Польша бош вазири Матеуш Моравецки Россия қўшинлари Украина ҳудудини тарк этиши кераклигини айтди. Бу ҳақда сиёсатчи El Mundо нашрига берган интервьюсида гапирди.
Моравецкининг сўзларига кўра, уруш Россия Украинадан ўз армиясини олиб чиқишга қарор қилганида ва “ихтиёрий ёки мажбуран” якунланади. Журналистларнинг “мажбурий” вариант учинчи жаҳон урушига олиб келадими ёки йўқми деган саволига сиёсатчи Польша барча сценарийларни кўриб чиқаётганини қайд этди.
“Биз барча сценарийларни кўриб чиқамиз. Агар Кремлнинг ғалабасига йўл қўйсак, Россия империализми Украинада тўхтаб қолмаслигига шубҳам йўқ. Россия барча қўшнилари учун таҳдиддир”, — деди Моравецки.
Аввалроқ Польша ТИВ Украина Россия устидан ҳарбий ғалаба қозонган тақдирдагина Европа шарқида барқарор тинчлик ўрнатилиши мумкинлигини маълум қилганди. Вазирлик вакили Россия ҳамон Иккинчи жаҳон уруши давридаги тамойилларга амал қилиши, бу 70-80 йил аввал содир бўлган воқеаларнинг давоми эканини таъкидлаган.
Изоҳ (0)