Бугун, 26 август куни Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи ниҳоясига етди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Иордания раҳбари 25 августда Самарқандга ташриф буюрганди. Меҳмонни президент Шавкат Мирзиёев кутиб олган. Икки давлат раҳбари Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини сайр қилган.
Бугун (26 август куни таҳр.) бўлиб ўтган самарали музокараларда ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор ва истиқболли йўналишлари белгиланди, икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди. Тадбирлар якунлангач, Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди. Шу билан давлат раҳбари Самарқандга сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди, дейилади манбада.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Шавкат Мирзиёев ва Абдулла II ибн ал-Ҳусайн музокаралари бўлиб ўтди. Мулоқотда кимё ва тўқимачилик саноати, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, геология, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, туризм ва бошқа тармоқларда кооперацияни кенгайтиришга келишиб олинган. Икки мамлакат исломшунослик марказлари ва институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Саммитда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши ва визасиз режим жорий қилиниши масаласида ҳам гап борган.
Изоҳ (0)