Жорий йил 1 майдан Ўзбекистонда газ ва электр энергияси нархи қимматлашди. Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров парламентдаги чиқишида тарифлар паст даражада оширилганини айтди. “Ойига 300 кВт/соат электр истеъмоли учун нарх 20 минг сўмга ошди. Мобил алоқа хизматига ҳам камида 35 минг сўм тўланади”, дея таъкидлади ҳукумат расмийси.

Жорий йил 3 июнь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Мажлисда Жамшид Қўчқоров чиқиш қилиб, давлат бюджети ижроси юзасидан маълумот берди. Ҳукумат расмийси сўзи якунида ўзгарган электр энергияси тарифлари юзасидан тушунтириш берди.
Бош вазир ўринбосарининг айтишича, Ўзбекистонда 7,6 миллионта электр энергияси истеъмолчилари бор. Шундан 70 фоизи ойига 300 кВт/соатгача ток ишлатади.
“Тарифлар оширилишида ҳеч қандай жиддий масала кўрмаяпмиз. Агар бир оила ойига 300 кВт/соат ток истеъмол қилса, тўлов миқдори аввалгидан 20 минг сўмга ошади, яъни 180 сўмдан 200 минг сўмга. Республикада мобил алоқа хизмати учун битта абонент камида 35 минг сўм тўлайди. Бир оилада учта телефон бор. Энергия тарифлари паст миқдорда оширилган бўлишига қарамай, ижтимоий ёрдам масалалари ҳам кўзда тутиляпти”, деди вазир.
Жамшид Қўчқоров масалани тушунтирар экан, агар ойига 500 кВт/соат электр токи ишлатилса, тўлов миқдори аввалгидан ошмаслигини айтди.
“200 кВт/соатгача бўлган электр энергияси тарифи 450 сўмдан 600 сўмга оширилди. Бунда истеъмолчи аввалгидан 30 минг сўм кўпроқ тўлайди. Аммо 201 киловаттдан 500 киловаттгача бўлган нарх 900 сўмдан 800 сўмга пасайтирилди. Ўртача оила ойига 500 кВт/соат электр истеъмол қилди дейлик. Нарх пасайгани ҳисобига унинг ойлик харажати ўзгармайди. Яъни у олдин 500 киловатт учун 360 минг сўм тўлаган бўлса, ҳозир ҳам шунча тўлайди”, деди вазирлик раҳбари.
Жамшид Қўчқоров берган маълумотга кўра, мамлакатда ойига 1000 киловатт электрдан фойдаланадиган хонадонлар сони кам.
Аввалроқ 2024 йил май декабрь ойларида электр энергияси истеъмоли 2023 йил мос даврига нисбатан 10,6 фоизга камайиб, 1,3 млрд кВт/соат тежалгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)