Россия президенти Владимир Путин Украинанинг фуқаролик инфратузилмасига зарба беришни тўхтатиш таклифини ўрганишини айтди. У бунинг учун Киев билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бориш кераклигини истисно қилмади. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.

Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ Кремлга “фуқаролик инфратузилмасига узоқ масофали дронлар ва ракеталар орқали ҳар қандай ҳужумлардан 30 кун муддатга, кейинчалик узайтириш имконияти билан, воз кечишни” таклиф қилган эди.
Бу масалани ҳал қилиш керак, чунки бу — синчковлик билан ўрганилиши лозим бўлган мавзу, эҳтимол, икки томонлама тарзда ҳам, деди Путин.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг аниқлик киритишича, Путин айнан Украина билан музокараларни назарда тутган.
Шу билан бирга, Россия президенти Украина гўёки фуқаролик объектларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланаётганини айтди ва 13 апрель куни Суми вилоятига Россия армияси томонидан берилган зарбани эслади.
Мана, масалан, қуролли кучларимизнинг Суми вилоятидаги конгресс-марказга берган зарбаси ҳаммага яхши маълум. Бу фуқаролик объектими ёки йўқми? Фуқаролик. Аммо у ерда Курск вилоятида жиноят содир этганларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деди Путин.
35 киши, жумладан, болалар қурбон бўлган ракета ҳужумини Россия президенти “ҳақли қасос” деб атади.
Бу айнан уларни жазолаш учун қилинган, дея таъкидлади у.

Суми маъмурияти 13 апрель куни шаҳарда Украина Қуролли кучлари жангчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтганини тан олди ва улардан камида икки нафари ҳалок бўлганини маълум қилди. Бироқ, расмийларга кўра, қурбонларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари бўлган, чунки ҳарбийлар бошпанага тушишга улгурган.
Суми вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Владимир Артюх шаҳарда ҳарбийларни тақдирлаш режалаштирилганини тасдиқлади. Шундан сўнг президент Зеленский ўз фармони билан Артюхни ишдан бўшатди.

Путин, шунингдек, 4 апрель куни Кривой Рогга уюштирилган ҳужумда 21 киши, жумладан, тўққиз бола ҳалок бўлганини назарда тутган ҳолда, қандайдир ресторанга зарба берилгани ҳақида гапирди.
Ресторанда йиғилишлар, учрашувлар, ҳарбийлар маслаҳатлар ўтказади, байрам қилишади, ароқ ичишади ва ҳоказо. Ана ўша жойга ҳам зарба берилди. Бу фуқаролик объекти эмасми? Фуқаролик. Аммо нишон ким эди? Ҳарбий, деди у.
Россия Мудофаа вазирлиги Кривой Рогга зарба бериш мақсади гўёки украиналик ҳарбийлар “ғарб инструкторлари” билан тўпланган “Магеллан” ресторани бўлганини даъво қилди. Бироқ бу версияга ҳеч қандай далил йўқ.
Украинада “Пасха сулҳи”
Россия президенти Путин 19 апрель куни Пасха байрами муносабати билан 19 апрель соат 18:00 дан 21 апрель соат 00:00 гача сулҳ эълон қилди. Ушбу 30 соатлик даврда Россия қўшинларига барча жанговар ҳаракатларни тўхтатиш буюрилди, деб хабар берди Кремль матбуот хизмати.
Украина президенти Владимир Зеленский армия бош қўмондони Александр Сирскийнинг ҳисоботига таяниб, Россия штурмлар уюштириш, ўққа тутиш ва дронлардан фойдаланиш орқали ўзи эълон қилган сулҳни 2000 мартадан ортиқ бузганини таъкидлади.
Шунга қарамай, 20 апрель, якшанба куни ҳаво таҳдиди ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш берилмади, деди Зеленский.
Россия томони, ўз навбатида, Украина Қуролли кучларини “Пасха сулҳи”ни кўп марта бузганликда айблади. Шундан сўнг Украина раҳбари фуқаролик объектларига узоқ масофали дронлар ва ракеталар билан 30 кунга ҳужум қилмасликни таклиф қилди.
Изоҳ (0)