Чернобиль фожиасидан буён 30 йилдан зиёд вақт ўтди, лекин унинг оқибатлари ҳануз сезилмоқда. Экотизим ва одамзотга таъсиридан ташқари ушбу фалокатнинг яна бир жиддий акс-садоси мавжуд. У ҳам бўлса, эндиликда одамлар атом энергетикаси ва у билан боғлиқ бўлган радиация хавфидан қаттиқ қўрқиб қолганидир. Чернобиль фожиасидан буён радиацион хавфсизлик борасида қандай ўзгаришлар рўй берди? Қандай нурланиш дозалари хатарли ва умуман, АЭС яқинида яшаш мумкинми? «Дарё» ушбу саволлар юзасидан «Postnauka.ru» нашрида эълон қилинган мақолани таржима тариқасида тақдим этади.
Радиация хатарли эканини одамлар қачон англади?
1895 йилда Вилгелм Конрад Рентген рентген нурларини кашф этди ва бу дарҳол тиббиётда қўлланила бошлади. Орадан бир йил ўтибоқ, Анри Беккерел уран тузларидаги табиий радиоактивликни очди. Шу пайтдан бошлаб, радиация ҳодисаси юзасидан фаол тадқиқотлар бошлаб юборилди. Бир неча йил ўтиб, Пьер ва Мария Кюрилар радийни кашф қилди ва шу билан бирга, унинг шифобахш хоссаларини ҳам аниқлашди.Яъни тўқималарнинг тикланиш жараёнини тезлатар экан. Радийни одамлар худди «ҳаёт эликсири» деб қабул қила бошлади. Радийли кремлар, лаб бўёқлари ва ҳатто, радийли тиш пасталари ҳам пайдо бўлди. Сув, нон ва турли ҳапдориларга ҳам радий қўшила бошлади. Жамиятдаги бундай «радий эйфорияси» бир неча ўн йил давом этди.
Вақт-вақти билан радиациянинг ножўя таъсирлари ҳақидаги хабарлар юзага чиқа бошлади. Масалан, 1920 йилларда соат ишлаб чиқарувчи бир корхонада ишлаган қизлар, соат кўрсаткичларини тунда ҳам кўринадиган қилиш учун унинг сиртига радийли бўёқ суртиш билан шуғулланди. Улар ўз тирноқларини бўяш учун ҳам шу бўёқдан фойдаланиб турди.
Тирноқ бўямаганлари ҳам қўли билан чўтка учини тўғрилашга урингани учун ушбу бўёққа қўл теккизган эди. Орадан маълум муддат ўтиб, ўша қизларда оғиз бўшлиғидаги турли касалликлар юзага кела бошлади. Қизлар компанияни судга берди. Ҳозирда улар «радийли қизлар» номи билан тарихга кирди.
Яна бир ҳолат америкалик голф устаси Эбен Байерс билан юз берди. У ўз саломатлиги ҳақида қайғуриб, кунига уч қадоқ радийли сув ичди. Бир неча йил ўтиб, спортчи радийли заҳарланишдан ўлди. 1923 йилга келиб, 120 нафар рентгенолог врачнинг нурланишдан ўлими қайд этилган эди, чунки улар ишлаган рентген аппаратлари нурланишдан яхши ҳимоя қилмасди. Ўша пайтлардаёқ мутахассисларга радиациянинг хавфли бўлиши мумкинлиги маълум бўлган эди.
1928 йилга келиб, рентген нурланишлари ва радийдан ҳимоя қилиш бўйича халқаро қўмита ташкил қилинди. Қўмита радиациянинг хатар даражаларини аниқлади ва унинг ножўя таъсирларидан ҳимояланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди. Бу ташкилот ҳозирда ҳам мавжуд бўлиб, у «Радиологик ҳимоя бўйича халқаро ҳайъат» (РҲХҲ) деб номланди.
