Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2024 йил май ойидан жорий этилган янги тарифларнинг аҳоли энергия истеъмолига таъсирини ўрганди.

Марказ ахборот хизматининг “Дарё”га маълум қилишича, тадқиқотда республиканинг барча ҳудудларидан 3 минг 516 та уй хўжаликлари иштирок этган. Жами 3,5 миллион табиий газ ва 8 миллион электр энергияси абонентларининг истеъмол маълумотлари таҳлил қилинган.
“Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, 2024 йил май—декабрь ойларида электр энергияси истеъмоли 2023 йил мос даврига нисбатан 10,6 фоизга камайиб, 1,3 млрд кВт/соат тежалган”, дейилади манба шарҳида.
Қайд этилишича, илгари ойига 10 минг кВт/соатдан ортиқ электр энергияси истеъмол қилган уй хўжаликлари сони сезиларли даражада камайган. Жумладан, 2023 йилда бундай оилалар сони 80 мингга яқин бўлган. Ўтган йили бу кўрсаткич 15 мингтага камайган.
“Аксарият аҳоли одатдаги меъёрлар доирасида энергия истеъмолидан фойдаланишни давом эттирди. Ойига 200 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилган абонентлар улуши 2023 йилда 71 фоизни, 2024 йилда 72 фоизни ташкил этиб, барқарорлигича қолди”, дея маълум қилди марказ.

Тадқиқот натижаларига кўра, ўтган йили абонентларнинг 58 фоизи 500 куб метргача газ ишлатган бўлса, 2023 йилда бу рақам 54 фоиз эди.
“Тарифларнинг ошиши асосий истеъмол ҳажмининг кескин ўзгаришига олиб келмади. Энг сезиларли пасайиш дастлабки истеъмоли нисбатан юқори бўлган ҳудудларда, масалан, Самарқанд, Тошкент, Андижон ва Наманган вилоятларида кузатилди. Юқори истеъмол даражаси (ойига 10 минг кВт/соатдан ортиқ) бўлган уй хўжаликлари сони сезиларли даражада камайди. Бу эса энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланишга ўтишдан далолат беради”, қайд этган манба
Сўров давомида ҳудудларда энергия таъминоти сифати яхшиланаётгани айтилган. Натижаларга кўра, респондентларнинг деярли ярми электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлашдаги ижобий ўзгаришларни қайд этган.
Уй хўжаликларининг 47 фоизи, хусусан, Сурхондарё (78 фоиз), Сирдарё (70 фоиз) ва Наманган (67 фоиз) вилоятларида электр энергияси таъминоти яхшиланганини билдирган. Респондентларнинг 39 фоизида табиий газ таъминоти яхшиланган. Энг юқори кўрсаткичлар Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида (ҳар бири 68 фоиз) ҳамда Жиззах вилоятида (60 фоиз) кузатилган.
Аҳолининг 45 фоизини, жумладан Сирдарё (73 фоиз), Сурхондарё (62 фоиз) ва Наманган (59 фоиз) вилоятларида маиший истеъмолдаги суюлтирилган газ билан таъминлаш яхшиланган.
Сўровда қатнашганларнинг 31 фоизи уйига энергия тежамкор маиший техника сотиб олганини билдирган. Бунда энг катта улуш Жиззах (60 фоиз), Навоий (59 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистонда (54 фоиз) кузатилган.
Марказ аҳолида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга қизиқиш ортиб бораётганини ҳам қайд этган. Республикадаги 64 минг уй хўжаликларида умумий қуввати 223,4 МВт/соат бўлган қуёш панеллари ўрнатилгани аниқланган. Уларда йиллик ишлаб чиқариш 313 млн кВт/соатни ташкил этади, бу орқали 104 млн куб метр табиий газ тежалади.
Таҳлил қилинишича, республикада 1,9 млн уй хўжаликларида қуёш панеллари ўрнатишга талаб мавжуд. Бу 2,3 млрд доллардан ортиқ ички бозорни шакллантириш истиқболларини очади.
Изоҳ (0)