“Ҳизбуллоҳ” етакчиси Наим Қосим гуруҳни қуролсизлантириш талабини рад этди ва Ливаннинг суверенитети фақат Исроилнинг “тажовузлари” тўхтатилгандагина таъминланишини айтди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Қосимнинг сўзларига кўра, Ливан ҳукумати аввало 2024 йил ноябрида имзоланган ўт очишни тўхтатиш келишувига Исроил риоя қилишини таъминлаши керак. Шундан кейингина миллий мудофаа стратегияси бўйича музокаралар ўтказилиши мумкин.
“Қаршилик Исроилнинг ўз мақсадларига эришишига тўсқинлик қилувчи кучли тўсиқ бўлиб қолади. Исроил Ливанда қола олмайди ёки ўзининг кенгайиш лойиҳасини Ливан орқали амалга оширолмайди”, деди “Ҳизбуллоҳ” раҳбари.
У шу тариқа Ливан ҳукумати ва хорижнинг “Ҳизбуллоҳ” қуролларини миллий мудофаа стратегиясига интеграция қилиш бўйича таклифларини рад этди. Қосимнинг таъкидлашича, аввало Исроил Ливан ҳудудидан чиқиб кетиши, асирларни озод қилиши ва ҳужумларни тўхтатиши керак.
“Агар сиз ҳақиқатан ҳам суверенитетни хоҳласангиз, унда тажовузни тўхтатинг. Бизни душмандан ҳимоя қиладиган қуролларни ташламаймиз. Агар ҳукумат ҳозирги кўринишда давом этса, унга Ливан суверенитетини ҳимоя қилишни ишониб топшириб бўлмайди”, деди Қосим.
Июль ойида Ливан Вазирлар кенгаши армияга йил охиригача “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш режасини тузиш вазифасини юкловчи резолюцияни тасдиқлаган. Мазкур қарор АҚШ ташаббуси доирасида қабул қилинган. Унга кўра, Исроил Ливаннинг жанубидаги айрим ҳудудларни эгаллаб туришни ва мамлакатга кундалик ҳужумларни тўхтатиши керак. “Ҳизбуллоҳ” эса бу қарорни “мавжуд эмасдек” қабул қилишини билдирган.
Изоҳ (0)