Лекин бу пайтгача ҳам жамиятда радийнинг «сеҳрли» таъсири ҳақидаги иллузия сақланиб қолаётган эди. Жамиятдаги бундай қарашлар фақат 1950 йиллар ўрталарига келиб ўзгара бошлади. 1945 йил августида АҚШ ҳарбийлари Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбалари ташлади. Тўрт йил ўтиб эса СССРда ҳам атом бомбасининг синовлари ўтказилди. Бошқа мамлакатлар ҳам ядро қуролига эга бўлиш учун интила бошлади ва ҳаво, ер ва сувдаги ядро синовлари сони орта бошлади.
Бутунлай йўқ бўлиб кетиш хатари қаршисида жаҳон ҳамжамияти ядровий қуролдан воз кечиш ғоясини ўртага ташлади. 1950 йилларнинг иккинчи ярмида шаклланган халқаро антиядровий ҳаракат атом энергиясидан ҳарбий мақсадларда фойдаланишни бутунлай тақиқлаш ғоясини тарғиб қила бошлади. 1960 йиллар охирларига келиб эса шу каби антиядро ҳаракатларидан кўпчилиги нафақат ҳарбий мақсадларда, балки тинч мақсадлар учун ҳам атомдан фойдаланишга қарши чиқишни бошлади. 1986 йилда содир бўлган Чернобиль аварияси вазиятни баттар ёмонлаштирди.
Антиядро ҳаракати ҳозирда ҳам мавжуд. Шунга қарамай, жаҳон бўйлаб атом энергетикаси ҳажми ўсиб боряпти. МАГАТЭ маълумотларига кўра, 2019 йилда дунё бўйича 443 та реактор электр энергияси олиш мақсадида ишлаб турган ва яна 54 та реактор қурилиш босқичида бўлган эди. Шу сабабли ҳам атомдан тинч мақсадда фойдаланиш борасидаги хавфсизлик масалалари ҳозирда ҳам долзарбдир.
Радиация одамга нимаси билан хавфли?
Радиациянинг ихтиро қилинмаган, балки кашф этилганини ёдда тутмоқ муҳимдир. Радиация — бу табиий ҳодиса. Радиациянинг табиий манбалари ер қобиғида (уран, радий, торий), ҳавода (радон) ва бошқа атроф-муҳит объектларида тарқалган радиоактив элементлар ҳисобланади. Шунингдек, космик нурланишлар ҳам радиация манбаси бўлади. Табиий радиоактив элементлар, масалан, калий ҳар қандай тирик тўқималар таркибида, жумладан, одам организмида ҳам мавжуд бўлади.Табиий радиация одам учун табиий ва ҳатто зарурий ҳамдир. Лекин нурланиш дозасининг сезиларли ортиши билан вазият ўзгарди. Парацельснинг «Ҳамма нарса заҳар ва ҳамма нарса дори ҳамдир, ҳаммасини доза ҳал қилади», деган гапи бизни ўраб турган барча омиллар сингари радиация учун ҳам тааллуқлидир. Масалан, табиий радиоактив газ бўлмиш радон аллақачондан бери санатория-курорт даволаш ишларида муваффақият билан қўлланилмоқда. Шу билан бирга, врачлар радоннинг хатарли концентрацияси йиғилиб қолмаслиги учун яшаш хоналарини тез-тез шамоллатиб туришни тавсия қилади.
Радиация таъсирида тирик организм ҳужайраларидаги муҳим биологик атом ва молекулаларнинг, жумладан, ДНКнинг ионлашуви содир бўлади. Бундан юзага келадиган зарарланишларнинг маълум миқдоргача бўлган даражасини ҳужайраларнинг ўзи бартараф қила олади. Доза ошиб кетса, зарарланишни бартараф қилишнинг имкони бўлмай қолади ва ҳужайра нобуд бўлади ёки мутацияга йўлиқади.
Зарарланган ҳужайра муайян (кам) эҳтимоллик билан, организмдаги мавжуд бошқа «хавфсизлик тўсиқларидан» ошиб ўтиб, саратон касаллиги ривожланишига йўл очиб бериши мумкин. Дозанинг янада ошиб бориши билан зарарланган ҳужайралар сони ҳам шу даражада кўпайиб борадики, организм бу билан кураша олмай қолади ва ўткир нурланиш хасталигининг белгилари юзага чиқишни бошлайди. Енгил ва ўрта даражадаги нурланиш касаллигида одамни даволаб олса бўлади. Ўғир кўринишдаги нурланиш касаллиги одатда ўлим билан тугайди. Доза диапазонлари чегараларини эслаб қолиш жуда осон. Бу – ўндан бир, бир ва ўн зиверт бўлади:
<0,1 зиверт – ножўя таъсирлар аниқланмайди;
>1 зиверт – нурланиш касаллигининг енгил шакли;
>10 зиверт – нурланиш касаллигининг ўта оғир шакли.
