Тошкентда содир бўлган кучли шамол оқибатида дарахт фуқарони босиб қолди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида фуқаро вафот этган. Шифокор Мурод Қодировнинг таъкидлашича, шифохонага дарахт босиб қолган икки нафар бемор олиб келинган.
“Улардан бири оғир аҳволда олиб келинган ва шифохона қабулхонасида вафот этган. Иккинчи беморимизда бош-мия жароҳати мавжуд. Узоқ муддатли жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозирда беморнинг аҳволи стабил-оғир, реанимация бўлимида даволанмоқда”, дейди шифокор.
Маълумот учун, 23 май, жума куни тонггида пойтахтда кучли чангли шамол кузатилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 17 май куни тушдан кейин чанг бўрони кузатилган эди.
Тошкентда чанг бўрони пайтида нималар бўлди?
Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида биринчи ўринга чиқди. ССВ бу вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмасликка чақирди. Зарурат сезганда “103” хизматига қўнғироқ қилиб, тиббий ёрдам олишлари мумкинлигини билдирди. Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси ҳам чанг пайти ташқарига чиқмасликни, кўчага чиққанда тиббий ёки респиратор тақишни сўради. Уйда ҳаво намлагичлардан фойдаланиш ёки хонага ҳўл сочиқ илиб қўйиш, кўпроқ сув ичиш тавсия этилди.
Ноқулай об-ҳаво натижасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир нечта ҳудудларида ҳаёт маромига таъсир этмайдиган кўнгилсиз ҳолатлар кузатилди. Дарахтларнинг қулаб тушиши, йирик шохларнинг синиши, шунингдек, кўча ва йўлакларнинг ифлосланиши ҳолатлари қайд этилди.
Изоҳ (0)