Хитой Буюк Британия, Франция ва Германиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Эронга нисбатан ядро дастури туфайли “зудлик билан санкциялар” механизмини ишга тушириш уринишларига қатъий қарши эканлигини билдирди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лин Сзян маълум қилган.

Вазирлик вакили таъкидлашича, Пекин доимо Эрон ядро муаммосини тинч ва дипломатик йўл билан ҳал этишни ёқлаб келган. Унинг айтишича, санкциялар киритиш томонлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга ва келишмовчиликларни бартараф этишга ёрдам бермайди, аксинча, музокараларни қайта бошлаш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни секинлаштиради.
“Ҳозирги вазиятда Хавфсизлик кенгашининг ҳар қандай ҳаракати янги келишув бўйича музокараларга кўмаклашиши лозим, бунга тўсқинлик қилмаслиги керак”, деди дипломат.
Financial Times газетасининг хабар беришича, 13 август куни Буюк Британия, Германия ва Франция БМТ бош котиби Антониу Гутерришга мактуб йўллаган. Унда агар Теҳрон ўз ядро дастури бўйича музокараларни қайта бошламаса, Эронга қарши санкцияларни тиклашга тайёр эканликларини маълум қилинган
Мактубни Германия ташқи ишлар вазири Ёҳанн Вадефулл, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро ва Буюк Британия ташқи ишлар вазири Девид Лемми имзолаган. Ташқи ишлар вазирлари, Эрон музокараларга қайтишдан бош тортган тақдирда “зудлик билан” санкциялар қўлланиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Шунингдек, “Европа учлиги” (Е3) вазирлари Теҳронга август ойи охирида санкцияларнинг автоматик равишда қайта жорий этилишининг олдини олиш учун муҳлат беришни таклиф қилган.
“Агар Эрон 2025 йил август ойи охиригача дипломатик ечимга эришишни хоҳламаса ёки муддатни узайтириш имкониятидан фойдаланмаса, Е3 давлатлари санкцияларни қайта жорий этиш механизмини ишга туширишга тайёр эканлигимизни аниқ билдирдик”, дейилади мактубда.
Изоҳ (0)