Чернобилдаги нурланиш қай даражада хавфли бўлган?
Чернобиль аварияси 1986 йилнинг 26 апрелида содир бўлди ва атом электростанциялари тарихидаги энг йирик фожеа саналади. Чернобиль АЭСдан 30 км радиусдаги масофаларда ҳам радиация даражаси ортиб кетди. Албатта, бундай миқёсдаги авариянинг жуда кўп салбий оқибатлари бўлди, лекин улардан маълум қисми радиация омили билан боғлиқ холос. Жамият учун, айниқса, ижтимоий-психологик оқибатлар оғир бўлди. Бу кўп йиллик комплекс тадқиқотлар хулосасидир.Бу хулоса БМТнинг атом радиациясининг таъсири бўйича Илмий қўмитаси ҳамда Халқаро Чернобиль форуми материалларида қайд этилди. Радиациянинг юқори ва ўта юқори даражалари авария эпицентрида ва унга яқин бўлган жойларда кузатилди. 27 апрелда тахминан 116 минг нафардан иборат аҳоли у ердан кўчириб олиб кетилди. Кейинги ойлар мобайнида эса ҳудуддан яна 234 минг одам кўчирилди. Авария содир бўлган реактор яқинида ишлаган ўт ўчирувчилар ўта юқори нурланиш дозаларига дучор бўлди, лекин эвакуация қилинган одамларда нурланишнинг ножўя таъсирлари аниқланмади.
Реактордан интенсив нурланиш чиқиши 10 кун давом этди. Бу вақт ичида катта миқдордаги радиоактив зарралардан ташкил топган йирик булут ҳосил бўлди. Қатор ҳудудларда радиоактив булутнинг ўтиши чақмоқлар билан тўғри келиб қолди. Натижада, авария жойидан юзлаб километр масофалардаги жойларда ҳам анчайин баланд радиация даражасига эга доғлар юзага келди.
Бу жойларда яшаган одамлар маҳаллий ҳукумат вакилларидан ҳеч қандай огоҳлантириш олмади ва одатий турмуш тарзи билан яшашда давом этди. Шу жумладан, радиация билан зарарланган ўтлоқларда боқилган чорвадан суғорилган сутни истеъмол қилишди. Биринчи ой ичида бунинг натижасида уларнинг қалқонсимон безида сезиларли миқдорда радиоактив ёд моддаси тўпланиб қолиши содир бўлди. Метаболизмнинг ўзига хослиги сабабидан, бу эффект болаларда кучлироқ намоён бўлди.
Умумлаштирилса, Чернобиль авариясининг тўғридан-тўғри талафотлари масштабини мутахассислар қуйидагича баҳолади: аварияга бевосита гувоҳ бўлганлар ва кейин етиб келган ўт ўчирувчилар орасида 134 нафар одам ўткир нурланиш касаллигига йўлиқди ҳамда СССРнинг ушбу радиациядан энг кўп зарарланган бир неча ҳудудларидаги болаларда қалқонсимон без саратони юзага келди.
Чернобиль авариясининг бевосита радиацион таъсири туфайли вафот этганлар сони 25 йил ичида 100 нафардан ошиб кетди (жумладан, авариянинг дастлабки 100 кунида ўткир нурланиш касаллигидан ўлган 28 нафар ўт ўчирувчи ҳамда қалқонсимон без саратонидан вафот этган бир нафар гўдак билан бирга).
Жамиятдаги бу борадаги шаклланган фикр эса ўзгачароқ: одамлар орасида Чернобиль радиациясидан ўлганлар сони юз минглаб ва ҳатто миллионлаб нафар бўлган, деган қараш мавжуд. Жамоатчилик фикри ва илмий нуқтаи назар орасидаги зиддиятни бартараф этишга шу чоққача эришиб бўлмади.
