Ўзбекистонда хавфли саноат чиқиндиларини бошқариш бўйича Саудия Арабистони ва Франция компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳа амалга оширилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг маълум қилишича, Саудия Арабистонининг Vision International Investment (VIIC) ва Франциянинг Суэз интернатионал компаниялари билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Мазкур битим хавфли саноат чиқиндиларини бошқариш бўйича истиқболли лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кўзда тутади. Лойиҳанинг умумий қиймати 78 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, уч босқичда амалга оширилади:
- биринчи босқичда чиқиндиларни барқарорлаштириш ва полигонларга жойлаштириш мажмуалари ҳамда минтақавий узатиш станцияларини яратиш кўзда тутилган;
- ккинчи босқичда чиқиндидан ёқилғи олиш (RDF — Refuse-derived fuel) ускунаси, ёқиш иншоотлари ва иссиқлик билан ишлов бериш корхонасининг муҳандислик олди лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тажриба асосида синовдан ўтказиш режалаштирилган;
- учинчи босқичда эса тўлиқ миқёсдаги чиқиндидан ёқилғи олиш, иссиқлик билан ишлов бериш иншоотини барпо этиш ва ишга тушириш мақсад қилинган.
Suez International — асосан, сув ва чиқиндиларни бошқаришга ихтисослашган, 160 йилдан ортиқ тарихга эга Франция компанияси. У бутун дунёда сув таъминоти ва тозалаш, оқова сувларни бошқариш, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш, жумладан, хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича ечимлар таклиф қилади. Компания Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка, Африка ва Яқин Шарқ минтақаларида кўплаб саноат тармоқларига хизмат кўрсатади.
Vision International Investment Company — 2002 йилда Саудия Арабистонида ташкил этилган йирик инвестиция холдинги бўлиб, 96 миллиард АҚШ доллари атрофидаги активларни бошқаради. Фаолият йўналишлари энергетика, инфратузилма, коммунал хизматлар, сув ресурсларини бошқариш, электр энергияси ишлаб чиқариш, консалтинг ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қамраб олади.
Қайд этилишича, мазкур битимлар стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш, экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилади.
Ўзбекистонда йилига 14 миллион тонна чиқиндилар ҳосил бўлади, лекин уларнинг атиги 4-5 фоизи қайта ишланади. Чиқинди полигонларидан 7 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари атмосферага чиқади, 43 минг тонна заҳарли филтратлар ер остига сингади. Чиқиндиларни қайта ишлаш орқали ҳам унинг табиатга таъсирини камайтириш, ҳам фойда олиш мумкин.
Ўзбекистонда биринчи марта чиқиндидан қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқариш 2022 йилда йўлга қўйилган. У Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида жойлашган. Янги заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 минг тоннани ташкил этади.
Президент фармонига кўра, 2026 йилдан бошлаб чиқинди полигонлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги таклифига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан ташкил этилади. Мамлакатда мавжуд қаттиқ маиший чиқинди полигонларини 2030 йилгача 50 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.
Давлат раҳбари 2024 йилнинг октябрида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишганида “Чиқиндилар тўғри тўпланиб, кўпроқ қайта ишланса, экологик мувозанат яхшиланади, табиат тоза бўлади, жамият ўзгаради”, деб айтганди.
Изоҳ (0)