Покистонда кучли муссон ёмғирлари ва ер кўчкилари оқибатида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳолат юзасидан Покистонга таъзия йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Президент кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Покистон раҳбари Асиф Али Зардарий ва бош вазир Шаҳбоз Шарифга таъзия билдирган. Шавкат Мирзиёев марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.
Покистонда кучли ёғингарчилик оқибатида энг кўп талафот тоғли Хайбер Пахтунхва провинциясида қайд этилган. Камида 74 та уй вайрон бўлган, қутқарув операцияси вақтида эса ҳарбий вертолёт ҳалокатга учраган. Оқибатда бортдаги 5 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Провинция раҳбари Али Амин Гадапурнинг айтишича, ҳалокатга учраган М-17 вертолёти Афғонистон билан чегарадош Бажаур ҳудудига учаётган бўлган.
Покистон метеорология хизмати мамлакат шимоли-ғарбий қисмида 21 августгача кучли ёмғирлар давом этишини маълум қилган. Айрим ҳудудлар фалокат зонаси деб эълон қилинган.
Қўшни Ҳиндистон назорати остидаги Кашмирда ҳам сув тошқинлари жиддий фалокатларга сабаб бўлмоқда. Ҳимолай тоғлари этагидаги қишлоқлардан бирига тўсатдан келган сув тўлқини камида 60 кишининг умрига зомин бўлган, кўплаб одамлар бедарак йўқолган.
Изоҳ (0)