Чернобиль АЭС авариясининг билвосита оқибатларини баҳолаш эса жуда мураккаб. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2006 йилги ҳисоботида, қалқонсимон без саратони билан касалланиш даражаси ортиб бориши прогноз қилинган эди. Мазкур фожиадан зарар кўрган уч мамлакат – Украина, Беларусь ва Россияда 2016 йилга келиб қалқонсимон без саратони касаллиги билан касалланишнинг 11 минг ҳолати қайд этилди.
Ушбу касалланишлар сонининг маълум қисми ўша 1986 йилда организмга тушган радиоактив ёд билан боғлиқ бўлса керак, лекин бу касалликнинг узоқ муддатли ўсиб боришини прогноз қилишнинг ўзи қийин; қалқонсимон без саратони юзага келишининг спонтан хатари аҳоли қарилик кўрсаткичининг ортиши билан ўсиб боради. Чернобиль аварияси оқибатидан юзага келган оққон ҳамда бошқа онкологик бўлмаган касалликлар: катаракта, юрак-қон томир касалликлари ва бошқаларни ўрганиш давом этмоқда.
Ҳозирдаги радиацион хавфсизлик
Радиациянинг рухсат этилган чегаравий даражаси амалдаги радиацион хавфсизлик нормалари билан аниқланади. Кўрсатилган меъёрдан ошиб кетмаган бўлса, радиацион хавфсизлик таъминланган деб ҳисобланади.0,1–0,2 зивертдан кичик бўлган паст дозалардаги радиациянинг зарари ҳақидаги илмий тасдиқлар мавжуд эмас. 1950 йиллар бошида радиацион ҳимоя бўйича Халқаро ҳайъат, ионланувчи нурланишлар манбалари билан ишлайдиган касб эгалари – нур терапевтлари, АЭС ишчилари, материалшунослар, тиббий физиклар ва бошқалар учун табиий радиацияга қўшимча равишда қабул қилинадиган рухсат этилган чегаравий дозасини йилга 0,15 зиверт деб белгилади. Бундан паст дозалар эса саломатликка зарар етказмаслиги кафолатланди. Аҳоли учун рухсат этилган нурланиш дозаси эса бундай касб вакилларига белгиланган нормадан 10 баробар камроқ бўлиши кераклиги белгиланди.
Кейинги йилларда эса жаҳондаги ижтимоий-сиёсий аҳвол жадал ўзгариб борди ва ядровий қуролланиш пойгаси билан бирга, ядро синовлари сони ҳам ортиб борди. 1963 йилга келиб, атмосферадаги умумий табиий радиация миқдорининг етти фоизини, ўтказилган ядро синовлари туфайли чиқарилган радиацион фон ташкил қила бошлади.
Юзага келган янги глобал хатарни англаб етган РҲХҲ 1960 йилларга келиб радиацион ҳимоя борасида янги тамойилларни жорий қилди: унга кўра, одам табиий нурланишдан ташқари, қўшимча нурланишни қанчалик кам олса, саломатлик учун шунчалик яхши деб таъкидланади. Натижада, ҳозирда амал қиладиган рухсат этилган нурланиш дозаси чегаралари табиий нурланиш дозаси билан таққосласа бўладиган даражада ўта кичик миқдорларгача пасайтирилди.
Кўплаб соҳаларда эса зарарли моддалар билан ишлашдаги меъёрий нормативлар ўша моддаларнинг тўғридан-тўғри зиён таъсири туфайли эмас, балки кучли эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан пасайтириб белгиланди. Хусусан, радиацион хавфсизлик борасида ҳам аҳвол шундай. Фавқулодда ҳолатда, масалан, авария рўй берган тақдирда, АЭС ходимлари 0,2 зиверт нурланиш олиши мумкин.
Юқорироқ дозаларда эса онкологик касалликлар хавфи юзага келди. АЭСнинг меъёрий иш режимидаги ҳолати учун ходимлар олиши мумкин бўлган нурланиш дозаси йилига 0,2 зиверт деб белгиланди. Шунга қарамай, атом электр станциясида ишлайдиган ишчиларнинг амалдаги кўрсаткичлари охирги 10 йил ичида барқарор равишда йилга 0,002 зивертдан паст кўрсаткичда бўлиб келмоқда (яъни авария нормативидан юз марта паст).
