Форс кўрфази давлатларида Исроил ёки Қўшма Штатлар Эроннинг ядровий иншоотларига зарба берса, атроф-муҳит ифлосланиши ёки қасос ҳужумлари эҳтимоли ҳақида хавотир кучаймоқда.

Уммонда мессенжер фойдаланувчилари орасида ядровий ҳодиса содир бўлган тақдирда нима қилиш кераклиги ҳақида музокаралар бошланиб кетган. Хавфли ҳолат юз берса, аҳолига “ёпиқ ва хавфсиз жойга (иложи бўлса, деразасиз) кириш, барча дераза ва эшикларни зич ёпиш, кондиционер ва шамоллатиш тизимларини ўчириш” маслаҳат берилган.
Баҳрайнда фавқулодда вазиятлар учун 33 та бомбапаноҳ тайёрланмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб сиреналар синовдан ўтказилди, деб хабар берди 17 июнь куни давлат ахборот агентлиги. Сўнгги ҳафтада ядровий фалокатлар бўйича хавотирлар ортиб, Яқин Шарқдаги оммавий ахборот воситалари радиация сизиб чиқиши билан қандай курашиш бўйича қўлланмаларни нашр этган.
Баҳрайнлик Гарвард Кеннеди мактабининг Яқин Шарқ ташаббуси аъзоси Элхам Фахронинг айтишича, одамлар Исроил ва АҚШнинг Эрон ядровий объектларига зарба бериш истиқболидан анча хавотирда. У биринчи навбатда, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, айниқса, сувнинг ифлосланишидан аҳоли хавотирда эканини таъкидлаган. Эроннинг Бушердаги ягона функсионал атом электр станцияси АҚШ иттифоқчиси бўлган бир қанча араб пойтахтларига, ҳамда Теҳронга яқинроқ жойлашган.
Унинг қўшимча қилишича, бошқа хавотирлар қаторига “Форс кўрфази давлатларидаги АҚШ ҳарбий объектларига Эроннинг жазо чоралари қўллаши” эҳтимоли киради. Бу эса тинч аҳолига таъсир қилиши ва ҳаво ҳудудининг узоқ муддатга ёпилишига олиб келиши мумкин.
Эрон араб қўшнилари билан муносабатлари яхшиланганига қарамай, агар унга Америка ҳарбийлари томонидан зарба берилса, яқин атрофдаги АҚШ манфаатларини нишонга олиши ҳақида яширинча огоҳлантирган. Масалан, Баҳрайнда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари марказий қўмондонлиги жойлашган бўлиб, у нишон бўлиши мумкинлиги айтилган.
Баҳрайн, Қувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларини ўз ичига олган иқтисодий ва сиёсий блок бўлган Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши 16 июнь куни барча “экологик ва радиологик даражадаги зарур профилактика чоралари кўрилишини” таъминлаш учун Қувайтда жойлашган Фавқулодда вазиятларни бошқариш марказини ишга туширган.
БАА ташқи ишлар вазири шайх Абдуллоҳ бин Зоид Эрон ва Исроилнинг “чегарадан ташқарига чиқиши мумкин бўлган ўйламасдан ва нотўғри ҳисоб-китоб қилинган ҳаракатлари хавфидан” огоҳлантирган. Қатар ташқи ишлар вазирлиги вакили, шунингдек, Форс кўрфази мамлакатлари сувларига таъсир қилиши мумкин бўлган “ҳисоб-китоб қилинмаган” зарбалар ҳақида хавотир билдирган.
Араб мамлакатларининг қарийб 60 миллион аҳолиси ичимлик, ювиниш ва фойдаланиш учун Форс кўрфазининг чучуклаштирилган денгиз сувидан фойдаланади. Март ойида америкалик журналист Такер Карлсон Қатар бош вазири Муҳаммад ал-Сонийга Бушердаги атом электр станцияси “портлатилса” нима бўлиши ҳақида савол берганди.
“Сув бутунлай ифлосланган бўларди... Сув йўқ, балиқ йўқ, ҳеч нарса йўқ, унда ҳаёт ҳам бўлмайди”, деган Ал Тани.
Қатар бош вазири ўшанда мамлакат аввалроқ Эроннинг шикастланган атом электр станцияси уларга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини таҳлил қилиш учун хавфли машғулотлар ўтказганини айтганди.
Изоҳ (0)