Исроил армияси Ғазонинг “ҳарбий ҳаракатлар олиб борилувчи” ҳудудларидан аҳоли анклав жанубига мажбуран кўчирилишини билдирди. Бу қарор яҳудий давлати секторни тўлиқ назоратга олиш учун янги ҳарбий операция бошлаганидан бир неча кун ўтиб маълум қилинди.

Исроил армиясининг араб тилида фаолият кўрсатувчи вакили Авихай Адрай БМТ ва бошқа халқаро гуманитар ташкилотлар кўчирилган аҳолига чодирлар етказиб беришини айтди. Бироқ БМТ ҳозирча бу режага изоҳ бермади.
Биньямин Нетаньяху ўтган ҳафта ҳарбийларга ал-Маваси ҳудудида жанговар ҳаракатларни кучайтиришга буйруқ берди. Шундан сўнг анклавга ҳаводан ва қуруқликдан ҳужумлар интенсивлашди. Жумладан, “гуманитар зона” деб эълон қилинган Ал-Мавасидаги қочқинлар лагерига зарбада Мотасем ал-Батта, унинг рафиқаси ва икки ярим ойлик қизи ўлдирилди.
“Фаластин Исломий Жиҳод” ташкилоти Исроилнинг эвакуация қарорини “халқаро қонунларнинг устидан очиқча кулиш ва Ғазони эгаллаш режаси” деб атади.
“Одамларни очлик, қатлиом ва мажбурий кўчириш орқали қочишга мажбурлаш – инсониятга қарши доимий жиноятдир”, дейилади уларнинг баёнотида.

Уруш бошланганидан бери Ғазода камида 61 827 киши ўлдирилган. Уларнинг 251 нафари очлик қурбони бўлган. Гуманитар вазият оғирлигига қарамай, Исроил анклавга гуманитар ёрдам киришини чеклаб келмоқда.
Изоҳ (0)