Аҳоли учун техноген нурланишнинг рухсат этилган чегаравий дозаси йилига 0,01 зивертдан ошмаслиги кераклиги белгиланди. Бу жаҳондаги ўртача йиллик табиий нурланиш дозасидан (0,0024) икки баробардан ҳам камдир. Амалда меъёрий технологик режимда ишлаб турган атом корхоналари яқинида яшовчи аҳолининг йиллик нурланиш кўрсаткичи ўрнатилган меъёрларга қараганда анча паст бўлади.
Спонтан ўзгариб турувчи табиий радиацион фон билан уйғунликда бу каби паст дозали техноген нурланиш даражасини қайд қилиш (ўлчаш) жуда мураккаб бўлиб, шу сабабли у математик усулда келтириб чиқарилади. Масалан, илк атом комбинатлари (1948 йилда қурилган «Майак» ва 1958 йилда қурилган «ГКХ») яқинидаги радиацион фон рухсат этилган чегаравий дозадан ўн маротабалаб пастдир. Атом станциялари яқинида эса минглаб ва ўн минглаб марта паст.
АЭС яқинида яшаш хавфсизми?
Ҳозирги кунда АЭС яқинида истиқомат қилувчиларнинг радиацион хавфсизлигини таъминлашда пухталикнинг катта захираси ҳосил қилинган. Аварияга тўхталадиган бўлсак, радиоактив моддаларнинг атрофга тарқалиши юз бериши мумкин бўлган оғир авария содир бўлиши хавфи жуда кам. Бу хавф авиаҳалокат рўй бериши эҳтимоли билан таққослагулик даражада (1/8 000 000). Статистикага кўра, тижорий авиация – бу энг бехатар транспорт тури ҳисобланади, бироқ мазкур масаладаги жамоатчилик фикри мавжуд фактлардан кескин фарқ қилади: ҳақиқатан ҳам кўплаб одамлар автомобиль ёки поездда юришдан кўра, самолётда учишдан кўпроқ қўрқади.Атом станциялари борасида ҳам вазият тахминан шу аҳволда. 1969 йилдан 2000 йилгача бўлган 30 йил муддат ичида дунёдаги АЭСларда беш нафардан кўп одам ўлимига олиб келган фақат битта авария содир бўлди ва унда 31 нафар одам ҳалок бўлди. Шу муддат ичида гидроэнергетика соҳасида 11 та оғир авария содир бўлган бўлиб, уларнинг оқибатида 30 мингдан зиёд қурбон берилди; иссиқлик энергетикаси соҳасида эса (нефть, газ, суюлтирилган газ) 637 та жиддий авария содир бўлди ва уларда 26 мингдан зиёд қурбон берилди.
Масаланинг яна бир нозик жиҳати бор. Одатда одамлар расмий ахборотга ишонмайди ва улар АЭС билан боғлиқ ҳолатда ҳам ҳақиқат яшириляпти деб ўйлашади. Бу – Чернобиль фожиасидан қолган меросдир. Ҳақиқатан ҳам 1986 йил апрелида СССРнинг сиёсий ҳукумати икки суткадан зиёд вақт мобайнида авария юз бергани факти ҳақида сукут сақлади.
Бир муддат ўтгач эса радиацион зарарланиш кўлами ҳақидаги фактларни яшириб, махфийлаштириб юборишди. Ҳозирда вазият бошқача: аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш мажбурияти қонунчилик билан белгилаб қўйилди. Россиянинг №170-ФЗ Федерал қонунининг 61-моддасида ядро ускунасидаги авария фактини яширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилди.
Яна шуни тушуниш муҳимки, АЭСдаги ҳар қандай носозлик ҳам авария ҳисобланмайди. Аҳолини ёппа огоҳлантириш эса фақатгина аҳолининг радиацион хавфсизлигига таҳдид юзага келганидагина мажбурий бўлади. Бундай таҳдид юзага келмаган бўлса, эксплуатация қилаётган ташкилот ёки унинг бошқарув органлари аҳолини огоҳлантириш борасида ўз ихтиёрига кўра иш тутишга ҳақлидир.
