Жиззах вилоятининг Дўстлик ва Бухоро вилоятининг Жондор туманларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Ўзэнергоинспекциянинг хабар беришича, Дўстлик туманида фуқаро Р.Қ. ўз хонадонида товуқ ферма ташкил этиб, газ таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан, газдан ноқонуний фойдаланиб келган.

Ушбу қоидабузарлик натижасида газ таъминоти корхонасига 1 млрд 665 млн сўмлик зарар етказилган.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг хабарига кўра, Жондор туманидаги тиббиёт бирлашмасидаги газ жиҳозларининг сарфи электрон газ ҳисоблаш ускунасининг (ЭГҲУ) максимал қувватидан ошиқча экани аниқланган.

Ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, 1 млрд 113 млн 654 минг сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Ҳолат бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Бундай ҳолатлар сони ортиб бормоқда
Самарқанд вилоятидаги корхоналардан бири 553 миллион сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Шу билан бирга, Қашқадарёда 177 млн сўмлик газ ва “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахслар ушлангани хабар қилинганди.
Шунингдек, Қашқадарёда электрдан ноқонуний фойдаланган корхона давлатга 1 млрд сўмдан зиёд зарар етказган. Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилганди. Шунингдек:
- Бухорода 1,2 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди.
- Қорақалпоғистоннинг учта ҳудудида 845 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди.
- Бухоро ва Жиззахда электрдан ноқонуний фойдаланганлар 360 млн сўмдан зиёд зарар етказди.
- Учта вилоятда қарийб ярим млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди.
2025 йил май ойида ўтказилган текширувлар натижасида истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган 229 та ҳолат аниқланиб, тизимга 94 миллиард 887 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Жумладан, ноқонуний фойдаланишлар натижасида:
- 35,6 миллион кВт соат электр энергияси (тахминан 57,9 миллиард сўм) ва
- 13,2 миллион метр куб табиий газ (тахминан 36,9 миллиард сўм) талон-торож қилинган.
Назорат тадбирлари якунига кўра, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузган истеъмолчилар бўйича 448 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Изоҳ (0)