Исрои мудофаа вазири Исроил Кац 19 июнь кунги ҳужумлардан кейин Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни “замонавий Гитлер” деб атади. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.

Кацнинг сўзларига кўра, Хоманаий “бундан кейин мавжуд бўла олмайди”, Исроил операциясига кўра у йўқ қилиниши лозим.
Урушнинг мақсади — ядровий таҳдидни бартараф этиш, вайронагарчилик манбаларини йўқ қилиш ва ракета таҳдидларини зарарсизлантириш. Шу доирада Исроил мудофаа армияси кўрсатма олди ва барча мақсадларга эришиш учун бу шахс (Хоманаий назарда тутилмоқда), шубҳасиз, энди мавжуд бўлмаслиги лозимлигини билади, деган Кац.
Исроил вазири таъкидлашича, “яҳудий давлатини йўқ қилишни режалаштирган” Хоманаийнинг мақсадини амалга оширишига йўл қўйиб бўлмайди.
Агар фашистлар Германияси томонидан уюштирилган Ҳолокост даврида Исроил армияси Гитлер яширинган бункергача етиб бора олганида, уни тортиб чиқариб, йўқ қилган бўлардик. Мен ҳозирги вазиятни шундай кўряпман: Хоманаий — бу замонавий Гитлер, деган у.
Сиёсатчи Эрон олий раҳнамоси ўз мамлакатида катта мафкуравий таъсирга эга экани, у Исроилнинг йўқ қилинишини очиқчасига қўллаб-қувватлаётганини билдирди.
Бунинг учун бор имкониятларни, ҳатто ўз халқи ҳисобидан бўлса ҳам, сафарбар этмоқда. Биз унинг шахсан ўзи касалхоналар ва турар жой биноларини ўққа тутишга буйруқ берганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу ҳужумлар (гап 19 июнь куни Эроннинг Беер Шевадаги “Сорока” касалхонасига ракета ҳужуми ҳақида кетмоқда) статистик оғиш эмас — у буни Исроил давлатини йўқ қилиш миссиясининг бир қисми сифатида кўради, деган Кац.
Маълумот ўрнида, Исроил армияси бир неча бор Ғазо секторидаги шифохоналарни нишонга олиб, бу ҳужумларни ҲАМАС жангариларининг тиббиёт муассасаларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланаётганига асослаб оқлаган.
Хусусан, Аш-Шифа, Индонезия ва Қудс шифохоналари атрофида юз берган ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги рейдлар катта талафотларга олиб келган. Тинч аҳоли орасида қурбонлар қайд этилган. БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу ҳаракатларни кескин танқид қилиб, тинч аҳоли ва тиббиёт ходимларининг ҳаёти хавф остида қолаётганини таъкидлаган.
Изоҳ (0)