Европа мамлакатлари ҳукуматлари Исроил ҳокимиятининг Ғазо секторидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттира олмаслиги мумкин. Бу ҳақда Европа ташқи алоқалар кенгашининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича дастур директори Жулен Барнс-Дейсига асосланиб Bloomberg агентлиги хабар бермоқда.

Агентлик таҳлилида Европадаги Исроилнинг “энг содиқ тарафдорлари” Ғазодаги урушга қарши тобора кўпроқ салбий фикр билдирмоқда. Bloomberg тобора кўпроқ давлатлар Европа Иттифоқини Исроилга қарши санкциялар киритишга чақираётганига эътибор қаратди.
“Кўплаб Европа ҳукуматлари учун Исроил хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатъий ва доимий мажбуриятларга қарамай, Исроил урушини қўллаб-қувватлашни давом эттириш мутлақо имконсиз бўлиб қолди”, дея Барнс-Дейсининг сўзларини келтиради агентлик.
Хусусан, агентлик номи ошкор этилмаган маълумотларга таяниб, май ойи ўрталарида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатига қарши операция бошлаганида, Германия Федератив Республикаси расмийларининг Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукуматидан норозилиги кучайганини қўшимча қилган.
Таъкидланишича, шу билан бирга, Европа ҳукуматлари Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда ва Европа Иттифоқи санкциялари “Венгрия каби мамлакатлар” томонидан қаршиликка учраши эҳтимоли юқори.
“Бундан ташқари, қурол экспортини қисқартириш бўйича ҳар қандай чора-тадбирлар Европа мудофаа компанияларига зарар етказиши мумкин, шу билан бирга, Европага ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва бошқа ҳарбий ускуналарни сотаётган Исроилнинг жавоб чораларини келтириб чиқариш хавфини туғдиради”, дея таъкидлайди агентлик.
Расман Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги тинчлик келишуви 1 мартда тугади. Бироқ воситачиларнинг томонларни сектордаги вазиятни ҳал қилиш бўйича музокараларни давом эттиришга жалб қилиш уринишлари туфайли жанглар қайта бошланмади.
18 мартга ўтар кечаси Исроил Мудофаа кучлари Ғазо секторига зарба беришни қайта бошлади. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳужумлар ҲАМАСнинг АҚШнинг ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш ва гаровга олинганларни озод қилиш режасини қабул қилишдан бош тортгани сабабли давом этганини маълум қилди.
Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасига кўра, Исроил бомбардимонни қайта бошлаган 18 мартдан бери секторда 3,7 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 10,7 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.
Изоҳ (0)