Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Янги Ўзбекистоннинг ‘яшил’ ривожланиш модели: атроф-муҳит муаммоларини ҳал этишда қайта тикланадиган энергиянинг ўрни” мавзусидаги панел сессия бўлиб ўтди.

Унда қайта тикланадиган энергия глобал ва минтақавий экологик муаммоларни ҳал этишда қандай ҳисса қўша олиши муҳокама қилинди. Тадбирга BCG бошқарув директори Игор Алексеев модераторлик қилди. Муҳокамаларда Goldwind компанияси бошқаруви раиси Ву Ган, АMEА Power компанияси бошқаруви раиси Ҳусайн Ал-Новайис, EDF Renewableс компанияси Марказий Осиё бўйича вице-президенти Ив Барлиэр, АCWА Power компаниясининг Марказий Осиё бўйича президенти Абид Малик ҳамда Masdar компаниясининг инвестициялар бўйича бош директори Рафаэл Барреау иштирок этди.
Ўзбекистонда иқтисодий ва демографик ўсиш барқарор давом этаётган бир пайтда, 2035 йилга келиб мамлакатда электр энергияси истеъмоли деярли икки баробарга — 68 TVт соатдан 120 TVт соатга ошиши кутилмоқда. Бу эҳтиёжни барқарор таъминлаш учун электр энергиясини ишлаб чиқариш қуввати 20 ГВт дан 55 ГВт гача ўсиши режалаштирилган, шундан 25 ГВт — қайта тикланувчи энергия манбаларидан бўлади.
Шунингдек, электр узатиш тармоқлари узунлиги 11 минг км дан 20 минг км гача кенгайтирилиши кутилмоқда.

“Яшил” энергетикага ўтиш фақат йирик инвестициялар эмас, балки технологик ва институционал ислоҳотларни ҳам талаб этади. Сессия давомида Ўзбекистон ушбу жараёнда дуч келиши мумкин бўлган асосий муаммолар ва уларнинг ечими муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари барқарор инвестицион муҳитни шакллантириш омилларини муҳокама қилди. Бунда аниқ ва узоқни кўзлаган регуляторлик сиёсати, шунингдек, давлатнинг бозор механизмларини ривожлантиришга тайёрлиги алоҳида қайд этилди. Энергия бозорининг улгуржи ва чакана сегментларини ривожлантириш, шу билан бирга, қувват учун тўлов (capacity payments) тизимини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Айни шу механизмлар шамол ёки қуёш энергияси мавжуд бўлмаган вақтда ишлайдиган манёврали генерация қувватлари учун сармоя жалб этишда ҳал қилувчи омил экани таъкидланди.
Йиғилишда “яшил” энергетикани бошқариш учун замонавий рақамли ечимларни жорий этиш муҳимлигига эътибор қаратилди. Хусусан, диспетчерлик тизимлари ҳамда электр энергиясини сақлаш учун батарея (BESS) ечимлари Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши ошган сари барқарорликни таъминлашда энг муҳим воситалар сифатида тан олинди.
2035 йилга бориб Ўзбекистон энергетика соҳасига 50 мингдан зиёд малакали мутахассис зарур бўлиши кутилмоқда. Шу боис, касбий тайёргарлик дастурларини кенгайтириш, маҳаллий истеъдодларни қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири сифатида кўрсатилди.
“Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини интеграция қилиш — бу фақатгина генерация ва тармоқ қувватларини кўпайтириш эмас. Бу, шунингдек, бошқарув тизимлари, янги технологиялар ва маҳаллий кадрлар салоҳиятини ривожлантиришни талаб қилади. Бугун Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ислоҳотларни жадал суръатларда амалга оширмоқда. Мутахассислар таъкидлаганидек, мамлакатда Марказий Осиёдаги “яшил энергетика” етакчисига айланиш учун барча асослар мавжуд”, деди муҳокама якунида BCG раҳбари Игор Алексеев.
Изоҳ (0)