Радиоактив чиқиндилар қай даражада хавфли?
АЭСнинг фаолияти мобайнида радиоактив чиқиндилар ҳосил бўлади. Тегишли чоралар кўрилган бўлса, атом саноатининг радиоактив чиқиндилари аҳоли учун хатар туғдирмайди. Ҳозирда радиоактив чиқиндилар махсус сақлаш жойларида сақланади ва уларнинг бир қисми қайта ишланади. Айрим ҳолларда радиоактив чиқиндилар жойида кўмиб юборилади.Атом корхоналарнинг бутун фаолият циклига нисбатан бундай тадбирдан (чиқиндиларни йўқотишдан) аҳоли учун юзага келиши мумкин бўлган радиацион хатарлар жуда кам бўлиб, бундай чиқиндилар билан ишлайдиган корхоналар яқинидаги радиацион аҳвол ҳақидаги маълумотлар 2030 йилгача бўлган муддатда Россиянинг ядровий ва радиацион хавфсизликни таъминлаш федерал дастури сайтида очиқ ҳолда мавжуд.
Радиацион чиқиндиларнинг муайян, кичик миқдори узоқ яшовчан ва юқори даражадаги фаол моддалар бўлади. Улар билан муомаладаги энг бехатар вариант – бу чуқур тоғ жинслари қаърига кўмиб юборишдир. Юқори радиацион фаолликка эга бўлган радиоактив чиқиндилар масаласини ҳал этилишга тўғри келган барча мамлакатларда чуқур геологик кўмиш варианти танланган. Чунки ҳозирча айтарли бошқа бир самаралироқ усулнинг ўзи йўқ.
Ҳозирда Россияда ҳам чуқурликка кўмиш пунктини ташкил қилишга киришилди. Красноярск ўлкасидаги Нижнеканск тоғ массиви ҳудудида чуқурликка кўмишнинг хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича ерости лабораторияси ташкил қилинмоқда. Лабораториянинг вазифаси барча эҳтимолий хатарларни келгуси миллион йил учун мўлжаллаб баҳолаш ва уларни ҳозирда мавжуд хавфсизлик талаблари билан таққослашдир.
Ташкил қилинаётган ушбу чуқурликка кўмиш пунктига қўйилаётган талаблар АЭСнинг ўзига қўйилган талаблардан кўра ўнлаб ва юзлаб марта қатъийроқдир. Масалан, бундай ерости лабораторияси чегарасидаги аҳоли учун бир миллион йил мобайнидаги нурланиш дозаси 0,1 зивертдан ошмаслиги керак. Амалда ишлаб турган ва хизмат муддати 60 йилдан кам бўлган АЭСлар учун аҳоли нурланиш даражаси чегараси йилига 0,25 зиверт деб белгиланди.
Тан олиш керакки, шу ҳолатда ҳам хавфсизлик даражаси борасидаги жамоатчилик фикри ва илмий фактлар бир-биридан кескин фарққа эга. АҚШнинг Невада штатида жойлашган Юкка-Маунтин ҳудудидаги чуқурликка кўмиш пункти ўн йил аввал фойдаланишга тайёр бўлган эди. Лекин жамоатчилик вакилларининг хавотирлари бу лойиҳага нисбатан шу қадар жиддий тўсиқ қўйдики, натижада объектни шу пайтгача фойдаланишга қабул қилишнинг имкони бўлмаяпти.
Қатор жиддий хатолардан кейин одамлар ўзлари яратган кучли радиация манбалари билан қандай муомала қилишни ўрганиб олди. Ҳозирда радиацион хавфсизлик масаласида пухталик борасида катта захира билан ишланмоқда. Шу билан бирга, жамоатчилик ҳали ҳануз бу борадаги 1960–1970 йилларда шаклланган тасаввурлар билан яшамоқда. Бу вазиятни ўнглаш учун эса фақат илм орқали ҳаракат қилиш керак.
Изоҳ (0)