Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Сиёсатчилар халқаро ва икки томонлама кун тартибининг долзарб жиҳатларини муҳокама қилган. Путин 15 август куни Анкориж шаҳрида (Аляска) бўлиб ўтган Россия-АҚШ саммитининг асосий натижалари тўғрисида маълумот берган.
Президентлар суҳбат давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликка ҳам тўхталган. Ўзбекистон ва Россия корхоналарининг устувор кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чоралар кўриш ҳам кўриб чиқилган. Барча даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.
Маълумот ўрнида, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам 17 август куни Россия президенти билан телефонда мулоқот қилди. У Владимир Путинни Аляскадаги саммит натижалари билан табриклади. Тўқаев телефон суҳбатида учрашув АҚШга Россиянинг Украина бўйича позициясини “яхшироқ тушуниш”га ёрдам берганини айтди.
Изоҳ (0)