Азизовна эди. Бу киши «ўтиб кетади, муаммо ўзи тўғриланиб қолар, шунча кунгача ҳам ўзгартириб бўлмаяпти-ку», деб ўтирмасди; ҳар бир муаммони охиригача талаб қилиб, эшикни тақиллатиб, эшик ёпиқ бўлса, уриб кириб, бемалол ўз позициясини кўрсатар ва принципиал ёндашув орқали натижага эришарди, буни ўзим ҳам кўрганман.
Депутат бўлди, қўмита раисининг ўринбосари бўлди. Бирламчи тизимнинг нақадар муҳимлигини давлат, ҳукумат, аҳоли биляпди, аммо сўнгги 10-15 йилда бирламчи тизимни анча ночор қилиб қўйган эдик. Ана шу ночорликка ўрганиб қолиб, «бўлгани шу энди, молиявий имкониятлар етмаяпти», деб кўниб ўтирмай, муносиб депутатлик шижоати, фазилатлари билан кечани кеча, кундузни кундуз демай, ҳатто мазаси бўлмаса ҳам, Молия вазирлигида кечаси билан ўтириб чиқиб, ўз позициясини ҳимоя қилиб, эмлаш ҳамшираларини тиклашга аҳамият берган эди.
Чақирув ёшидаги фарзандларимизни тиббий кўрикдан ўтказишда шифокорларни деярли йўқ қилиб юборган вақтимизда улардан саккизта лавозим эгасини қайта тиклашда Мақсудахон ҳиссалари кўп бўлганини эслатиб ўтмоқчиман. Шунингдек, дояларни қайтаришда ҳам жуда катта ҳаракат қилди. Дояларимиз йўқ эди. Йилига 800 мингга яқин ҳомиладорнинг кўзи ёрийдиган болажон мамлакатда дояларнинг кам бўлиши муаммо, албатта. Мақсуда Ворисова бу муаммони ечишда ўзининг депутатлик позициясини кўрсатиб, мақсадга эришди — дояларимиз қайтиб келди.
Номзоднинг муносиблигини мен сизларга яна қайта ва қайта такрорламоқчиман. Агар сиёсий жараёнга кириб бораётган шахс шифокор аёл ва она бўлса, унинг ниятлари ва ҳаракатлари нақадар эзгу бўлишини исботлаб ўтирмоқчи эмасман.
Мақсуда Ворисованинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан бу ерда танишиш мумкин.
Изоҳ (0)