Эрон билан уруш Исроилга кунига юзлаб миллион долларга тушмоқда, бу эса яҳудий давлатининг узоқ муддатли жанговар ҳаракатлар олиб бориш қобилиятини сезиларли даражада чеклаши мумкин. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

Хабарга кўра, Исроил кунига 200 миллион долларгача маблағни ҳаво мудофаасига сарфламоқда. Ҳам зарба бериш, ҳам ракеталарни қайтариш учун ишлатиладиган ўқ-дорилар ва самолётлар ҳам харажатларни сезиларли даражада оширади. Ўсиб бораётган харажатлар Исроилни можарони тугатишга ундаши мумкин. Чунки вайрон бўлган биноларни тиклашнинг ўзи камида 400 миллион долларга тушиши кутилмоқда.
Бироқ яҳудий давлатининг урушга сарфлаётган маблағи бўйича прогнозлар турлича. Финанcиал Эхпресс нашрининг ёзишича, авиазарбалар, парвоз вақтлари ва ўқ-дориларни ўз ичига олган ҳужум ҳаракатларининг ўзи тахминан 593 миллион долларга тушди.
Бундан ташқари, ракеталарни тутиб олиш ва захира қўшинларини тезда жойлаштириш ҳам маблағ талаб этади. Шундан келиб чиқиб нашр Эрон билан уруш Исроилга кунига тахминан 725 миллион долларга тушаётганини ёзмоқда. Бу рақам фақат бевосита ҳарбий харажатларни қамраб олади.
Собиқ мудофаа бўйича катта амалдор ва САХАЛ штаб бошлиғининг молиявий маслаҳатчиси Реъэм Аминач айтишича, Исроил Эронга қарши биргина 48 соатлик операцияда 1,45 миллиард доллар сарфлаган.
Ғазога қарши уруш харажатлари
Calcalist нашрига кўра, Ғазодаги уруш 2024 йил охирига келиб Исроилга 250 миллиард шекелдан ортиқ (тахминан 67,5 миллиард доллар)га тушган. Бу умумий сумма бевосита ҳарбий операциялар, фуқароларга ёрдам учун сарфланган маблағлар ва уруш туфайли иқтисодий узилишлардан келиб чиққан даромад йўқотишларини ўз ичига олади.
Захира қўшинларини сафарбар қилиш энг катта харажатлардан бири бўлган. Ғазо уруши давомида 300 мингдан ортиқ захира аскарлари сафарбар этилган. Исроил Молия вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, 100 минг нафар аскарни бир кун сақлаб туриш — иш ҳақи, логистика, озиқ-овқат ва яшаш харажатларини қўшганда — 100 миллион шекелгача, яъни тахминан 27 миллион долларга тушади
Изоҳ (0)